Конституция, ҳуқуқий давлат қуришдаги асосий ҳужжат бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бу давр мобайнида мамлакатимизда муҳим ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди.
2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумида умумхалқ овоз бериш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янги таҳрирда қабул қилинди. Конституциянинг янги таҳрири мазмунан ва шаклан янада такомиллашган бўлиб, жамиятимизнинг барча соҳаларини, жумладан, олий таълим, фан ва ёшлар билан боғлиқ масалаларни қамраб олди. Конституцияда таълим ва илм-фаннинг ривожланишини таъминлашга қаратилган давлатнинг масъулияти, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал ривожланишига йўналтирилган ҳуқуқий ва ижтимоий мажбуриятлар аниқ белгилаб қўйилган. Бу эса мамлакатимизнинг келажакдаги тараққиёти учун муҳим қадам бўлиб, олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратди.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси таълимга алоҳида эътибор қаратиб, унда олий таълим муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаган. Конституциянинг 51-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро олий таълим олиш ҳуқуқига эга. Бу ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши шарт. Конституцияда белгиланган ушбу нормада, энг аввало, фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли экани қайд этилган.
1992 йили қабул қилинган Конституцияда олий таълимга ва унинг ҳуқуқий асосларига алоҳида эътибор берилган бўлсада, янги таҳрирдаги Конституцияда таълим муассасаларининг академик эркинлиги, ўзини ўзи бошқариш ва тадқиқотлар ўтказиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Бу ёшларнинг билим олиш ва илмий ишларни олиб боришдаги эркинлигини таъминлашга, таълим тизимининг замон талабларига мослаштиришга қаратилган муҳим қадамдир.
Таълим тизимини янада ривожлантириш ва замон талабларига мослаштиришга қаратилаётган тадбирлар, хусусан Конституциямизда белгилаб қўйилган – академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқлари Ўзбекистонда таълим тизимини замон талабларига мослаштиришда муҳим роль ўйнамоқда. Ҳозирда республикамизда талабалар сони 1 млн 400 минг нафардан ошиб, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 39 фоизга етди. Шу билан бирга олийгоҳларимиздаги таълим сифати ҳам сезиларли ўсиб бормоқда.
Биргина 2024 йилда 6 та олийгоҳдаги 38 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилди, бу эса Ўзбекистон олий таълимига халқаро талабларга мослашиш ва янги имкониятлар яратишга ёрдам беради. Шу билан бирга, 9 та хорижий олийгоҳ билан ҳамкорликда 15 та қўшма таълим дастури ташкил этилди.
Олий таълим муассасаларимизнинг халқаро рейтингларда муваффақиятга эришаётганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. Жорий йилда «QS» халқаро рейтингида «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» МТУ (547-ўрин) ва Ўзбекистон Миллий университети (781-790-ўрин) ТОП-1000 талик рўйхатидан ўрин олди. 3 та олийгоҳимиз эса «Times Higher Education» халқаро рейтинг ташкилоти томонидан эълон қилинган World University Rankings-2025 ТОП-1000 олий таълим ташкилотлари рўйхатини эгаллади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон таълими даражасининг халқаро миқёсда тан олинаётганини ва мамлакатимизнинг таълим тизимининг ривожланишини англатади.
Мазкур натижалар таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг самарасини кўрсатади ва Конституцияда белгиланган принципларнинг амалда ишга туширилганини англатиб, таълим тизимини глобал даражада муваффақиятли ривожлантиришга асос солмоқда.
Конституциянинг 52-моддаси ўқитувчиларнинг меҳнати ва фаровонлигига алоҳида эътибор қаратади. Янгиланган Конституцияда ушбу моддада ўқитувчиларнинг қадр-қиммати, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий ўсиши ҳамда ҳимоя қилиш масалаларига кенгроқ эътибор берилган. Бу орқали таълим соҳасидаги инсон капиталини қўллаб-қувватлаш, мутахассисларнинг шахсий ва профессионал ўсишини таъминлашга йўналтирилган муҳим қадамлар қўйилди.
Эски Конституцияда ўқитувчиларнинг қадр-қимматига ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга оид қонунлар мавжуд бўлсада, уларнинг ижтимоий муҳофазасини аниқ белгилаган модда мавжуд эмас эди. Яъни, олий таълим соҳасида ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимоясига оид чегаралар ва аниқ ҳуқуқий механизмлар белгиланмаган эди. Янги Конституцияда эса бу масалага аҳамият берилиб, ўқитувчиларнинг меҳнати ва фаровонлигига катта эътибор қаратилган. Конституцияда давлатнинг ўқитувчиларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш, уларнинг касбий ўсишини рағбатлантириш ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳақида аниқ нормалар белгилаб қўйилган.
Профессор-ўқитувчиларнинг касбий ўсишини рағбатлантириш бўйича мисол тариқасида биргина 2024 йилда 3 450 нафар профессор-ўқитувчилар хорижда малака оширганини келтириш мумкин. 2025-2030 йилларда эса хорижда малака оширган ёки стажировка ўтаган профессор-ўқитувчилар улуши 20 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг хорижда малака ошираркан, улар янги билим ва тажрибага эга бўлди, бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг таълим тизимини халқаро даражадаги стандартларга мослаштиришга ва илғор педагогик усуллардан фойдаланишга хизмат қилади.
Конституцияда белгиланган янги принциплар, айниқса, инновацион фаолиятни ривожлантиришга ёрдам бермоқда. Тадқиқотлар ва илмий ишланмаларнинг дастлабки босқичидаги янги ғоялар ва инновацион лойиҳаларга қўллаб-қувватлашни тақозо қилувчи қонунлар, мамлакатимизнинг юқори таълим тизимини халқаро тажрибалар билан уйғунлаштиришга йўл очди. Конституциянинг 53-моддасида илмий ва техник ижод эркинлиги кафолатлангани, инновацион фаолиятнинг мустақил ривожланишини таъминлаш мақсадида давлат томонидан қўллаб-қувватланишини назарда тутади.
Мамлакатимизда илмий тадқиқотлар ва инновациялар ҳозирги кунда нафақат университетлар ва тадқиқот институтлари, балки инновацион технопарклар ва бизнес-инкубаторларда ҳам фаол олиб борилмоқда. 2024 йилда республикамизда 360,7 миллиард сўмлик 245 та илмий лойиҳа молиялаштирилди, тижоратлаштириш лойиҳалари доирасида қиймати 260 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Конституциянинг 53-моддаси илмий, техник ва маданий ижод эркинлигини таъминлашга ва интеллектуал мулкни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратган. Эски Конституцияда илмий ва техник ижод эркинлигига оид ҳуқуқлар белгиланган бўлсада, интеллектуал мулкни муҳофаза қилишга оид қонунчиликнинг такомиллаштирилиш зарурияти мавжуд эди. Янгиланган Конституцияда эса интеллектуал мулкнинг муҳофаза қилиниши аниқ белгилаб берилди.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш давлатнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Илмий, техник ва маданий ижод эркинлиги фуқароларнинг янгидан-янги ғоялар, илмий ва ижодий ишланмаларни яратишда эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди, шу билан бирга уларнинг натижалари бўлган интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни ҳам кучайтиришга қаратилган. Бунда, ҳар қандай ижодий фаолиятнинг натижаси бўлган интеллектуал мулкнинг муҳофазаси ва унинг қонунли эгасига берилиши масалалари аниқ белгиланган.
Конституциянинг 79-моддаси давлатнинг ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиришга қаратилган муҳим нормаларни ўз ичига олади. Мазкур моддада ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳаётдаги иштирокини таъминлаш мақсади кўзда тутилган. Бу орқали ўсиб келаётган авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши ва фаол жамият аъзоси бўлишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Янгиланган Конституцияда ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланишига алоҳида эътибор берилади. Бунинг натижасида уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандликка эришишга ва дам олишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилади. Давлат ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланишини таъминлаш учун барча зарур ресурслар ва имкониятлар билан таъминлашга аҳамият қаратади.
Ёшларнинг жамият ҳаётига фаол иштирок этишлари, уларнинг ўз фикрларини эркин билдиришлари ва давлат ишларида иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилади. Бундан келиб чиқиб, Конституцияда ёшларга оид давлат сиёсати ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган нормалар, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий фаолиятини таъминлашда муҳим қадамлардир.
Конституцияда ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқи ва уларнинг ижтимоий ривожланишини таъминлашга катта эътибор қаратилган. Ўзбекистонда олий таълим тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2024 йилда амалга оширилган муҳим қадамлардан бири – олийгоҳларга қабул «аввал тест, сўнг танлов» тамойилида ташкил этилди. Бу амалиёт ёшларга таълим олишда тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳар бирини соғлом рақобат муҳитида ўқишга жалб қилиш мақсадида жорий қилинган.
Шунингдек, янги Конституция ёшлар учун таълим соҳасидаги барча зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ижтимоий ривожланишини таъминлаш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишларини рағбатлантиришга қаратилган қатор ижобий қадамларни ўз ичига олади.
Ўзбекистонда ёшларнинг таълим ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган турли тадбирлар амалга оширилмоқда. Шулардан «Маърифат улашиб» ва «Адабий-маърифий ҳафталиклар» лойиҳалари доирасида 205,9 минг нафар талаба ва ўқувчилар қамраб олинган. Бу тадбирлар ёшларнинг маънавий ривожланишини ва билимларини оширишга қаратилган муҳим қадамлар бўлди.
Ўз навбатида, республикамизнинг барча олийгоҳларида 9 та спорт тури бўйича 11 448 та жамоа иштирокида «Талабалар лигаси» спорт мусобақалари ўтказилди, бу ёшлар орасида спортга бўлган қизиқишни ошириш ва саломатликни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бундан ташқари, ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 892 минг нафар талабалар орасида 10 412 та профилактик тадбирлар ўтказилди. Бу тадбирлар ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, саломатликни сақлаш ва ижтимоий хатарларни камайтириш мақсадида ташкил этилди. Конституцияда белгилаб қўйилган ёшларнинг ижтимоий ривожланишини таъминлаш, уларга ёрдам бериш ва фаол иштирокини рағбатлантиришга йўналтирилган қатор тадбирлар ушбу мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Олийгоҳларда талабаларнинг турар жойларини ва ўқиш учун зарур шароитларни яратиш давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ, ёшларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқи таъминланиши учун талабаларга қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш талаб қилинади. 2024 йилда 15 240 ўринли талабалар турар жойи ва 4 000 ўринли ўқув бинолари яратилди. Шу билан бирга, давлат олий таълим муассасаларининг барча босқич талабаларини талабалар турар жойига жойлаштириш тўлиқ рақамлаштирилди. Бу тадбирлар талабаларнинг таълим олиш жараёнида ўзларини эркин ҳис этишлари ва ижтимоий ривожланишга катта имконият яратишга қаратилган муҳим қадамлардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизнинг барча соҳаларини, айниқса, таълим, фан ва ёшлар билан боғлиқ масалаларни қамраб олган ҳолда, жамиятимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқий нормалар ва принциплар, айниқса, таълим тизимидаги ислоҳотлар, академик эркинлик ва илмий тадқиқотларнинг ривожланишига қаратилган ёшлар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шарт-шароитлар давлатнинг таълим соҳасидаги олиб бораётган изчил ва самарали сиёсатида муҳим аҳамиятга эга.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ,
олий таълим, фан ва инновациялар вазири