Таълим мазмуни — тараққиёт мезони

    Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини тарихга айланаётган йил сарҳисоби ва 2021 йилнинг бош режаси сифатида қабул қилиш мумкин.

    Мурожаатномани том маънодаги янгиланаётган Ўзбекистонни яқин йилларда, хусусан, жорий йилда комплекс ривожлантириш, шунингдек, мамлакат тараққиётини таъминлашнинг устувор жиҳатларини белгилаб берган дастур сифатида қабул қилиш ўринли бўлади.

    Таъкидлаш керакки, Мурожаатномада жамиятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳалари қамраб олинган. Жумладан, фан, таълим тизимига тааллуқли бир қатор стратегик аҳамиятга эга йўналишлар белгилаб берилганк. Ундан келиб чиқадиган вазифалар тизимда фаолият олиб бораётган мутахассислардан янгиланаётган Ўзбекистон таълим сиёсатининг мазмун-моҳиятини янада чуқурроқ англашни, уларнинг ижросига нисбатан тараққиёт мезонлари асосида ижодий ёндашувни талаб қилади.

    Инсоният тамаддунининг ҳозирги даврини глобаллашув жараёнларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунга келиб глобаллашув дунё мамлакатларини ривожлантиришнинг мазмун-моҳиятига, стратегияси ва тамойилларига, ёндашув ва услубларига ҳам бирдай таъсирини ўтказаётган куч сифатида намоён бўлмоқда. Глобаллашувнинг моҳиятини ва хусусиятларини чуқур ўрганиш унга мослашиш, йўналишларини керакли тарзда ўзгартириш имкониятини яратади. Бундан кўринадики, глобаллашув жараёнидан ижобий ва ижодий фойдаланишнинг усул ва воситаларини, мехнизмларини илмий асосда ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. 2020 йилда бутун дунёда кузатилган пандемия шароити фикримиз тўғрилигини яна бир карра тасдиқлайди. Албатта, бундай шароитда таълим тизимида глобаллашув жараёнларига мослашувчан, у билан ҳисоблашадиган ислоҳотлар муҳим роль ўйнайди.

    Мурожаатномада таълим соҳасига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бирламчи шарти сифатида эътибор қаратилган. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим”, деган фикрларида таълим ва тарбиянинг жамият ривожидаги муҳим аҳамияти ўз ифодасини топган.

    2021 йилда “Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя асосида қатор йўналишларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

    Жумладан, биринчидан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олий таълим муассасасида сифатли таълим-тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилади, ўғил-қизларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилади.

    Иккинчидан, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.

    Учинчидан, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият берилади.

    Миллий таълим тизимининг кейинги чорак асрдаги фаолиятига назар ташласак, кўплаб ижобий ишлар бажарилганига гувоҳ бўламиз. Бироқ айни пайтда олиб борилаётган ислоҳотлар кўплаб муаммолар йиғилиб қолгани, муайян камчиликлар ҳам бўлганини кўрсатмоқда. Тизимдаги бу нуқсонларни бартараф этиш мақсадида кейинги уч йилдан ортиқроқ вақт мобайнида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларига оид кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мазкур меъёрий ҳужжатларда мактабгача таълимдан олий таълимдан кейинги таълимгача бўлган барча босқич, шунингдек, академик илм-фан ҳам қамраб олинган. Узвийлик ҳамда узлуксизликни таъминлаш орқали таълим соҳасини мазмунан яхлит тизим сифатида шакллантириш назарда тутилган.

    Таълим сифатини тубдан яхшилаш, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмаларнинг илғор халқаро дастурларга мослаштирилишига боғлиқ. Болаларнинг таҳлилий, ностандарт ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун ўзининг янгиланган шакл ва мазмунига эга дарсликлар яратиш зарур. Мурожаатномада қайд этилишича, “Бу борада келгуси ўқув йилида бошланғич синфларда давлат таълим стандарти ўрнига, илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади”. Ушбу чора-тадбирларнинг пировард мақсади эса таълим муассасаси битирувчиларини соф назарий билимлар соҳиби сифатида эмас, балки ҳаётий вазиятларга мослашувчан, мустақил ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмасига эга шахс сифатида тарбиялашни назарда тутади.

    Таълим тизимини ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш шаҳар ва қишлоқ, шунингдек, чекка қишлоқлар ўртасида ўзаро тафовут мавжудлигини кўрсатади. Шу муносабат билан 2021 йилдан бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа — 100 фоиз устама ҳақ тўлаш тартибининг жорий қилиниши мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи ёшларнинг ҳам сифатли таълим олишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш имкониятини беради.

    Кўпгина ривожланган мамлакатларда таълим хизматларига бизнес сифатида қаралади. Дарҳақиқат, таълим бизнесга айлангандагина рақобатбардошлик касб этади. Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда ўқитиш тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг жадал кириб келишини соҳадаги ижобий ҳодисалардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Бундай шароитда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасидаги рақобат тизимнинг ривожланишига хизмат қилади. Мурожаатномада хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилиши белгилаб берилиши таълим тизимида хусусий секторнинг улуши ошишига, бу эса, ўз навбатида, рақобатнинг кучайишига сабаб бўлади.

    Таълим муассасаларида алоҳида қобилиятли ўқувчилар билан ишлаш масаласи ўзига хос эътиборни талаб қилади. Шунинг учун ҳам қобилиятли ўқувчилар билан ишлашнинг ўзига хос педагогик ва психологик жиҳатлари мавжудки, бу худди шу сифатга эга ўқувчилар билан ишлашда алоҳида ёндашувларни талаб қилади. Таълим муассасаларида бу борада олиб борилаётган ишларни кузатар эканмиз, қобилиятли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг қобилиятларини ривожлантириш ва йўналтириш борасида амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўришимиз мумкин. Аслида бу борадаги ишлар тўғри йўлга қўйилган тақдирда ҳам қобилиятли ўқувчиларнинг эҳтиёжини тўлақонли қондириш қийин. Президентимиз томонидан иқтидорли ўғил-қизларимизнинг таълимига алоҳида эътибор қаратилиши ҳам ана шу омиллар билан боғлиқ. 2019 йилдан эътиборан мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган ижод мактабларининг ташкил қилиниши ҳамда бу борадаги ишларнинг тизимли давом эттирилаётгани алоҳида қобилиятга эга ёшларнинг иқтидорини ривожлантириш, уларнинг салоҳиятидан жамият манфаати йўлида фойдаланишдек эзгу мақсадларни кўзлайди. Келгусида эса иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университетни ташкил этиш, ушбу олий таълим муассасасида чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия бериши билан боғлиқ ишларнинг режалаштирилиши бу йўналишда ишлар тизимли олиб борилаётганини кўрсатади.

    Биз айни пайтда илм-маърифатни ривожлантирмасдан ривожланишнинг кейинги босқичларига чиқа олмаймиз. Бунинг учун эса тизимдаги муаммоларни бартараф қилишимиз, таълим-фан-ишлаб чиқариш учлиги ўртасидаги интеграцияни тўғри йўлга қўйишимиз лозим.

    Таълим тизимида узоқ йиллардан бери йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш осон кечмайди. Бунинг учун, аввало, таълимга ёндашув билан боғлиқ қатор масалаларга ижобий ечим топишимиз лозим. Кадрлар тайёрлашда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўзига хослиги ва талабини инобатга олиш, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифни чуқур ўрганиш, уларнинг мутаносиблигига эришиш, таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини тўла таъминлаш, фан ютуқларини тижорийлаштиришга нисбатан эътиборни кучайтириш шулар жумласидандир.

    Юқорида айтилган таълимга нотўғри ёндашув билан боғлиқ масалалар, ўз навбатида, кадрларнинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотида мувозанатнинг бузилиши, амалдаги ўқув режа ва дастурларда номутахассислик фанлари улушининг юқорилиги, ўқув адабиётларининг етишмаслиги, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни амалиётга жорий этиш, илмий ишланмаларни тижорийлаштириш механизмининг кучсизлиги каби муаммоларга сабаб бўлган.

    Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Президентимиз таълим тизими ходимлари олдига олий таълимга қамров даражасини босқичма-босқич ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқув юкламаларини оптималлаштириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллигини таъминлаш, таълимда нодавлат ва хусусий секторнинг ролини ошириш, таълимни коррупциядан холи соҳага айлантириш, нуфузли чет эл олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорликни кучайтириш каби вазифаларни қўймоқда.

    Умуман, олдимизда турган вазифалар жуда кўп. Энг асосийси, ўқув-тарбия тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг замонавий таълимга қўйиладиган талабларга жавоб беришидир. Мурожаатномада педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз ишида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизими жорий этилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, мактаб ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, ўқув юкламалари ва фанларни қайта кўриб чиқиш, уларни халқаро стандартларга мослаштириш, дарслик ва адабиётлар сифатини ошириш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди. Бу ишларни амалга ошириш, аввало, тизимдаги раҳбарлардан замонавий фикрлаш ва хориж амалиётини яхши билишни талаб қилади.

    Давлатимиз раҳбар 2019 йилнинг 23 августида халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Мактаб — бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи... Мактаб иши бу умуммиллий ҳаракатга айланиши керак”, деган эди. Ҳақиқатан ҳам, мактабни ўзгартирмай, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Худди шу йиғилишда Президентимиз педагогика олий таълим муассасаларининг фаолиятига танқидий баҳо бериб, уларнинг мактаблардаги ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштиришдаги роли сезилмаётганини афсус билан қайд этган эди.

    Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу фикрларидан келиб чиқиб, Чирчиқ давлат педагогика институти соҳага инновацияларни жорий қилиш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси самарадорлигини ошириш мақсадида педагогик таълимнинг инновацион кластерини ўзининг асосий стратегик илмий тадқиқот йўналиши сифатида белгилади. Бугунги кунда институтнинг катта илмий жамоаси педагогик таълим инновацион кластерининг илмий-назарий асосларини яратиш, уни амалиётга татбиқ этиш механизмларини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Институт жамоаси белгиланган ўқув жараёни билан бир пайтда кластер тизими доирасида битирувчиларга қўшимча касб ўргатиш борасида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда. Олиб борилаётган илмий тадқиқот ва тажриба-синов ишларининг дастлабки натижалари педагогик таълим инновацион кластери истиқболли лойиҳа эканини кўрсатмоқда. Тошкент вилояти тажрибаси сифатида уни оммалаштириш, шубҳасиз, педагогик таълимда ўзининг ижобий самарасини беради.

    Ғофуржон МУҲАМЕДОВ,

    Чирчиқ давлат педагогика институти ректори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates