Уларнинг аксарияти яқин 6-7 йилда тадбиркорлигини бошлаб, халқимиз орасидан чиқаётган янги Ўзбекистон ишбилармонларидир.
Улар кейинги йилларда соҳа вакилларига яратилаётган қатор енгилликлар, эркинликлардан куч олиб, иқтисодиётимиз локомотивига айланиб бормоқда. Етти йил олдин бошланган амалий ишлар самараси юртимизда ишбилармонлик муҳити тараққий этиб бораётгани, янги-янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилгани, аҳолининг салмоқли қисми шу соҳада меҳнат қилаётганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Ислоҳотлар айни шу оғриқли нуқтадан бошлангани бежиз эмас. Чунки илгари бир тадбиркор иш бошласа, фаолиятига аралашиб, ҳуда-беҳуда текшируви билан тўсиқ қўядиганлардан кўпи бўлмасди. Маҳсулот ишлаб чиқариш, бозор топиш, янги иш ўрни яратиш — барчаси катта машаққат, бу ёқда тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига унинг ишига халал қилишлар, албатта, ривожланиш йўлидаги тўсиқ эди.
Шу боис, 2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда тадбиркорларга муносабат тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эса ушбу соҳада янги босқич, янги имкониятлар эшигини очиб берди. Зеро, ҳужжат билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари, шунингдек, уларни жиноят ишлари доирасида муқобил текширишларнинг барча тури бекор қилинди.
Бу борадаги қатъий қадамлар бири бирига уланди. Соҳа ривожига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди. Соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Ўтган йиллар давомида бизнес юритишга доир 100 дан ортиқ лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади.
Одамларимиз орасида тадбиркорликка қизиқиш ортди. Барча тармоқларда тадбиркорлик муҳити шаклланиб, кичик ва ўрта бизнес ҳаётимизга жадал кириб келди. Айни чоғда мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг асосий қисми хусусий сектор ҳиссасига тўғри келяпти. Ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани хусусий бизнеснинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ошиб бораётганини кўрсатади.
Кутилган ташаббуслар
Тадбиркорлик — қарийб барча соҳалар локомотиви, деган гапда ҳеч бир муболаға йўқ. Аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, замонавий хизматлар кўрсатиш, янги иш ўринлари яратиш масалаларида асосий роль ўйнаётган ишбилармонлик ривожланса, албатта, бошқа соҳалар ҳам гуллаб-яшнайди. Бу ҳақиқатни ривожланган мамлакатлар тажрибаси тасдиқлаяпти.
Кейинги йилларда юртимиз аҳолиси ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга муносабат ўзгарди. Жамиятда уларнинг обрўйи, мавқеи кун сайин ортиб боряпти. Чунки мулк ва мулкдорлар, хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун йўли билан ҳимоя қилиниши янада мукаммаллашди. Ана шулардан келиб чиқиб, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар янги Ўзбекистонда реал воқеликка айланиб боряпти.
Юртимизда 20 август Тадбиркорлар куни этиб белгилангани, шу сана олдидан давлат раҳбари ишбилармонлар билан юзма-юз мулоқот ўтказиши эса соҳа вакилларига билдирилаётган юксак ишонч, ҳурмат-эътибор тимсолидир. Таъбир жоиз бўлса, бу дунёда муқобили йўқ ноёб амалиёт бўлди.
Ўтган йили тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда ишбилармон доира вакиллари томонидан кўплаб таклиф ва ташаббуслар билдирилиб, муаммолар ўртага ташланган эди. Ўтган бир йил ичида бу учрашувда илгари сурилган ташаббусларнинг аксарияти амалга ошди, дейиш мумкин. Масалан, ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинди ҳамда уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими йўлга қўйилди. Туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида мазкур туманлардаги тадбиркорлар ўтган олти ойда қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланган. Бунинг ҳисобидан 20 та тумандаги тадбиркорларнинг даромади ўтган йилдагига нисбатан 1,5-2 баробар ошди, бошқача айтганда, жорий йилнинг биринчи ярмида 7 триллион сўмдан 11,5 триллион сўмга кўпайди.
Қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилгани ҳам ҳазил гап эмас. Айниқса, экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини интизомли экспортчи корхоналарга қайтариб бериш тартиби жорий қилингани натижасида 2 мингдан зиёд тадбиркорнинг ҳисоб рақамига 7 триллион сўм келиб тушган.
Бундай мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо асосийси, натижалар фақат қоғозда эмас, бевосита ҳаётимизда, тадбиркорлар фаолиятида акс этмоқда. Шу боис, соҳа вакиллари навбатдаги очиқ мулоқотни ҳам катта қизиқиш билан кутиб, ўз муаммолари, таклифларини дадил билдирганига гувоҳ бўлдик. Булар асосида давлатимиз раҳбари томонидан бизнес ривожига қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилдики, уларнинг барчаси юртимизда тадбиркорликнинг кенг қулоч ёйиши, ишбилармонлар сафи янада кенгайишига туртки беради. Зеро, мамлакатимизда, ҳар бир туман, маҳаллаларимизда тадбиркорлар кўпайиб боришидан барча манфаатдор.
Илгари сурилган янги ташаббуслар бу борадаги аниқ вазифаларни белгилаб беради. Жумладан, мулоқот давомида тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилиши қайд этилди. Бундай ёндашув бизнес ривожи учун катта туртки беради.
Жойларда сайловчилар билан учрашувларимиз давомида тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти банклардан кредит олишдаги қийинчиликлар тўғрисида бўлади. Очиқ мулоқотда мазкур муаммога ҳам оддий, айни пайтда жуда самарадор ечим айтилди. Эндиликда тадбиркор кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади. Бу оқилона тадбир Ўзбекистонни тадбиркорлар мамлакатига айлантиради.
Шу билан бирга, ўз бизнесини йўлга қўя олган, кредит ва солиқ тарихи тоза тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоиз камайтирилади. Бизнес билан шуғулланаётган юртдошларимиз бу жуда катта енгиллик эканини яхши биладилар, бинобарин, бу янгилик уларни ғоят қувонтиргани бор гап.
Очиқ мулоқотда солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ идоралари ходимларининг ёндашувлари бутунлай ўзгартирилиши ҳам таъкидланди. Келгуси йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади, уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади. Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга камайтирилади. Солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда, пеня ва фоизлар ҳисоблаш тўхтатилади. Бундан ташқари, яна кўплаб енгилликлар, янги шароит-имкониятлар тилга олинди. Бу ўзгаришлар, янгиликлар, халқона айтганда, тадбиркорлар даври келди, қандингни ур, тадбиркор, дегани эмасми?
Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар, юқорида айтганимиздек, наинки тадбиркорлик, балки бутун мамлакатимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Аммо мазкур янгиланишларни амалга ошириш учун барчамиз бирга, ҳамфикрликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шундагина юртимизда тадбиркорлик муҳити янада ривожланиб, ишбилармонлар сафи кенгаяди, бунинг ортидан халқ ҳам, давлат ҳам бой бўлади.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари









