Муҳандислик кeлажаги: муаммоларга барҳам бeрмай, ютуқлар ҳақида ўйлаш хато

    Муҳандислик таълимида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш ва ўқув жараёнини ташкил этишнинг инновацион шаклларини излаш бугунги олий таълим бошқарувидаги долзарб масаладир.

    Демак, техника олий ўқув юртларида профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мазмуни янгиланмоқда. Олий таълим тизимини шу жиҳатдан ислоҳ қилишда кафедралар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Кафедра мудири мақоми, профессор-ўқитувчилар таркибини шакллантириш тамойиллари билан боғлиқ қатор масалалар ҳам бу жараёнда муҳим.

    Муҳандислик — техник таълимнинг асосий муаммоси

    Иқтисодиёт ва саноатнинг юқори технологияли тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг анъанавий усуллари, яъни олий ўқув юртлари битирувчиларига қўйиладиган талаблар узоқ вақтдан бери қондирилмай келмоқда. Бу номувофиқлик, айниқса, давлат таълим стандартларида белгиланган қоида ва ёндашувлар, Ўзбекистоннинг кўплаб олий ўқув юртларида фаолият юритаётган муҳандис кадрлар тайёрлаш тизимларини солиштирганда кўзга яққол ташланади. Мамлакатимизда олий таълимнинг ишлаб чиқариш ва бизнес воқелигидан орқада қолиши, битирувчиларнинг компетенциялари кўп ҳолларда иш берувчиларнинг кутганига ва алоҳида корхоналарда техносферанинг ривожланиш даражасига мос келмаслигига олиб келди, яъни муҳандис кадрлар тайёрлаш саноат талабларига жавоб бермай қолди.

    Олий таълим ташкилоти битирувчиси етарли амалий тажрибага эга эмас, аммо иш берувчига тажрибали мутахассис керак. Битирувчида касбий маҳорат йўқлиги унга ўзини муҳандис сифатида англаш имкониятини бермайди. Диплом олгандан сўнг эса энг яхши ҳолатда у ўртача корхона ва лавозимда иш бошлайди, яъни ярим профессионаллар қаторига қўшилади. Ушбу номувофиқликлар олий таълим ташкилотлари битирувчилари ва потенциал иш берувчилар учун кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Талабалар ўқиш даврида саноат корхоналарида ўқув экскурсиялари шаклида юзаки амалиёт ўтайди. Ишлаб чиқариш амалиёти одатда қисқа муддатли бўлади. Шунинг учун уларнинг ўз мутахассислиги бўйича иш ҳақида аниқ тушунчага эга бўлишга вақти йўқ. Аслида, келажакда муҳандисликка оид қандай муаммоларни ҳал қилиши кераклигини билмайди.

    Амалиётчиларни таълим жараёнига жалб қилиш бугун жуда мураккаб ва амалий ҳал этилмайдиган муаммодир. Бу уларнинг иш билан таъминлангани, шунингдек, олий таълим ташкилотидаги маош етарли эмаслиги билан боғлиқ. Ўқитувчилик ва ишлаб чиқариш фаолиятини бирлаштирган, ўз касбининг фидойиси бўлган мутахассислар барча жамоада мавжуд. Лекин амалий тажриба бўлмаса, талабалар кўникма ва малакани тўлиқ эгаллай олмайди. Натижада битирувчи малакавий диссертациясини ёқлаб, олий таълим ташкилоти деворлари ичида ўрганган назарий билимларини ишлаб чиқаришда қўллай бошлайди. Бу ерда у биринчи марта лойиҳаси шунчаки ажойиб расм эмас, балки ҳақиқий объект эканини англайди.

    Касбий муҳит билан алоқа, аслида, корхоналарнинг тегишли бўлинмаларида машғулотлар орқали амалга оширилиши керак. Бу жараёнда талабалар амалиётчилар билан ўзаро мулоқотда бўлиб, муайян муаммоларни ҳал қилишда тажриба орттиради. Амалий машғулотлар давомида талаба мустақил равишда назарий билим эгаллайди. Ўрганганини малака ҳамда амалий кўникмалар билан уйғунлаштиради. Ўз навбатида, касби бўйича қўшимча маълумотлар олиш ва аниқ мақсадларни шакллантиришда потенциал компания ва ташкилотлар вакили бўлган бўлғуси иш берувчиларнинг маълумотлар базасига кириши мумкин.

    Ихтисослашган (битирув) кафедранинг талабалар амалиётини ўташи учун масъул ходими одатда ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлиқ тажрибали ўқитувчи ҳисобланади. Ушбу йўналишда кафедра иш режасини тузиш, амалиёт ва мониторинг учун индивидуал топшириқлар ишлаб чиқиш унинг вазифасига киради. Кафедранинг ишлаб чиқариш билан мунтазам алоқаси ишлаб чиқариш амалиёти самарадорлигини сезиларли даражада оширади. Олий таълимни ислоҳ қилишда битирувчи кафедранинг тўплаган салоҳиятини йўқотмаслик муҳим аҳамиятга эга.

    Кафедра мудирига қандай талаблар қўйилади?

    Кафедра олий таълим муассасасининг асосий ўзак бўлинмаси бўлиб, битирувчиларни тайёрлаш сифати ва рақобатбардошлиги шу бўлинма фаолиятига боғлиқ. Шу билан бирга, кафедра фаолиятининг самарадорлиги кўп жиҳатдан кафедра мудирининг индивидуал фазилатлари, қобилияти, шунингдек, мудирнинг шахсий натижалари билан белгиланади. Кафедранинг замонавий мудири илмий тадқиқот ишлари билан шахсан шуғулланиши, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиши, мутахассисларни ўқитиладиган фанларнинг ўқув-услубий ва моддий-техник таъминотини мунтазам такомиллаштиришга ундаши зарур. Янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш электрон дарсликлар, масофавий таълим технологиялари, экспериментал ва инновацион фаолият усулларидан фойдаланиш билан давом этиши керак. Профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш курсини ўтказаётган кафедра мудири замонавий техника ва технологияларни ривожлантириш тенденциялари ҳамда истиқболларини билмаса, бундан ташқари, ўқитишнинг замонавий услублари ва шаклларини қўлламаса, илмий-педагогик муҳитдаги обрўеътиборига, жамоа ишининг умумий натижаларига таъсир қилади.

    Муҳандислик-техника олий таълим ташкилотининг битирувчи кафедраси мудири илмий даражага, камида доцент илмий унвонига, ўқитувчи ва ташкилотчилик қобилиятига эга менежер бўлиши керак. Бу асосан, бутун кафедра ишининг натижаларини белгилайди. Бундан ташқари, кафедра мудири мутахассислик бўйича амалий иш тажрибасига эга бўлиши талаб этилади.

    Битирувчи кафедра кадрлар тайёрлаш йўналиши бўйича таълим дастурини ишлаб чиқади. Ушбу йўналиш бўйича ўқув услубий ҳужжатлар тўпламини яратади. Махсус ва ихтисослаштирилган фанларни ўқитади, асосийси, битирувчи талабалар учун жавобгардир. Олий ўқув юртларида битирувчи кафедра бошқа кафедралар орасида таъсисчининг асосий вазифаларини ҳал қилишга қодир кадрлар тайёрлашни таъминловчи сифатида алоҳида ажралиб туради.

    Кафедра доирасида юқори даражадаги мутахассислар тайёрлашда тўлиқ илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва инновацион фаолият учун босқичма-босқич ўқитиш амалга оширилиши керак. Турли даражадаги ходимларни самарали тайёрлашга 16-18 ўқитувчидан иборат жамоа талаб қилинади. Кичик ўқитувчилар жамоаси, масалан, етти-саккиз киши бу ишни тўлиқ уддалаш қийин кечади. Чунки улар тўлиқ илмий ва педагогик мактаб сифатида ишлай олмайди.

    Олий таълим тизимида ислоҳотлар давом этмоқда

    Инновациялар, табиийки, олий таълим ташкилотининг эскирган анъаналарига мос келмайди. Олийгоҳ профессор-ўқитувчилари ва раҳбариятига янги талаблар қўйилади. Таълим ислоҳотлари кафедранинг институционал ҳолатига ҳам тегишли. Шунга қарамай, олий таълимда асосий бирлик ўқув ва илмий фаолиятнинг ячейкаси ҳамда илмий-педагогик мактабнинг таянчи сифатида кафедра бўлиб қолади. Битирувчи кафедралар фаолиятидаги сифат ўзгаришлари пировард натижада энг янги таълим технологияларини қўллаш асосида инновацион кафедралар ташкил этилишига олиб келиши керак.

    Олийгоҳда талабаларни сифатли тайёрлашнинг энг муҳим шарти ўқитувчиларнинг зарур касбий малакага эга бўлишидир. Профессор ўқитувчининг иши мураккаб касбий фаолиятдир. Кафедра мудири кадрлар тайёрлаш профилига мувофиқ, мутахассислар тайёрлашда вазифаларини самарали бажара оладиган ўқитувчиларни танлаб олади. Профессор-ўқитувчиларни танлашнинг қийинлиги шундаки, у ихтисослаштирилган олий ўқув юртларида талабалар орасидан амалга оширилади.

    Кадрлар танлаш кафедранинг янги аъзосига қандай масъулият ва вазифалар юкланиши, унинг ҳамкасблари билан қандай муносабатда бўлишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Менежернинг вазифаси ҳамфикрлар жамоасини шакллантиришдир. Бу жуда қийин вазифа бўлиб, уни ҳал қилиш йиллар давомида йўналтирилган меҳнатни талаб қилади.

    Олий таълимдаги инновацион ўзгаришлар, биринчи навбатда, олий таълим ташкилот ўқитувчиларининг педагогик малакасига талабларни оширади. Улар модулли таълим дастурларини ишлаб чиқишга қодир бўлиши керак. Бакалавр ва магистрлар тайёрлашнинг компетенция натижаси, фаол ва интерактив ўқитиш шаклларини ўзлаштириш, талабалар илмий тадқиқот, лойиҳалаш ва бошқа мустақил фаолиятни ташкил эта олиши ўқитувчиларга қўйиладиган асосий талабдир.


    Ботир УСМОНОВ,

    техника фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 234-сонида (2024 йил 19 ноябрь чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates