Тинч ва фаровон ҳаёт – болаларга энг яхши туҳфа!

    Долзарб 1 июн 2020 7035

    Бутун дунёда болалар ҳимояси, парваришига алоҳида эътибор қаратилиб, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни катта шодиёна сифатида нишонланади. Аммо бир пайтлар — инсоният бошига оғир кулфатлар солган Иккинчи жаҳон урушида мурғак жонларни ҳимоя қиладиган кишилар ниҳоятда саноқли эди.

    Даҳшатли уруш оқибатида етим қолган миллионлаб болаларнинг аксарияти кўчада яшашга, омон қолиш учун тиланчилик ва ўғрилик қилишга мажбур бўлди. Ҳатто иқтисодий фаровонлигини нисбатан сақлаб қолган мамлакатларда ҳам қанчадан-қанча болалар кўча-кўйда тентираб, очлик ва касалликдан ҳалок бўлди. Бундай оғир вазиятга бефарқ қараб туролмаган БМТ ёрдамга муҳтож болаларга кўмак бериш мақсадида 1946 йил 11 декабрда Халқаро фавқулодда болалар жамғармаси — ЮНИСЕФга асос солди.

    Зарурат юзасидан фавқулодда тузилган ташкилот кейинчалик доимий фаолият юрита бошлади ва йиллар давомида миллионлаб болаларга ёрдам қўлини чўзаётган “дунёнинг виждони”га айланди. Ҳозирги кунда ЮНИСЕФ 190 дан ортиқ мамлакатда ҳар бир бола учун яхшироқ дунёни қуришга қаратилган мақсадлар асосида иш олиб борилмоқда.

    ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1994 йилдан буён мамлакатимизнинг ёш фуқаролари ғамхўр ва дўстона жамиятда вояга етиши, соғлом ривожланишини таъминлашга қаратилган дастурлар асосида фаолият юритмоқда. Бутун саъй-ҳаракати БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ижросига асосланган мазкур ташкилот юртимиз болаларининг ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси, саломатлиги, бепул ва сифатли таълим олиши каби масалаларда ҳукумат билан ҳамкорлик олиб боради.

    — Жаҳонда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганидан буён кўп вақт ўтди. Бу давр оралиғида кўплаб давлатлар ҳар жиҳатдан тараққий этганига қарамай, минг афсуски, ҳамон ҳимояга муҳтож болалар эътибордан четда қолаётганига гувоҳ бўляпмиз, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, жаноб Саша ГРАУМАНН. — Бунга дунёда кам таъминланган оилалардаги болалар ўлимининг юқорилиги, бошланғич ва ўрта мактабларда қамров даражаси катта бўлишига қарамай, ногиронлиги бўлган болалар оддий мактабларда таълим ололмаслиги ёки қизларнинг олий таълимдаги улуши нисбатан камлигини мисол қилиб келтириш мумкин.

    Бундан ташқари, жаҳон миқёсида махсус муассасаларда тарбияланаётган болалар сони ҳам оз эмас. Расмий маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар 100 минг боладан 120 нафари, алоҳида олиб қаралганда, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида 100 минг боладан 666 нафари шундай муассасаларда тарбияланади. ­Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич нисбатан камроқ — 100 минг боладан 255 нафари.

    Ўзбекистонда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиши мақтовга сазовор. Амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида иқтисодий масалаларга эътибор қаратилиши баробарида ижтимоий ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларига кўмак бериш тизимининг йўлга қўйилгани давлатнинг кичик фуқароларига бўлган ғамхўрлиги белгисидир.

    — Болалар ижтимоий ҳимоясининг энг асосий жиҳатларидан бири саломатлик билан боғлиқ масалалардир. Бу соҳадаги ишлар, айниқса, дунёда кенг тарқалаётган коронавирус пандемияси даврида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, ЮНИСЕФнинг болалар саломатлигини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари ҳақида тўхталсангиз.

    — ЮНИСЕФ ўз фаолияти доирасида болалар саломатлигини сақлаш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан доимий ҳамкорлик олиб боради. Ана шу ҳамкорлик доирасида вакциналар ишлаб чиқарувчидан ҳар бир болага етиб боргунига қадар унинг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги занжир — инфратузилма тармоғи яратилди. Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI) кўмаги билан Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида вакциналарни сақлаш учун янги совиткичли омборхоналар қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Мазкур ускуна ва технологиялардан фойдаланиш бўйича мутахассислар махсус курсларда ўқитилди. Айни пайтда ЮНИСЕФ вакциналарни омборлардан туманлар ва чекка аҳоли пунктларидаги поликлиникаларга сифатли етказиш учун барча вилоятларга музлаткичли автомобиллар харид қилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакатда эмлаш қамровини юқори даражада сақлаб туришга ёрдам беради.

    Ҳамкорлигимизнинг яна бир йўналиши туғилиш ва ўлим ҳолатларини электрон рўйхатга олиш тизимини жорий этишдир. Бу мутасадди вазирлик ва идоралар ўртасида самарали ва тезкор маълумотлар алмашинувини таъминлайди. Шунингдек, мазкур тизим маълумотларни йиғиш ва уларни тўғри таҳлил қилиш асосида қарорлар қабул қилишга йўл очади.

    Айтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда она ва бола саломатлигига қаратилаётган эътибор, бу борада олиб борилаётган аниқ чора-тадбирлар натижасида мамлакатда болаларнинг омон қолиши ва соғлом ривожланиши бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Аммо айрим муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг 50 фоизи улар ҳаётининг дастлабки 28 кунида рўй беради.

    ЮНИСЕФ янги туғилган чақалоқлар ўлимининг олдини олишда Соғлиқни сақлаш вазирлигини перинатал ўлимлар аудитини ўтказиш, янги туғилган чақалоқларда тиббий ёрдам стандартларини янгилаш, перинатал хизматлар сифатини оширишнинг илғор услубларини жорий этиш орқали қўллаб-қувватлайди.

    Сўнгги йилларда ЮНИСЕФ Соғлиқни сақлаш вазирлигига Хоразм, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги саккизта бирламчи тиббий-профилактика муассасасида уйга ташриф буюришнинг универсал-прогрессив тизимини моделлаштиришда ёрдам берди. Бундай ёндашув тиббиёт ҳамшираларига касалликнинг хавфли белгиларини вақтида аниқлаш, ота-оналарга болани парваришлаш бўйича фойдали маслаҳатлар бериш, ижобий амалиётни рағбатлантиришга хизмат қилади.

    Бола саломатлигини таъминлашда соғлом овқатланиш муҳим ўрин тутади. Бу, айниқса, бола ривожланишининг дастлабки босқичларида жуда муҳим. Шу боис, ЮНИСЕФ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида озиқланиш бўйича миллий тадқиқот ўтказилди. Унда сўнгги йилларда аёллар ва болаларнинг овқатланишида эришилган ютуқлар кўрсатиб берилди. Масалан, боланинг ўз ёшига нисбатан бўйи меъёрдан паст бўлиши ҳолатларини камайтириш борасида Ўзбекистон сезиларли ютуқларга эришди. Гўдакларни кўкрак сути билан озиқлантиришни эрта бошлаш амалиётини жорий қилиш бўйича ҳам яхши натижалар қайд этилмоқда. Бироқ тадқиқот давомида болалар ва репродуктив ёшдаги аёлларда микроэлементлар етишмовчилиги ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар сирасига кириши аниқланди. ЮНИСЕФ кўмагидаги тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш ва тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш натижасида ҳукумат мамлакатда озиқланиш стратегияси ва микроэлементлар етишмаслигини камайтириш бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга қарор қилди. Умид қиламизки, бу каби саъй-ҳаракатлар болалар ўлими ҳолатини камайтириб, она ва бола саломатлиги борасида янги ютуқларга эришишни таъминлайди.

    — ЮНИСЕФ Ўзбекистонда оналар ва болалар саломатлигини янада яхшилаш учун нималарни тавсия қилади?

    — Келажакда янада барқарор ва адолатли ривожланишга хизмат қиладиган пойдевор яратиш учун она ва бола саломатлиги, айниқса, кам таъминланган, алоҳида эътиборга муҳтож болаларга кўпроқ сармоя йўналтириш зарур.

    Бугун Ўзбекистонда мактаб ёшидаги ногирон болалар 1 фоизни ташкил этади. Ҳомиладорликнинг эрта босқичи, туғилиш жараёни ёки бола ҳаётининг биринчи йилида мазкур муаммони бартараф этишга жиддий қараш орқали юқоридаги кўрсаткични янада қисқартириш мумкин.

    Болалар саломатлигини таъминлашда эмлаш қамровининг юқори даражасини сақлаб қолишда миллий иммунизация дастурининг таъминот ва совуқлик занжири тизимларини янада кучайтириш яхши самара беради.

    Бундан ташқари, бола ҳаётининг дастлабки 1000 кунига сармоя йўналтириш узоқ муддатга қаратилган самарали сармоядир. Боиси, дастлабки 1000 кун — бу улкан салоҳият, шу билан бирга, заифлик даври ҳамдир. Жаҳон миқёсидаги тадқиқотларнинг кўрсатишича, бу бола мияси ўсиб ривожланадиган ва ҳаёти давомидаги саломатлиги учун зарур пойдевор қўйиладиган даврдир.

    Бир сўз билан айтганда, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида она ва бола саломатлиги давлатнинг энг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади. ЮНИСЕФ соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган энг илғор халқаро ёндашувларни жорий этиш ва тарқатишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам беришга доим тайёр.

    — Ҳар бир бола бепул ва сифатли таълим олиш ҳуқуқига эга. ЮНИСЕФнинг бу борадаги дастурларида қайси масалалар устуворлик касб этади?

    — Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-йўналишига биноан, ҳар бир бола сифатли таълим олиш ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилишда тенг имкониятларга эга бўлиши лозимлигига алоҳида урғу берилмоқда.

    ЮНИСЕФ ҳукуматнинг барча, айниқса, мактабгача ва умумий ўрта таълим тизимида болаларни сифатли таълим билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ташкилотнинг бу борадаги фаолияти таълим соҳасидаги қонунлар, сиёсат ва режаларни ишлаб чиқиш, ўқув жараёнига инновацион моделларни жорий қилиш, таълим соҳасидаги мониторинг, тадқиқотлар ва баҳолашни қўллаб-қувватлаш каби тадбирларни ўз ичига олади.

    Бундан бор-йўғи икки йил муқаддам 3-6 ёшдаги болаларнинг бешдан бир қисмигина мактабгача таълим дастури билан қамраб олинган эди. Сўнгги икки йилда бу тизимга қаратилган эътибор натижасида мактабгача таълим муассасаларидаги болалар сони сезиларли даражада ошди. Бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу муассасалардаги сифатли таълим боланинг мактабга яхшироқ ­тайёрланиши ва кейинчалик дарсларни пухта ўзлаштиришига ёрдам беради.

    ЮНИСЕФ ҳукумат билан ҳамкорликда мактабгача таълим тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқишда ва таълим тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишда катта техник ёрдам кўрсатди. Сенат томонидан 2019 йил декабрь ойида қабул қилинган “Мактабгача таълим тўғрисида”ги қонун ёш болаларнинг эрта ёшдан бошлаб таълим олиш ҳуқуқи ва бу борадаги давлат сиёсатининг йўналишларини белгилайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 19 майда тасдиқланган таълим тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририда эса ҳар бир боланинг сифатли ва замонавий умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига урғу берилади.

    Ўзбекистон таълим секторининг 2019 – 2023 йилларга мўлжалланган иккинчи режаси ҳам ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Таълим бўйича глобал шериклик (GPE) томонидан 2019 йилда тасдиқланган таълим сектори режаси Мактабгача таълим вазирлигига 70 миллион АҚШ долларидан кўпроқ ташқи ёрдам олиш имкониятини берди. Бунда GPEнинг 10 миллион АҚШ долларига тенг гранти Жаҳон банкининг 60 миллион АҚШ долларидан ортиқ лойиҳаси билан тўлдирилди.

    Сўнгги йилларда ЮНИСЕФ ҳукумат билан ҳамкорликда амалга оширган йирик лойиҳалардан яна бири эрта таълимни ривожлантириш стандартлари ва “Илк қадам” янги мактабгача ўқув дастурини ишлаб чиқиш бўлди. Шунингдек, ташкилотимиз мактабгача таълимнинг муқобил моделларини ишлаб чиқиш, жумладан, давлат-хусусий шериклик моделлари ва бир йиллик бепул ва мажбурий мактабгача таълимни моделлаштиришда иштирок этмоқда. Ҳозир ушбу моделлар давлат томонидан мамлакатнинг бир неча ҳудудларида жорий қилинди.

    Ўзбекистон ҳукуматининг карантин даврида тезкор чоралар кўриб, таълимнинг узлуксизлиги ва масофадан туриб ўқитишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу амалий чоралар ҳукуматнинг COVID-19 пандемияси даврида ҳам боланинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш мажбуриятини адо этишдаги қатъиятини намойиш этди.

    Расмий маълумотларга кўра, мактабларнинг ёпилиши 8 миллиондан ортиқ боланинг таълим жараёнига таъсир қилди. Шундай шароитда ҳукумат жуда қисқа вақт ичида телевизион дарсларни ўқув дастурига мувофиқ тарзда ташкил этганини юқори баҳолаймиз.

    Сўнгги икки ой ичида 4500 га яқин телевизион дарс рус, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида ташкил этилиб, тўртта телеканал орқали намойиш этилди. Телевизион дарслар масофавий ўқитиш режимида 3400 соатлик дарсларни ўз ичига олади. Бу катта ютуқ ва бошқа давлатлар учун намунадир.

    Мазкур жараёнларда ЮНИСЕФ ҳам Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликларига болаларнинг таълим олишини таъминлаш учун масофавий ўқитиш дастурларини ишлаб чиқишда кўмак берди. Бунга қўшимча равишда ота-оналар учун масофавий ўқишда болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳатларни ўз ичига олган видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилди.

    Айни кунларда ЮНИСЕФ ҳукуматнинг масофавий ўқитиш дастурининг қамрови ва самарадорлигини тезкор баҳолашни амалга ошириб, мамлакатнинг бу борадаги ютуқларини дунёга намойиш этишни ва ушбу тажрибадан сабоқ олишлари учун уни бошқа давлатлар билан ўртоқлашишни режалаштирмоқда.

    Ҳозир ҳукумат билан ҳамкорликда мактабларни қайта очиш стратегияси устида иш олиб боряпмиз. Соғлиқни сақлаш ва гигиена қоидаларига эътиборни қаратган ҳолда хавфсиз мактаб фаолиятини амалга ошириш бўйича баённомалар ишлаб чиқилиб, масофавий ўқитишни таълим олишнинг қўшимча механизми сифатида татбиқ этиш режалари ­тайёрланмоқда.

    Умуман, Ўзбекистон 2030 йилга қадар бўлган давр учун ўз олдига улкан мақсадлар қўйган. Уларга эришишда нафақат ҳукумат, балки ҳамма фаол бўлиши керак. Хусусий сектор, таълим соҳаси вакиллари, тадқиқотчилар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ташкилотлари — барча болалар ва ёшлар учун муносиб келажакни шакллантириш йўлида бирлашмоғи зарур.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates