Таътилда дам олиш мароқли бошланди

    Таълим 4 июл 2023 2274

    Юртимизда ҳар бир фасл ўз ҳусну таровати, бетакрор гўзаллиги билан ажралиб туради. Ҳаёт ташвишларидан узоқда, болаликнинг сеҳрли оламида яшаётган самимий ва қувноқ болажонлар учун ёз фаслининг гашти ўзгача. Улар бу фаслда оромгоҳларда мириқиб дам олади.

    Зеро, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, спорт ўйинлари ва мусобақалар, янги дўстлар билан мулоқот, турли танловларда иштирок этиш болаларнинг иқтидорини юзага чиқаради, дунёқарашини бойитади.

    Жорий йилги болалар дам олиш ва соғломлаштириш мавсуми 2 июндан бошланди. Қорақалпоғистон Республикасида жами 80 та, шундан 11 таси тўлиқ режимда ишлайдиган оромгоҳ, 69 таси эса таълим муассасалари биноларида фаолият олиб борадиган соғломлаштириш гуруҳлари саналади. Хусусан, “Оқ кема”, “Орол болалари”, “Оқ кабутар”, “Ойдин йўл”, “Орол”, “Шунқор”, “Қалдирғоч”, “Турон”, “Роҳат” оромгоҳларида 1 241 нафар бола, шунингдек, туман ва шаҳарларда ташкил этилган 69 та соғломлаштириш гуруҳларида 3 350 нафар бола дам олмоқда.

    — Барча оромгоҳларга болалар йўл патрул хизмати ходимлари кузатуви остида автобусларда хавфсиз етказилди. Оромгоҳларга киришдан олдин бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилди ва гуруҳларга бўлинди, — дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаментининг Қорақалпоғистон бошқармаси бошлиғи Раҳмон Мадреимов. — Оромгоҳлар ва уларнинг атрофида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари, шунингдек, болаларнинг саломатлигини таъминлаш ва назорат қилиш мақсадида тиббиёт ходимларининг доимий навбатчилиги йўлга қўйилган. Департамент қошида мавсум давомида ишлайдиган республика ва ҳудудий штаблар тузилиб, болаларнинг оромгоҳларга қабул қилиниши, мавсумнинг бориши тўғрисида кунлик тезкор маълумотлар юритилмоқда ҳамда тегишли вазирликларга тақдим этилмоқда.

    Элликқалъа туманидаги мўъжизавий “Ақчакўл” бўйида жойлашган “Орол болалари” ёзги болалар оромгоҳида ҳар йили 1 минг 200 нафардан зиёд бола дам олади.

    — Оромгоҳимиз иккинчи навбат учун 240 нафар болани ўз қучоғига қабул қилди, — дейди мазкур болалар дам олиш ва соғломлаштириш маркази директори Рашид Алламбергенов. — Қорақалпоғистоннинг барча туманларидан келган болажонларнинг ҳордиқ чиқаришига етарлича шароит яратилган. Улар бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун турли спорт ўйинлари, мусобақалар ташкил этилмоқда, кутубхона ишлаб турибди, шунингдек, кўплаб тўгараклар фаолият кўрсатяпти.

    Тахиатош туманидаги “Ойдин йўл” болалар соғломлаштириш марказида 2023 йил мавсумида 750 нафар бола дам олиши режалаштирилган.

    — Жорий йилда болаларга белгиланган таомнома асосида беш маҳал сифатли овқат берилмоқда. Спортнинг футбол, волейбол, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка турлари, шунингдек, тўқимачилик, расм чизиш, компьютер саводхонлиги тўгараклари мунтазам ишлаб турибди, — дейди ушбу марказ директори Бекмурат Жуманазаров. — Болаларнинг соғлиғини тиклаш ва мустаҳкамлашга Тахиатош туман тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, кичкинтойларнинг хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар бириктирилган. Бундан ташқари, музей ва тарихий жойларга саёҳатлар уюштирилиб, концерт дастурлари намойиш этилмоқда.

    Шу билан бирга, оромгоҳларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз ҳамда ўз вақтида етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш, дам олиш масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини имтиёзли равишда дам олдириб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган.

    Беруний туманидаги “Роҳат” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида ҳам болажонларнинг вақтини мазмунли ўтказишга қаратилган спорт ўйинлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Болалар кутубхонада ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан ўқиш, турли спорт тўгаракларида иштирок этиш орқали вақтларини мазмунли ўтказмоқда.

    Жорий мавсумда Қорақалпоғистондаги жами оромгоҳларда 23660 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда, сўлим табиат қўйнидаги бу ҳордиқ онлари фарзандларимизнинг ёзги таътилни мароқли ўтказиши, соғлом ва руҳан тетик бўлишига хизмат қилади.

    Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates