Маданий фестивалнинг очилиш маросимида университет президенти Чэнь Цзямин иштирокчиларни байрам билан қутлаб, ушбу олий таълим муассасаси фаолияти ва унинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталиб ўтди.
Маданий фестивалда университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда йиғилганлар хорижлик талабалар томонидан намойиш этилган тақдимотларни кузатиб, дунё маданий хилма-хиллиги ва маданий интеграциясининг чексиз жозибасидан баҳраманд бўлдилар.
Фестиваль доирасида Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари университет раҳбарияти билан учрашув ўтказдилар. Унда мазкур тадбир халқаро талабалар учун ўзаро урф-одатлар, анъаналар ва маданиятни яхшироқ тушунишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Университет президенти Чэнь Цзямин шу кунга қадар ушбу университетни 78 нафар ўзбекистонликлар муваффақиятли тамомлаганини билдирди. Ҳозирги кунда университетда 44 нафар юртдошимиз таҳсил олмоқда. Университет раҳбарияти хорижлик талабалар учун яратилган шароитлар билан таништирар экан, ушбу олийгоҳда ўз мамлакати ривожига ҳисса қўшадиган ўз соҳасининг устаси бўлган профессионал кадрларни етиштириб бериш устувор вазифа этиб белгиланганини қайд этди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасида олий таълим соҳасидаги муносабат келгусида ҳам изчил ривожланиб бориши таъкидланиб, таълим йўналишидаги дўстона алмашинувлар ва ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
Байрам тадбири доирасида ватандош талабалар билан биргаликда Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди. Унда мамлакатимиз маданияти ва туристик салоҳияти кенг тарғиб қилинди.
Меҳмонларга сўнги йилларда Ўзбекистон – Хитой ўртасидаги таълим, фан, маданият, халқ дипломатияси, спорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани айтилди.
Жумладан, 2024 йил 22 январь куни Пекин шаҳрида 100 дан ортиқ университетлар иштирокида «Ўзбекистон – Хитой таълим форуми» муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди, деб хабар беради «Дунё» АА.