Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, давлат ва жамоат бошқарувида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Журналистларни касб байрами билан табриклар экан, В.Норов оммавий ахборот воситалари вакиллари мамлакатимизда демократик қадриятларни қарор топтириш, фуқароларни дунё ва мамлакатда рўй бераётган жараёнлар ва ҳодисалар ҳақида хабардор қилишда муҳим ўрин тутишини эътироф этди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўз фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиши таъкидланди. Ташқи сиёсат идорасининг матбуот вакиллари билан конструктив мулоқот олиб бориш, ТИВ ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича ОАВ билан яқин ҳамкорликни амалга ошириш, Ўзбекистон дипломатияси тўғрисида холис ва ишончли маълумотларни тақдим этишга тайёрлиги маълум қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида ташқи сиёсатга доир мавзуларни ёритишга ихтисослашган тажрибали журналистлар орасидан «Эксперт гуруҳи» ташкил этиш режалаштирилгани эълон қилинди. Шунингдек, жаҳон ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича ОАВ учун тренинглар ва семинарлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Учрашув доирасида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва республика ташқи сиёсатини фаол ёритгани учун қатор миллий ва хорижий журналистларга ташаккурнома топширилди.