Тирилди сиз билан ўзбек мақоми

    “Ўзбек мақомлари” – “Шашмақом” сарлавҳаси билан катта ҳажмда 2007 йилда ЮНЕСКО ташкилоти ҳисобидан ҳам нашр этилди. Бунинг учун Ўзбекистондаги ЮНЕСКО ваколатхонаси бошлиғи Майкл Барри Лейнга Ражабийлар сулоласининг чексиз миннатдорлиги ва ташаккурини билдирдик, – деди суҳбат сўнгида Ҳасан Ражабий.

    ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига мусиқий хазинамиз — “Шашмақом” ҳам киритилган. Бу билан фахрланамиз, унинг миллий мусиқамиз пештоқи экани ҳақида бонг урамиз, лекин аксариятимиз “Шашмақом”, тўғрироғи, мақомнинг ўзи нима эканини тушуниб етавермаймиз.

    Арабча сўз бўлган — “мақом” аввало истиқомат ўрни, турар жой, дам олиш жойи маъноларини берар экан. Мусиқа атамасида маълум мусиқа товушларининг ўрнашган жойи бўлса, куй маъносида ишлатиб келинадиган мақом мазмунан ўзаро боғлиқ бўлган, такрорланиб, бир-бирини тўлдириб турадиган мумтоз мусиқа асарлар мажмуи, мумтоз мусиқа ижодиётининг етук туркум жанри ҳисобланади.

    “Шашмақом” – олти мақом экани маълумлиги ҳолда, у ўз-ўзидан шу тарзда шаклланиб қолмаганини, унинг яралишида XVIII асргача “Дувоздох мақом” – ўн икки мақом асосий ўрин тутганини ҳам ҳамма билавермайди. Аслида, Марказий Осиё халқлари маданиятида тахминан XI–XVII асрларда яшаган ўн икки мақом XVIII аср ва айниқса, XX асрда ҳар томонлама ривож топиб, олти мақом – “Шашмақом” кўринишига келди. Бузрук, Рост, Наво, Дугоҳ, Сегоҳ ва Ироқ деб номланувчи бу мақомлар ўз ичига жами 250 дан ортиқ турли шаклдаги чолғу ва ашула йўлларини олади. Олти мақомнинг ҳар бирида олтитадан ўнтагача чолғу куйлари, қирқтадан элликтагача ашула йўллари бўлиб, бир-бирини тўлдириб турадиган 300 дан ортиқ асар жамланган. Ҳар бир мақом икки йирик бўлим — туркумлар (Мушкилот ва Наср)дан иборат. Улар мустақил мавзуларга эга бўлса ҳам, бир-биридан кўп фарқланмайди. Ижро учун етакчи чолғу танбур ҳсобланади, чунки мақомлар шу чолғу билан созланади.

    Асосан, оғзаки анъанавий ижод этилган, сақланган, сайқал топган, авлоддан-авлодга “устоз-шогирд” услубида ўзлаштирилган “Шашмақом” ХХ асрдан бошлаб ёзиб олина бошлади, илмий ўрганилди. 1923 йили рус композитори Виктор Успенский бухоролик мақом усталаридан “Шашмақом”ни европача нотада ёзиб олган.

    – Бу миллий дурдонамиз ўз-ўзидан бугунгидек мукаммал, яхлит ҳолга келиб қолмаган. Марказий Осиё қадимдан маданият ўчоғи, илм-фан ривож топган замин сифатида маълум ва машҳур эди, – дейди санъатшунослик фанлари доктори, профессор Рустам Абдуллаев. – Ҳаётини мусиқа билан чамбарчас боғлаган мақом санъатининг етук билимдон ва ижрочилари бўлмиш Ота Жалол Носиров, Ота Ғиёз Абдуғани, Левича хофиз, Домла Ҳалим Ибодов, самарқандлик Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, тошкентлик Мулла Тўйчи ҳофиз ва Шораҳим Шоумаровлар бу мероснинг тарғиботчилари сифатида тарихда қолдилар.

    Ўзбек мақомларининг етук билимдони, академик Юнус Ражабий эса мақом ижроларини такомиллаштирган, уларни кенг оммага етказишда жонбозлик қилган. У “Шашмақом”ни тўлалигича нотага туширди ва ёзиб олди, кейинчалик китоблар ва грамёзувлар шаклида нашр эттирди.

    “Шашмақом”нинг шаклланишида жуда кўп мусиқашунос олимлар тер тўккан. Миллий мусиқамизнинг биринчи академиги, мусиқий “Хамса” – беш жилдлик “Ўзбек халқ музикаси” китоби муаллифи Юнус Ражабий уй-музейида бўлганимизда, профессор Рустам Абдуллаев айтганидек, биз ҳам унинг чинакам мақом санъати фидойиси эканини англаб етдик. Буюк санъаткорнинг “Шашмақом”дек мусиқий меросимизни нота билан ёзган иш столидаги тамаки қутиси, ўчирғич, қалам, мусиқий ижод машаққатига бир ишора эканини ҳис қилдик. Зеро, беш жилдлик “Ўзбек халқ мусиқаси”дан ташқари олти жилдлик мукаммал асарни яратиш осон кечмаган. Бу ноёб асарлар, Юнус Ражабийнинг куйлар чалиб нотага олган қадрдон дутори, ўқиган ва ёзган китоблари аччиқ чой билан ўтказилган бедор тунларнинг жонсиз гувоҳларидир. Шу маънода мусиқий бойликларимизни тўплаган санъаткор фаолиятига кўпроқ эътибор қаратдик. Юнус Ражабийнинг фарзанди, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳасан Ражабий отасининг “Шашмақом” билан боғлиқ фаолияти ҳақида бизга кўп нарсаларни ҳикоя қилиб берди.

    – Мусиқий дурдонамиз бўлган “Шашмақом”ни Юнус Ражабий Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона водийси, шаҳар ва қишлоқларда ижод этган номдор, уста мақом ижрочиларининг созу овозларини тинглаб туриб ёзиб олган, – дейди Ҳ.Ражабий. – Бу фаолиятга у ўзбек мақомлари борасида орттирган катта тажрибаси, устозлари кўрсатмаларига суянган ва ижодий ёндашган ҳолда киришган. Бунинг самараси ўлароқ, Юнус Ражабий 1959 йилда Ўзбекистон телерадиоси ҳузурида ўзи тузган Мақомчилар ансамбли ижросида беш йил давомида “Ўзбек халқ мусиқаси” антологияси ва “Шашмақом” китобларига жо бўлган оригинал нота ёзувларининг энг мукаммал ижроларини ҳам яратишга муваффақ бўлди.

    Академикнинг “Шашмақом” устидаги меҳнатларини ўрганар эканмиз, нота ёзувларига ўтказилишдан аввал устоз томонидан ҳар бир куйнинг қайта ишланиб, сайқалланиши машаққатини тасаввур қилдик. Баъзи мақом асарларининг 3–4 хил вариантини бир-бирига солиштириб, энг мукаммал ва оригиналини қайта ишлаши ҳам санъаткорнинг ўз ишига бор меҳрини берганидан далолат. Баъзи мақом қисмларининг куй жумлалари тўлмагандек туюлган жойларига тузатишлар киритган. Баъзан Юнус Ражабийнинг ўзи томонидан басталанган янги тароналар, талқинлар, соқийномалар ва уфарлар ўша куйларнинг давоми сифатида ижро этилиб, нашр этилган тўпламлари қаторига киритилди.

    Аллома мақом матнини танлашда, мумтоз шеъриятимизнинг энг нодир, халқчил асарларидан ва ўзбек халқ оғзаки ижодиётидан ниҳоятда усталик билан фойдалана олдики, бу борада унга катта ёрдам берган шогирди Исҳоқ Ражабовнинг қуйидаги эътирофини келтириш кифоя: “Юнус Ражабийдек ғазални бир куйга мос тушира биладиганини кўрмадим. Мингдан ортиқ куйларга у танлаган шеърий асарлар шундай монанд бўлардики, ғазал шу куйга атаб ёзилган ёки куй ушбу ғазалдан келиб чиққандек гўзал янграган”.

    “Шашмақом” асарларидаги нота ва ижро ёзувларини яратишида улуғ ёшга бориб қолган ақлу заковатининг ҳам энг етук даражасида турган пири устоз Юнус Ражабийнинг энг асосий мақсадларидан бири — барча асарларнинг ижро вариантини ҳам оҳанрабо тасмаларга ёздириб улгуриш эди. У ўз уйидами, радио уйидаги мақомчилар ансамбли хонасидами, шогирдларига санъат сирларини ўргатиб турган вақтнинг ўзида ҳам куйга сайқаллар, қочиримлар, янги жумлалар, тароналар, соқийномалар, талқинлар киритарди. Шогирдлари ижроларидан кўнгли тўлганидан кейингина, ўша вақтнинг ўзида радионинг овоз ёзиш студиясида тайёр бўлган мақом қисмининг ижро ёзувларини амалга оширган. Чунки шиддат ила ҳаракат қилинмаса, бу улкан иш охирига етмас эди.

    “Шашмақом”нинг чолғу ва ашула қисмларидаги ижро ёзувларининг тўлиқ вариантини Юнус Ражабий нисбатан қисқа муддат – 4-5 йил ичида ёздириб улгурди. Шу тариқа “Шашмақом” тузатилди, бойитилди ва тикланди. Ўзбекистон радиоси ва Тошкент грамстудиясида 22 та катта дискка ёздирилган ижроларнинг янада мукаммаллаштирилган нусхаси мақом шинавандаларига тақдим этилиши баробарида, бу бебаҳо тўплам 1966 йилда бутун дунё халқларига ҳам армуғон этилди. Қарабсизки, ўзбек мақомлари шуҳрати қардош Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон, Югославия, Руминия, Олмония, Япония, Америка, Туркия, Арабистон ва бошқа чет давлатларга ҳам тарқалиб кетди. Шунинг учун 1973 йилда “Ўзбектелефильм” томонидан ишланган тўлиқ метражли “Шашмақом” фильми довруғи ҳам бутун дунёга ёйилиб, катта совринларни қўлга киритган, зўр олқишларга сазовор бўлганди.

    Юнус Ражабийнинг мақомларимизни нотага олиш, уларни бойитиш борасидаги барча машаққатлари — қаҳрамонона меҳнат. Айни меҳнат ортидан ўзбек мақомларининг гўзал ва бетакрор ижро ёзувлари яратилдики, олти мақом — олтин меросга айланди. Академик санъаткор “Ўзбек халқ мусиқаси” ва “Шашмақом”ни яратишда кимлар унга ёрдам берган бўлса, ўшаларга қуллуқ қилди, эъзозлади, таъзим келтирди. Шунингдек, уларни ардоқлаб, номларини бутун оламга ёйди. “Шашмақом” ўзбек халқининг ўчмас, нафис мусиқа асарлари, олтин меросимизга айлангани ҳолда, Юнус Ражабийни мумтоз мусиқамиз бобокалони, мақом алломасига айлантирди.

    – Китобни яқинда қайта нашр эттирдим. “Ўзбек мақомлари” – “Шашмақом” сарлавҳаси билан катта ҳажмда 2007 йилда ЮНЕСКО ташкилоти ҳисобидан ҳам нашр этилди. Бунинг учун Ўзбекистондаги ЮНЕСКО ваколатхонаси бошлиғи Майкл Барри Лейнга Ражабийлар сулоласининг чексиз миннатдорлиги ва ташаккурини билдирдик, – деди суҳбат сўнгида Ҳасан Ражабий.

    Дунёнинг кўплаб мамлакатлари, ўлкамизда яшайдиган турли миллатлар орасида, айниқса, тожик халқи ва бухоро яхудийлари орасида ҳам “Шашмақом” чуқур ўзлаштирилган. Улар ҳам ушбу дурдоналарнинг ривож топишига ҳисса қўшишган. Тожикистонда ҳам Шашмақомнинг ўзига хос шева ва услубларда янграши, у ерда ҳам мақомчилар ансамбли тузилиши, Шашмақом китобларининг нашр этилиши фикримизни тасдиқлайди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ўзбек мақомлари форс-тожик ғазалиёти билан ҳам ўзига хос жозиба билан куйланиб келинган. Бу эса, икки халқнинг ҳар жиҳатдан муштарак яшашига хизмат қилиб келяпти. Юртимизда эса Хоразм, Бухоро Фарғона–Тошкент мақом йўлларида ижод қилаётган буюк мақомчиларнинг муносиб издошлари етишиб чиққани қувонарли. Мақом йўлларининг ўзи алоҳида бир мавзу бўлгани боис бу борада кенгроқ тўхталишни дилга тукканмиз. Зеро, “Шашмақом”нинг моҳиятини англатиш учун қанча-қанча китоблар ёзилмади, илмий ишлар олиб борилмади дейсиз.

    Ҳозирча хулосамиз шуки, “Шашмақом”ни бугунги ҳолга келтириш не чоғли мушкул бўлганини ҳис қила олган киши Ўзбекистон халқ шоири Собир Абдулланинг қуйидаги мисралари шунчаки ёзилмагани, Юнус Ражабий қатори ўзбек мақомини тиклаш йўлида жонбозлик кўрсатган барча мусиқашунос олимларга қарата айтилганини ҳам англаб олади:

    Киши хизмат қилар элга, яшар у

    Ҳамиша ёдланиб унвон-у номи.

    Улуғ иш қилдингиз бойликни тўплаб,

    Тирилди Сиз билан ўзбек мақоми.

    Муножат Мўминова,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates