Давлатимиз раҳбарининг жорий йил февраль ойида Туркия Республикасига расмий сафари давомида эришилган келишувларни амалга ошириш ва шу асосда Тошкент шаҳрида Туркия иқтисодиёт ва технология университети филиалини ташкил этиш юзасидан март ойида Ўзбекистон делегацияси Туркия иқтисодиёт ва технология университетига ташриф буюрган эди.
Ташриф чоғида мазкур олийгоҳнинг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш юзасидан Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети билан ҳамкорликда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг истиқболларига мувофиқ, тадбиркорлик, иқтисодиёт, молия, корпоратив ҳуқуқ, ахборот-коммуникация технологиялари, психология соҳаларида халқаро стандартлар даражасида, жумладан, дуал таълим технологияларини қўллаган ҳолда, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш вазифалари белгилаб олинган.
Тадбиркорлик соҳасида умумэътироф этилган халқаро талаб ва таълим стандартлари даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан Тошкент шаҳрида Туркиянинг иқтисодиёт ва технология университети филиали очилиши бўйича 2020 йил 17 июнда Вазирлар Маҳкамасининг 389-сонли қарори ҳам қабул қилинди.
Шу билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан махсус лицензия расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг 29 август куни Туркия иқтисодиёт ва технологиялар Университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига (TOBB ETÜ Tashkent) кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтиҳон натижаларига кўра, университетнинг бакалавриат босқичига “Электрон тижорат ва технологияларни бошқариш”, “Халқаро бизнес ва тадбиркорлик” таълим йўналишлари бўйича илк талабалар қабул қилинди.
Туркия иқтисодиёт ва технология университетининг бошқа университетлардан фарқи нимада?
TOBB ETÜ университети 2002 йилда Туркия савдо палатаси ва товар биржа иттифоқи қошида Иқтисодиёт ва технологиялар —ташкил этилди. Университет ўз фаолиятини 2004 йилда бошлаган, бугунги кунда кучли педагог кадрларга эга бўлган, ўзига хос ва универсал билим беради, тадбиркорлик соҳасида кадрлар тайёрлайди.
TOBB ETÜ шунингдек, якка тартибдаги ва халқаро бизнес тажрибасига эга тадбиркорларни тайёрлайдиган олийгоҳ сифатида ташкил этилган. Университет ўз ўқув дастури учун дуал таълим, назарий билим ва амалиётни уйғунлаштирувчи “ҳамкорликда ўқитиш” тизимини асос қилиб олган. Шу билан биргаликда TOBB ETÜ олдига назарий ва амалий тадқиқотлар олиб борадиган, жамиятнинг тадқиқот фаолиятидаги эҳтиёжларига эътибор қаратадиган, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшадиган ва тадбиркорлик учун зарур бўлган малакали тадбиркорлар синфини шакллантирадиган университетга айланиш вазифаси ҳам қўйилган. Ўқитишнинг дуал таълим тизими туфайли талаба нафақат олий маълумот тўғрисида диплом олади, балки корхонада узоқ муддатли амалиёт ҳам ўтайди. Ўқишни тугатгандан сўнг талабалар халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали кадрлар бўлиб етишади, чунки филиал талабалари нафақат миллий компанияларда, балки чет элларда ҳам малака ошириш имкониятига эга. TOBB ETÜ Tashkent филиалида жорий этилган дуал таълим тизими — ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари талабларига жавоб берадиган замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш орқали Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини оширувчи воситалардан биридир.
Шуни ҳам таъкидлашни истардикки, TOBB ETÜ уч семестрлик таълим тизимига эга экани билан ҳам Туркия олий таълим тизимида алоҳида ўринга эга. Таълим олувчиларнинг икки семестр давомида назарий билимлари, учинчи семестрда амалий кўникмалари шаклланлантирилиши мувозанатлаштирилган. Ўқиш давомида талабалар Туркия ва Ўзбекистоннинг машҳур компанияларида амалиёт ўташ, шунингдек, Туркиядаги таниқли тадбиркорларнинг фаолияти билан танишиш учун ажойиб имкониятга эга бўлади.
Бундан ташқари, иқтидорли талабалар учун TOBB ETÜ Tashkent филиалида Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан бериладиган бир қатор имтиёз ва афзалликларни ҳам таъкидлаш жоиз.
Университетда ўқитиш кредит-модуль тизими асосида, кундузги таълим шаклида, инглиз тилида амалга оширилади. Ўқув режалар ва дастурлар TOBB ETÜ Ankara университети дастурларига асосланган. Ўқиш муддати 4 йил бўлиб, ушбу жараён юқори малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда индивидуал таълим траекториясига асосланган. Талабалар турк ва қўшимча хорижий тилларни ( немис, француз, япон, хитой ва араб) ўрганиш имкониятига эга.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, TOBB ETÜ Tashkent филиали талабаларида Савдо-саноат палатаси фаолиятида иштирок этиш имконияти бўлиб, улар тадбиркорлар ташаббусларини амалга оширишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шарт-шароитлари билан танишадилар, жойларда бизнес ҳамжамияти, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш жараёнларининг иштирокчилари бўлиб, амалий тажриба орттиришади. Шунингдек улар Туркия, АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларнинг 3000 дан ортиқ компания ва муассасаларида иш тажрибасига эга бўлиш имкониятини қўлга киритишади.
Айни пайтда TOBB ETÜда 9 та факультет, 19 та кафедра, 2 та институт (Табиий ва амалий фанлар институти ва ижтимоий фанлар институти), технология маркази ва шифохона фаолият кўрсатмоқда. 2013 йилда олийгоҳда таълим-тарбия ва илмий-тадқиқот соҳасида хизмат кўрсатиш учун технология маркази очилди. Марказда 6 та муҳандислик фанлари, 117 та лаборатория, шунингдек, Европанинг 3та йирик биомеханик лабораторияси, дунёдаги энг йирик гидро турбинали синов дизайн маркази мавжуд.
Халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education) рейтинглари бўйича дунёнинг 2000 йилдан кейин ташкил этилган энг яхши университетлари орасида (“Мillenium Universities” рейтингида) 32-ўринни эгаллади.
Энг муҳими, университет халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциялашувини таъминлаш асосида юқори малакали, креатив фикрлашга ундайдиган ва тадбиркорлик кўникмаларига йўналтирилган ўқув дастурлари орқали иш берувчилар эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири