“Терговга қадар текширувни амалга оширишда ва жиноятларни тергов қилиш давомида аниқланган крипто-активларни олиб қўйиш, хатлаш, сақлаш ҳамда топшириш тартиби тўғрисидаги” йўриқнома Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3591, 25.12.2024 й.)
Унга кўра, крипто-активлар терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида хатлаш, мусодара қилиш, етказилган зарарни қоплаш учун олиб қўйилиши ҳамда далил сифатида эътироф этилиши мумкин.
Крипто-активлар билан боғлиқ терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш крипто-активлар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлган мутахассислар иштирокида амалга оширилиши шарт.
Қуйидаги маълумотлар крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ахборот манбалари бўлиши мумкин, жумладан:
- шубҳали операциялар тўғрисидаги хабарлар;
- хизматлар провайдерлари ва майнерлар томонидан тақдим этилган маълумотлар;
- назорат қилувчи (лицензияловчи) органларнинг маълумотлари;
- очиқ ахборот манбаларидан олинган маълумотлар.
Терговга қадар текширувни амалга ошириш ва жиноятларни тергов қилиш давомида крипто-активлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид маълумотлар ва далиллар қуйидагиларда аниқланиши мумкин:
- ахборот ташувчи қурилмалар;
- крипто-ҳамёнлар;
- қоғоз, блокнот ёки бошқа нарса ва буюмларда қайд этилган қўлёзма ва ёзувлар.
Олиб қўйилган, хатланган ва далил сифатида эътироф этилган крипто-активларнинг ҳисоби суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан юритилади.