Лого Лого-пв-уз

    Тайёрбек иш излаяпти — ижтимоий сатира

    Тайёрбек серғайрат йигит. Ишга тез киришиб кетади. Лекин ёмон одати бор-да – ҳеч бир ишни охиригача етказмайди. Бу одатга қачон ўрганди, ўзи ҳам билмайди.

    Мактабни ҳам зўрға тамомлаганди. 7-синфдаёқ ўқувчиликдан безди. Яхшиям мактаб директори Матқовул Қўшшаев қўшниси экан — мактабга ҳар куни ўзи олиб кетарди.

    Тайёрбек бир амаллаб коллежни тугатди. Борган кунларини санаса, унга диплом берган коллеж раҳбарларининг сири очилиб қолади. Шунинг учун бу мавзуни ёпиқлигича қолдирамиз.

    Кейин нима бўлди? Кейин отаси Қалқон ака Тайёрбек коллежда 1-курс пайти олиб боқаётган сигирларни сотиб, ўғлини суперконтракт билан институтга киритди.

    Йигитнинг шашти бошида кучли эди. Бироқ 2-курсга ўтар-ўтмас, яна ёқмай қолди: “Э, юраманми умримни ўтказиб? Ҳаракати бор одамга дипломнинг кераги йўқ!”.

    Уни интернетдаги мотивацион гап-лар айнитди. Ахир ўша пайтда дўнгпешана блогернинг диплом керакмаслиги ҳақидаги интервьюси роса машҳур бўлганди-да.

    Ҳаммаси куйиб кетди. Шунча пайт боқилган сигирлар “ҳаром ўлди”. Ҳа, майли-да! Отаси бунга ҳам чидади: “Ўғлимнинг шунга яраша бирор каттароқ режаси бордир-да”, деб ўзини овутди.

    Тайёрбек ўқишни ташлагандан кейин бир муддат бекор юришига тўғри келди. Ҳар-ҳар замонда шаҳарга бориб-келиб турди. Нима режада юрганини ҳеч ким билмади. Ростдан ҳам бирор режаси бормиди ўзи?!

    Отаси ўғлининг вақти бекор ўтаётганини кўриб, туманда ишлаётган синфдошининг ёнига ишга киритиб қўймоқчи бўлди. Ахир режаси амалга ошгунча буям ҳарна-да.

    Иш хусусий фирманинг югур-югури экан. Солиққа бор, Давлат хизматларига бор, уни чақир, буни чақир… Бу ерда ҳам 2 ой ишлади. Кейин буям ёқмай қолди: “Э, қачонгача буларнинг югурдаги бўлиб юраман?”.

    Қалқон ака яна рози бўлди. У ҳамон ўғлининг катта режалари борлигига ишонарди.

    Тайёрбек тағин ишсиз қолди.

    Лекин бир куни иши юришиб кетадиганга ўхшади. Маҳаллага яқиндагина ҳоким ёрдамчиси бўлган Чаққонбой билан танишиб, ёшларга қандай имтиёзлар борлиги ҳақида суриштирди.

    Чаққонбойнинг иши шу эмасми, унга бир ҳафтага қолмасдан 30 миллион сўм чорва кредити олиб берди. Тайёрбек ориқ-семиз 10 бош қўйли бўлди.

    Катта-катта режалар тузилди — 1 йилда 20 та, 2 йилда 40 та бўлади. 5 йилда бу қишлоқда ундан ўтадигани бўлмайди. Қалқон аканинг хурсандлигини кўринг!

    Лекин чорва боқиш ҳам осон эмас экан, овқат бер, сув бер, жунини ол. Хуллас, бу Тайёрбекка тўғри келмайди. Бундан ҳам яхши ишлар кўп-ку.

    Бозорга чиқиб, 10 та қўйни кредитнинг ярим нархига сотди. Лекин шу пулга бошқа иш қилиш ёдидан чиқибди. Режа қилиш билан ўтган 3 ойда бу пулдан 1 тийин ҳам қолмади. Қолгани — бўйинда 30 миллион кредит. Қалқонбой аканинг умри узоқ бўлсин!

    Тайёрбек яна бошқа иш қилмаса бўлмайди. Эрта-индин уйланади. Бирор касб ўрганса-чи?! Яхши фикр!

    Шу ғоя билан тумандаги бандликка кўмаклашиш марказига борди. У ердагиларга ҳам шундай одам керак эканми, уч кунда Тайёрбекни мономарказга курсга жойлаштириб қўйишди. Бепуллиги-ку нур устига нур. Ҳадеб иши ўхшайвермаган Тайёрбек энди шу ерни маҳкам ушлайман, касб ўрганиб яхши мутахассис бўламан, деб қасам ичди. Лекин, афсуски, бу ерда ҳам камида олти ой ўқиш керак экан. Олти ой! Бўлмайди!

    Нима қилса экан энди? Имтиёзли кредит керак унга! Ахир пул пулни топади. Суриштириб-суриштириб, тикувчилик цехи очиш учун имтиёзли кредит борлигини эшитди. Онасининг номига олса бўларкан. Ҳаммаси ҳал эди — Назариддин ака қайтариб қолмаганида.

    Нимадир иш қилмаса бўлмайди. Тайёрбекка иш керак. Эртага шу масалада пойтахтга бормоқчи. У ҳозир хонасида ётиб, шунинг режасини тузяпти…

    Жонибек АЛИЖОНОВ,
    "Янги Ўзбекистон" газетаси,
    2023 йил, 1 ноябрь, 227-сон
    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates