Ўз ишининг устаси бўлиши керак — илғор муҳандислик мактаблари етук мутахассис тайёрлашни кўзлаган

    Замонавий технологиялар ва инновациялар тез суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш жамият ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун зарурдир.

    Мамлакатимизда йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, уларда 150 минг атрофида иш ўрни яратилмоқда. Шундан 35 мингтаси техника йўналишида. Юртимизда бу йўналишдаги 36 та давлат олий таълим муассасасини йилига 67 минг талаба битирмоқда. Уларнинг саноат корхоналарида ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши эса бевосита таълим сифатига боғлиқ.

    Ҳозир иқтисодиёт тармоқлари, саноат ва ишлаб чиқариш тараққиёти учун барча шароит мавжуд, уларнинг ўсишига тўсқинлик қилаётган муҳим омил эса сифатли кадрлар, янаям аниқроқ айтсак, ўз ишининг устаси бўлган муҳандислар, техник ходимлар, технологлар етишмаётганидир.

    Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида ҳам муҳандислик соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолиятини такомиллаштириш, илмий фаолият самарадорлигини ошириш ва моддий-техник таъминотини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланган.

    Жорий йил 20 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда соҳадаги муаммоларга ечим сифатида илғор муҳандислик мактабларини ташкил этиш кўрсатиб ўтилди. 10 та таълим муассасасида илғор муҳандислик мактаблари очилиши белгиланди. Фарғона политехника институтида ҳам саноат муҳандислиги мактабини ташкил этиш режалаштирилган.

    Институт илғор муҳандислик мактабларини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибалар асосида ўз концепциясини ишлаб чиқди. Хусусан, Италиянинг Турин ва Милан политехника университетлари таъсисчилигида ташкил этилган Alta Scuola Politecnica, АҚШнинг Penn State University томонидан таъсис этилган HONOR PROGRAMS, Россиянинг Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Буюк Петр номидаги Санкт-Петербург политехника университети томонидан ташкил этилган илғор муҳандислик мактаблари фаолияти ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ушбу тажрибалардан келиб чиқиб, институтда икки йиллик махсус магистратура дастурлари бўйича “соҳа-корхона-олийгоҳ” тамойили асосида ўқув-илмий тузилма сифатида илғор муҳандислик мактаблари фаолиятини йўлга қўйиш, “муаммо-тадқиқот-маҳсулот” тамойилида таълим кластерини ташкил этиш мақсад қилинган.

    Дастлабки босқичда олий муҳандислик мактабида машинасозлик, электротехника, энергетика ва кимё технологияси мутахассисликлари бўйича махсус магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Магистратура дастурларида дастлабки йилда кадрлар буюртмачилар талаблари асосида шакллантирилган ўқув режалар асосида ўқитилади. Таълим дастурларига қайта муҳандислик (reengineering), қиёслаш муҳандислиги (benchmarking), таннарх муҳандислиги (cost engineering) ва бошқа замонавий ривожланиш тенденцияларига мос махсус фан ва модуллар киритилади. Талабаларга соҳа буюртмачилари талаблари асосида шакллантирилган ўқув дастурлари асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштириш ҳамда илмий изланишларга йўналтирилган дастурлар бўйича таълим берилади.

    Магистратуранинг иккинчи йилида янги маҳсулотлар бўйича тажриба конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнлар корхоналарда бевосита амалиётда синовдан ўтказилади. Амалиёт билан боғланган илмий тадқиқотга йўналган махсус таълим дастурларида таҳсил олган ушбу талабалар келажакда юртимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигига, саноатимиз ривожига ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрлар бўлиб етишади.

    Таълим муассасамиздаги муҳандислик таълими моделининг муҳим хусусияти кўп тармоқлилик, турли вазифа ва мультитехнологияларга асосланганидадир. Талабалар учун ўзгарувчан технологик жараёнларга мослашувчан ва фаол муносабатда бўлиш имконини берувчи индивидуал таълим йўналишлари тизими жорий этилмоқда.

    Машинасозлик, кимё саноати, энергетика ва электротехника муҳандислиги соҳалари бўйича сўнгги уч йил мобайнида ҳамкор корхоналар ва хорижий компаниялар томонидан моддий-техник базани ривожлантириш мақсадида қиймати 1 миллиард 344 миллион сўмлик ўқув лабораториялари ташкил этилмоқда. Хусусан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ажратилган маблағ ҳисобидан жорий йилда 7,8 миллиард сўмлик 59 турдаги ўқув ва илмий тадқиқот лаборатория жиҳозлари институтимизга етказилди.

    Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилишида ҳудуддаги “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудуд газ таъминот”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ўзавтосаноат”, “Quvasoysement”, “Farg‘onaazot”, “Kvars”, “Qo‘qon mexanika zavodi” АЖлари каби 20 дан ортиқ йирик саноат корхонаси, шунингдек, методик жиҳатдан Италиянинг Турин политехника университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Шимолий Хитой технология университети ва Санкт-Петербург политехника университети билан самарали ҳамкорликлар йўлга қўйилган.

    Фарғона политехника институти саноат муҳандислиги мактабини ташкил этишда “Ўзавтосаноат” АЖ тармоқ корхоналари билан изчил ҳамкорлик қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, “UzAutoMotors” АЖ талаблари асосида ишлаб чиқариш муҳандислиги, ишлаб чиқариш бошқаруви ва автомобилсозлик учун электротехника муҳандислиги йўналишларида мутахассислар тайёрлаш мақсадида корхона талаблари ва буюртмаси асосида махсус таълим дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Мутлақо янгича ёндашувлар ва билимлар асосидаги ушбу таълим дастурларини яратишда институтимизда етарлича салоҳият, имконият ва тажриба мавжуд. Хусусан, бу жараёнларга нуфузли хорижий университетлар ва етакчи корхоналардан салоҳиятли мутахассисларни жалб этиш режалаштирилган.

    Узоқ муддатли стратегик ҳамкорлик режаларимиздан “Ўзавтосаноат” АЖ тармоқ корхоналарининг стратегик ривожланиш, муаммолар банкидан келиб чиқиб, илмий тадқиқот йўналишларини белгилаш ва ҳамкорликда илмий лабораторияларни ташкил этиш ҳам ўрин олган бўлиб, ушбу лабораторияга илғор муҳандислик мактаби талабалари ҳамда соҳа бўйича илмий тадқиқот қилаётган докторант ва тадқиқотчиларни бириктириш белгиланган. Шунингдек, “Ўзавто” академияси ҳузурида муаммоларнинг технологик ечимларини ўрганиш бўйича илмий марказ ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

    Таълимга ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучи сифатида қараш яқин келажакда янгидан янги ихтироларга асос бўлади. Институт жамоаси билан инновацион иқтисодиёт учун маҳаллий мутахассисларнинг янги авлодини шакллантириш стратегик режаларини амалга оширмоқдамиз. Президентимиз бевосита бизнинг таълим муассасамизни бу борада тажриба сифатида эътироф этгани ушбу жараёндаги ишлар кўламини янада кенгайтиришимиз учун муҳим омилдир.


    Ўктам САЛОМОВ,

    техника фанлари доктори, профессор


    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 229-сонида (2024 йил 12 ноябрь) чоп этилган.


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates