баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш йўлидаги муҳим қадам

    Давлатимиз раҳбарининг куни кеча имзоланган “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони замирида ҳам эл саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларни янги босқичда давом эттириш мақсади мужассам.

    Мамлакатимизда  соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

    Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан соҳага қаратилган эътибор бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш баробарида, аҳолининг тиббий хизматдан рози бўлишида муҳим омил бўлмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг куни кеча имзоланган “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармони замирида ҳам эл саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларни янги босқичда давом эттириш мақсади мужассам.

    Маълумки, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар масаласи бўйича камчиликлар яққол кўзга ташланиб қолганди.

    Айниқса, чекка ҳудудларда оилавий шифокор, умумий амалиёт шифокорлари ва ўрта тиббиёт ходимларининг етарли эмаслиги, баъзи ҳудудларда тор соҳа мутахассислари йўқлиги, малакали мутахассислар кўпроқ Тошкент шаҳрида фаолият юритиши аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганди. Янги меъёрий ҳужжатда ўрта тиббиёт ходимлари учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан эса яна қўшимча 10 минг  штат  ажратилиши белгиланган. Бу ўз навбатида, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш қамровини кенгайтириши шубҳасиз.

    Яна бир янгилик шуки, 2021 йил 1 июнга қадар оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалар эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативлари тасдиқланади. Бу эса муассасаларнинг малакали тиббий ходимлар билан таъминланишига хизмат қилади.

    Шунингдек, фармонда яна бир муҳим жиҳат — ўрта тиббиёт ходимларининг мақомини ошириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган. 2021 йил 1 августга қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш нуқтаи назаридан уларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш белгиланган.

    Шундан келиб чиқиб, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ҳамда  малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ва уни 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилиш кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, эл саломатлиги олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қила оладиган малакали тиббиёт ходимларини етиштириш баробарида тиббий хизмат сифатини юксалтиришга хизмат қилади.   

    Мазкур фармонга биноан ҳамширалик иши  ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди. Энди ҳамширалик иши фаолиятини амалга оширувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ўрнатилган тартиб билан бир қаторда қуйидаги талаблар қўйилди. Масалан, ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши, ҳамширалик иши фаолияти билан шуғулланаётган шахс белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши каби талаблар белгилангани  ўрта тиббиёт ходимлари орасида бандлик даражасини оширибгина қолмай, улар кўрсатаётган тиббий хизмат сифатининг  юқори бўлиши ва ўз соҳаси бўйича қабул қилинган стандартларга риоя қилиши тўлиқ   назоратда бўлади.

    Меъёрий ҳужжатда белгилангани каби эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларига  малакали раҳбар ходимлар ва мутахассислар жалб қилиниши  узоқ ва чекка ҳудудларда ҳам халқимизга сифатли, самарали тиббий хизмат тизими яратилаётганидан далолат беради.

    Эндиликда оғир шароитли туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари ҳамда улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассислари шартнома асосида муайян муддатга жалб қилинадиган бўлди.

     Шунингдек, муҳим янгиликлардан бири шундаки, туман ва шаҳар марказий шифохоналарининг койкаларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига молиялаштириш амалиётига босқичма-босқич ўтилади.

    Ҳужжатга кўра, туман ва шаҳар марказий шифохоналарининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига таъминланадиган койкалар фондига ўтказилади.

    Яна қўшимча 10 фоизи эса 2023 йил 1 январдан бошлаб шу тартибда молиялаштирилади.

    Натижада   ушбу шифохоналарда амалга ошириладиган турли ихтисосликдаги стационар хизматига бўлган аҳолининг талаби туманнинг ўзида  қондирилади.

    2021-2022 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қабул квотаси икки бараварга оширилади.

    Олий ўқув юртини тугатган мутахассис клиник ординатурада илмий тадқиқот олиб бориш билан бирга, муассасаларда амалиёт ўтайди. У ҳам шифокор сифатида ишлайди, ҳам билими ва малакасини оширади. Бу эса, ўз навбатида, иккита масалага ечим бўлади. Дейлик, у олий ўқув юртини умумий амалиёт шифокори мутахассислиги бўйича тамомлаган бўлса, энди эндокринолог бўлиб шаклланиши учун шу йўналишдаги клиник ординатурага ўқишга киради. Ўз ҳудудидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада эндокринолог бўлиб ишлаган мутахассис ўша ҳудудда шу йўналишдаги шифокорга бўлган эҳтиёжни қондиради, ординатурани битиргандан кейин эндокринолог дипломига эга бўлади.

    2021 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларига махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган “мобиль тиббиёт” хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат “тиббий пункт”ларини ташкил этишга рухсат берилди.

    Нодавлат тиббиёт ташкилотларига “тиббий пункт”лар ташкил этишга рухсат берилгани билан  узоқ ҳудудлардаги маҳалла фуқароларига,  йирик ишлаб чиқариш корхоналарида хизмат қиладиган минглаб ходимларга   тиббий хизмат кўрсатиш  имконияти яратилади. Шунингдек, ҳамшираларимиз бандлиги таъминланади.

    Яна бир муҳим янгилик — иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш учун янги жамғарма тузилиши бўлди.

    Фармонда тиббиёт тизимида етук ва чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, тиббиёт ташкилотлари ва муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

    Шу мақсадда Соғлиқни сақлаш вазирлигида Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси ташкил этилиши қайд этилган.

    Бунинг учун 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўровига асосан Молия вазирлиги ушбу жамғармага 50 миллиард сўмгача миқдорда маблағ ажратади. 2022 йилдан бошлаб эса зарур маблағлар Давлат бюджети параметрларида кўзда тутилиши белгиланган.

    Жамғарма маблағлари ҳудудий тиббиёт муассасаларига хориждан ишга жалб қилинадиган малакали мутахассислар, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган иқтидорли мутахассисларга зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, уларни моддий рағбатлантириш, етакчи хорижий тиббиёт муассасаларида стажировка ўташлари ва малака оширишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун йўналтирилади.  Натижада, бугунги кунда кўпгина эътирозларга сабаб бўлаётган — туман(шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги бошқарув тизими салоҳиятининг пастлиги ва бугунги талабга жавоб бермаслиги масалаларидаги муаммолар ўз ечимини топади.

    Фармонда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга бепул ордер бериш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

    Унга кўра, 2021 йил 1 ноябрга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этади.  Бу, ўз навбатида, аҳолини норози қилаётган муаммо — ордерлар тақсимотидаги коррупцион механизмларни бартараф этиб, шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

    Янги тартибга мувофиқ, эндиликда эҳтиёжманд оилалар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими асосида аниқланади. Шу билан бирга, имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

    Амрилло ИНОЯТОВ,

    Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари