Ўзбекистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилганининг икки йиллиги муносабати билан бўлиб ўтаётган мазкур анжуман ялпи ва тематик параллель сессиялар шаклида олиб борилди.
Тадбирнинг биринчи куни коррупция, жиноий маблағларни қонунийлаштириш, терроризмни молиялаштиришга қарши курашишда янги чақириқ ва тенденциялар, тергов фаолиятида рақамли криминалистиканинг аҳамияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим, сунъий интеллектни қўллаш, одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Конференция ишида фан ва таълим соҳасидаги 150 дан ортиқ хорижий ва миллий экспертлар, етакчи олимлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасининг тажрибали ходимлари, тадқиқотчилар иштирок этдилар.
Халқаро конференцияни сўзга чиққанлар ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини самарали ташкил этишда фан ва таълимнинг аҳамияти, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, трасмиллий уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва бошқа муҳим йўналишларда ҳамкорликдаги лойиҳаларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Халқаро конференция доирасида «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим, сунъий интеллектни қўллашнинг долзарб масалалари», «Тергов фаолиятини ташкил этишга янгича ёндашувлар: рақамли криминалистиканинг роли», «Коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш: замонавий муаммолар ва тенденциялар», шунингдек, «Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари» мавзуларида параллель сессиялар бўлиб ўтди.
Ўтказилган сессиялар натижаларига кўра, конференциянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ва таълим салоҳиятини ошириш, масъул органлар фаолиятида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, коррупцияга қарши стандартларни имплементация этиш, терроризмни молиялаштириш ва жиноий активларни тиклаш, идоралараро ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган амалий тавсиялари қабул қилинди.
Халқаро илмий-амалий конференция натижалари тўплам шаклида чоп этилади.
Конференция ўз ишини 22 ноябрь куни давом эттиради.