Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ таркибидаги ёзги болалар оромгоҳларининг масъуллари, ходимлари ва мавсум ташкилотчилари учун семинар ташкил этилди.
Комбинат масъуллари, тиббиёт, халқ таълими, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, миллий гвардия соҳалари ходимлари иштирокидаги семинарда стационар турдаги оромгоҳларда болаларнинг дам олишларини мазмунли ташкил этиш, соғломлаштириш майдончалари фаолиятини такомиллаштириш истиқболлари, ёзги болалар оромгоҳларида санитария қоида ва меъёрлари талаблари, болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш каби мавзуларда атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш каби масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди.
Бундан ташқари, ёзги болалар дам олиш оромгоҳларида маънавий-маданий тадбирлар, спорт мусобақаларини ташкил этиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси тартибига риоя қилиш каби масалалар батафсил тушунтирилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, комбинат тасарруфида Пискент туманида жойлашган “Тонг”, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Металлург”, “Гулзор”, Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган “Истиқлол” ҳамда Сурхондарё вилоятида жойлашган “Хондиза-Парвоз” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолият юритиб келади.
Юртимизда мавсум 6 июндан бошланди, 161 та оромгоҳда жами 47 минг 381 нафар болаларнинг соғломлаштирилиши режалаштирилган. Комбинат оромгоҳларида эса мавсум 10 июндан бошланиб, 2 августга қадар давом этади.
Умида Жалилова,
"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ ходимлари
касаба уюшмаси етакчи мутахассиси