Бугунги глобал дунёда ҳар қандай давлатнинг келажаги унинг таълим тизимига боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши – мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги ислоҳотларнинг навбатдаги стратегик босқичи сари қўйилган муҳим қадам бўлди. Йиғилишда таълим соҳасидаги амалий натижалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг аниқ ечимлари юзасидан атрофлича сўз борди.
Йиғилиш аввалида Давлатимиз раҳбарининг Халқаро оила куни муносабати билан айтиб ўтган сўзлари – таълим масаласининг оила ва жамият билан узвий боғлиқ эканини яна бир бор тасдиқлади. Соғлом муҳитда тарбияланган фарзанд – келажакда соғлом фикрли шахсга, жамият таянчига айланади. Шу сабабдан, мактабгача таълим қамровини 78% га етказиш, оиладаги тарбияни замонавий педагогика билан уйғунлаштириш ғояси давлат сиёсатининг марказий нуқтасига айланганини кўрсатади.
Сўнгги 7 йилда таълим соҳасига ажратилган маблағ 7 баробарга ошди. Жорий йилнинг ўзида бу соҳага 60 триллион сўм ажратилди. Лекин молиявий ёрдам етарли бўлмасада бу ислоҳотлар сифатга айланмаса кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Маҳаллий ва хусусий сектор ҳамкорлигида қурилаётган мактаблар, ўқитувчиларга жорий этилган устамалар, керакли замонавий жиҳозлар – буларнинг барчаси самара бериши учун илмий-методик ёндашув, педагогнинг шахсий малакаси асосий ўринга чиқиши лозим.
Педагогика олийгоҳлари – кадрларни «масъул ва сифатли» тайёрлашнинг асосий манбадир. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Миллий педагогика университети сифатида трансформация қилиниши, Авлоний институтининг янги вазифалари, маҳаллий ва хорижий дастурлар асосида малакани ошириш механизмлари – барчаси нафақат ўқитувчи, балки таълим тизимининг ўзи ҳам трансформация қилинаётганидан далолат беради.
Таълимда «ўқувчи марказ»га айланса, педагог «ўқитувчи эмас, йўлбошчи»га айланиши зарур. Бунинг учун эса устознинг билими, ёндашуви ва кўникмаси жаҳон талабларига мос бўлиши шарт.
Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, ижтимоий тармоқлар таъсирини камайтириш, уларни илм, спорт ва маданиятга жалб қилиш – бу ҳам таълимнинг бир қисми, ижтимоий тарбиянинг давоми ҳисобланади. «Баркамол авлод» мактабларини қайта ташкил этиш, «Рақамли авлод» ва «Заковат» лойиҳаларини кенгайтириш, «Ёшлар туризми ойлиги»ни ўтказиш орқали ёшлар ўз салоҳиятини англайди, шахсий ўсишга интилади.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган «Президент иқтидорли фарзандлари» дастури ҳамда «Гарвардчилар мактаби» – элита таълими концепциясининг амалий ифодаси бўлади. Бу орқали нафақат ўзбекистонлик ёшлар «Топ-10» олийгоҳларга кириш имкониятига эга бўлади, балки уларни мақсадли тайёрлаш, мамлакат келажаги учун етакчи мутахассисларни етиштириш йўли очилади.
Мактаб таълими ислоҳотлари фақат шакл ёки инфратузилма эмас, балки мазмун, услуб ва самарага тааллуқли жараёндир. Замонавий лабораториялар, методик базалар, педагог тренерлар институти, касбий сертификатлаш ва халқаро тажриба – бугун таълимни «манбадан» ислоҳ қилишни англатади.
Бугун мактаб фақат дарс ўтиладиган жой эмас – у келажак пойдевори. Таълим соҳасидаги ҳар бир қарор, ҳар бир ўзгариш мамлакатнинг кейинги 10-20 йилдаги муваффақиятини белгилайди. Президент раҳбарлигидаги таълим ислоҳотлари – бу шунчаки сиёсий қарор эмас, бу миллий тараққиётнинг пойдевори, маънавий тикланишнинг асосий манбаидир.
Сифатли таълим – барқарор жамият кафолати саналади. Унга эришиш учун эса ислоҳотлардан натижа, натижадан эса масъулият талаб этилади.
Рустамжон Раҳимбоев,
Бухоро давлат педагогика институти магистранти









