Бу ўзгаришларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалининг ҳам баҳоли қудрат ҳиссаси бор.
Филиалимизда спорт фаолияти, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт, психология (спорт) таълим йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрланади. Шунингдек, хизматлар ва соғломлаштириш тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда спорт соҳасига йўналтирилган тадқиқотлар қилиш ва ишланмаларни амалга ошириш ҳам муҳим вазифаларимиз сирасига
кирган.
Филиал фаолиятини 2019-2020 ўқув йилида кундузги, сиртқи, махсус сиртқи таълим шаклларида волейбол, бокс, дзюдо, эркин кураш, мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт, бадиий гимнастика ҳамда эшкак эшиш йўналишларида таҳсил олувчи 50 талаба билан бошлаган эди. Бугунги кунда эса талабалар сони мингдан ошди.
Филиалда 71 профессор-ўқитувчи таълим бериб келмоқда. Сўнгги уч йил давомида мустақил изланувчи сифатида жами 34 ўқитувчи докторлик диссертацияси устида илмий изланишлар қиляпти. Жорий йил 5 мустақил тадқиқотчининг докторлик диссертацияси ҳимояси режалаштирилган.
Ҳозирги кунда филиалда 14 нафар жаҳон, 21 нафар Осиё, 49 нафар Ўзбекистон чемпиони таҳсил олади. Бир талабамиз Париж Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритди. Шунингдек, миллий спорт мусобақаларида ҳам филиал талабалари ўз маҳоратини намойиш этиб келаётир. Жумладан, “Универсиада — 2020” спорт мусобақаларида жами 16 та (1 та олтин, 9 та кумуш ва 6 та бронза) медаль қўлга киритилди. “Универсиада — 2022” мусобақаларида эса баскетбол бўйича филиал терма жамоаси Қорақалпоғистон тарихида биринчи бор олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Бугунги кунда таълим муассасамизда “Қувноқлар ва зукколар“, “Китобхонлик”, “Қобилиятли қизлар”, минифутбол, волейбол, стол тенниси ҳамда “Заковат” интеллектуал тўгараклари фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, талаба ёшлар ўртасида “Биргаликда китоб мутолаа қиламиз”, “Заковат”, “Беш минг қадам”, “Қувноқлар ва зукколар”, “Мунозара” маънавий-маърифий танловлари ҳамда “Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз”, “Гиёҳвандлик — аср вабоси” мавзусида расмлар танловлари ҳам ўтказиб келинади.
Филиалнинг тармоқ корхоналар билан тизимли алоқаси бўйича “Карьера маркази” ташкиллаштирилган. Ушбу марказ талабаларга, айниқса, битирувчи ёшларга ҳозир мавжуд бўлган ва меҳнат бозори талаб қилаётган бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар бериб боради. Марказ бўш иш ўринлари учун талаб этилаётган билим, кўникма ва малакалар билан уларни хабардор этиб боришни асосий вазифа қилиб белгилаган.
Президентимизнинг 2022 йил 3 ноябрдаги “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, филиалда 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича) бакалавриат таълим йўналишига камида иккинчи спорт разрядига эга бўлган абитуриентлар қабул қилиниши белгиланди. Бунинг натижасида спорт фаолияти бўйича таълим йўналишларига етук ва малакали спортчиларни жалб қилиш имконияти вужудга келди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиалида талабалар учун барча шарт-шароитлар мужассам қилинган. Зеро, улар сифатли билим олиши, малакасини ошириши ва дунёни ўз ғалабалари билан забт этиши керак.
Байрамбой ЕРИМБЕТОВ,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори,
профессор
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 66-сонида (2024 йил 3 апрель) чоп этилган.