Таълим ўзбек тилида бўлмаган мактаб битирувчилари энди давлат тили фанидан мажбурий имтиҳон топширади.
Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг «Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги буйруғида белгиланди.
Ҳужжатга мувофиқ, битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхати, шакли ва муддатлари ҳар ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Бунда ушбу рўйхатга таълим тили ўзбек бўлмаган мактаблар учун давлат тили мажбурий фанлар блокига киритилади.
Якуний давлат аттестацияси доирасида 11-синф битирувчилари мажбурий ҳамда танлов фанлари бўйича якуний аттестациядан ўтказилади. Бунда танлов фанлари рўйхатидан битирувчи олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонидаги ўз танлаган йўналишга мос фанларни танлаши мумкин.
Аттестация фанлари ва шакллари:
9-синф битирувчилари:
- она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) фанидан — ёзма;
- давлат тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун) фанидан — ёзма;
- математика фанидан — ёзма;
- Ўзбекистон тарихи фанидан — ёзма/оғзаки;
- жисмоний тарбия фанидан — амалий шаклда ўтказилади.
11-синф битирувчилари:
- она тили ва адабиёти (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) фанидан — ёзма;
- давлат тили (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун)дан — ёзма;
- математика (асосий) / математика (чуқурлаштирилган) фанидан — ёзма;
- тарих фанидан — ёзма.
Хорижий тиллар ёки умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчилар, ушбу фандан имтиҳон топширишдан озод этилади. Сертификатлар рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.
Якуний аттестацияда кузатув кенгаши ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашишлари мумкин.
Хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.








