Тарихдан сўзловчи даргоҳ

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 25 май сонида Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи бўлим мудири Ҳилола Турсунованинг “Тарихдан сўзловчи даргоҳ ҳамма учун бирдек қизиқарли ва сирли” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Тараққиёт сари интилаётган давлат борки, доим тарихга назар солиб, мамлакатнинг мавжуд урф-одат, анъана ва қадимий ёдгорликларини ўрганишга ҳамда сақлашга зарурат сезиши табиий. Бу борада музейларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёслигини мутахассислар бир овоздан таъкидлайди. Чунки бу масканларда ўтмишдан келаётган тарихий моддиймаданий, маърифий, табиий ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган мажмуаси амалдаги қонун-қоидага мувофиқ сақланади ва намойиш қилинади.

    Шу йилнинг 26 апрель куни Президентимиз раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида музейлар фаолиятини самарали ташкил этишга алоҳида тўхталиб ўтилгани бежиз эмас. Чунки халқимизнинг бой ўтмишидан сўзловчи бу масканлар туризмни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, йиғилишда юртимиздаги барча музейлар экспонатларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг электрон базасини яратиш, музейлар раҳбар ва ходимларининг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Навоий вилоятида ички туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Улардан оқилона фойдаланиш, вилоятдаги туризм марказларида сайёҳлар учун етарли шароит яратиш, музейлар фаолиятини ривожлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли вазифалар кўрсатиб ўтилди.

    Жумладан, моддий ва номоддий маданий меросимизни ўрганиш, аждодларимиз қолдирган бой тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, музейларда сақланаётган осори атиқаларни келгуси авлодларга бус-бутун етказиш учун музейимиз ходимлари иштирокида тегишли мақсад ва вазифалар белгилаб олинди. Навоий вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи 30 йиллик тарихга эга.

    Фондида археология, нумизматика, амалий санъат ҳамда этнографияга оид 25 мингдан ортиқ бебаҳо экспонат сақланмоқда. Вилоятда музейнинг тўртта филиали ҳам фаолият олиб бормоқда: Қосим шайх мажмуа музейи, Қизилтепа тарихий ўлкашунослик музейи, Нурота табиий-меъморий мажмуаси ҳамда Сармишсой давлат музей қўриқхонаси.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комлекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган чора- тадбирлар режасига кўра, Навоий вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди.

    Жумладан, янги музей концепцияси асосида турли бўлимлар фондида сақланаётган тарихий, қадимий музей ашёлари ва коллекциялари намойиши учун реэкспозиция ишлари амалга оширилди. Кўргазмага қўйилган мис ва бошқа металлардан ишланган маиший буюмлар, анъанавий кийимлар эса қадимги одамлар турмуш тарзини очиқ намоён этиб, даврлар силсиласида қанчалик даражада ўзгариб борганини акс эттиради.

    Музейнинг бой экспозицияси Зарафшон воҳаси, Навоий вилояти ҳудудининг тош давридан бугунги кунига қадар бўлган замонавий тарихини ўзида қамраб олган. Хусусан, қадимий экспонатлар ўрин олган бўлимлар кишида катта қизиқиш уйғотади. Сайёҳлар, аввало, халқимизнинг энг қадимий халқ амалий санъати бўлган кулоллик, темирчилик ашёлари билан яқиндан танишиб, тарихий шахсларнинг ҳам асосан кулоллик билан шуғуллангани ҳақида маълумотга эга бўлади.

    Музейга келганлар саёҳат давомида тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатларга қараб аждодларимиз тарихи ва ҳаёти ҳамда юксак маънавиятидан хабардор бўлади. Бу эса юртдошларимиз, айниқса, ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини уйғотиш билан бирга, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиш ҳиссини ҳам шакллантиради.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates