Таълим-тарбия бешикдан бошланади

    Кейинги авлод 5 июн 2020 2763

    30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан июнь “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилинди.

    Бу ойликнинг 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан бошланишида рамзий маъно бор. Ёшларга оид давлат сиёсатини болалар таълим-тарбияси, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, таълим-тарбия бешикдан бошланади.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистонда илк бор болаларнинг мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам беришга эришилди. Ушбу натижа халқаро ташкилотлар, хорижий экспертлар томонидан юксак эътироф этилиб, мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамият олдидаги мавқеи юксалишига сабаб бўлди.

    Шу билан бирга, Ўзбекистонда болаларни сифатли таълим билан таъминлаш, мактабгача таълим тизими қамровини оширишда ҳам сезиларли ўзгаришлар бор. Мамлакатимизда
    18 ёшгача бўлган 9 миллиондан ортиқ бола истиқомат қилади. Бугунги кунда умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган болалар сони
    6 миллион 200 минг нафардан ортиқни (99,98%) ташкил этса, мактаб ўқувчилари ўртасида гендер тенглик кузатилишини қайд этиш лозим. ЮНИСЕФнинг таҳлилий маълумотларига кўра, дунёда ҳар 5-6 бола таълим олиш ҳуқуқидан бебаҳра. Таълим олиш имконига эга бўлмаган болалар сони бугун жаҳонда 258 миллион нафарни ташкил этади.

    Дунё болаларининг аксарияти бугунги кунда таълим муассасаларида таъқиб (буллинг)га учраётгани, бу муаммо мамлакатимиз таълим даргоҳларида ҳам кузатилаётгани Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларни ҳам безовта қилиб келмоқда.

    Болалар ва оналар ўлими кўрсаткичлари қисқариши ҳам тиббиёт, оналик ва болалик муҳофазасини таъминлаш масалаларига эътиборнинг амалий натижасидир. Бироқ болаларнинг саломатлигини сақлаш, тўғри овқатланишини ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида ҳали кўп муаммолар ўз ечимини кутмоқда.

    Минг афсуски, ён-атрофимизда болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик ҳолатлари ҳам учраб турибди.
    ЮНИСЕФ маълумотларга кўра, дунёда 25-50 фоиз болалар жисмоний зўравонликка учраганлари ҳақида хабар беришган, ҳар 5 дақиқада дунёда 1 нафар бола ўлдирилмоқда.

    Бугун Ўзбекистон болалари учун хавфсиз яшаш шароити, сифатли таълим ва тиббиёт хизматларини яратиш ишлари тизимли ташкил этиб келинмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятининг устувор йўналишларидан бири “Камалак” болалар ташкилоти негизида болаларнинг истеъдоди ва иқтидорини ривожлантириш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш ишларини тизимли ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олишга қизиқишини орттириш, касбга йўналтириш, лидерлик кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.

    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилотининг ташаббуси билан 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ва “Ёшлар ойлиги” доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман Алия Юнусованинг республикамизнинг барча ҳудудларида истиқомат қиладиган болалар билан очиқ мулоқоти “Болалар пресс-клуби” форматида ташкил этилди.

    Тадбир давомида болаларга ­Ўзбекистон Президентининг 2019 йил
    22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 29 майдаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бўйича батафсил маълумотлар содда тилда тушунтирилди, ёшлар ва ота-оналарнинг саволларига жавоб қайтарилди. Ана шу жараёнда болаларимизнинг ўз ҳуқуқларини билишга бўлган иштиёқи ошиб бораётгани, айниқса, замонавий ахборот технологияларига бўлган қизиқишлари доирасида ҳали ечимини кутаётган муаммолар кўп экани кўзга ташланди. Фарзандларимиз ўзлари билан катталар ўртасида жуда катта девор борлиги, бу деворни йўқотиш учун уларга катталар ўзаро ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, бугунги авлоднинг она тилимиз, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ муаммоларга ҳам эътиборсиз эмасликлари бизни қувонтирди.

    Учрашув давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари ва ҳудудий кенгаш ходимлари томонидан мактабларда Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман фаолиятини йўлга қўйиш, бунда сардорлар салоҳиятидан жамоатчилик асосида фаолият юритаётган вакил сифатида фойдаланиш, Болалар омбудсманининг жойларда болалар билан учрашувлари ва тегишли семинар-тренингларни ташкил этиш каби таклифлар илгари сурилди.

    Юқоридаги таклифларни амалга ошириш, буллинг, маиший, жисмоний, психологик зўравонликдан болаларни ҳимоя қилишда яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида ўзаро англашинув меморандуми имзоланадиган бўлди.

    Дилноза КАТТАХОНОВА,

    Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари,

    “Камалак” болалар ташкилоти раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates