Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,5 баробар ортди

    2017-2022 йилларда Ўзбекистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 1,5 баробарга ортди.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари 2017-2022 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантириш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижасини таҳлил қилди.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва иқтисодиётга янада кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, қонунчиликда инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида янги "Солиқ кодекси", "Инвестиция ва инвестицион фаолият тўғрисида"ги ҳамда "Медиация тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди.

    Инвесторлар учун янада қулай шароит яратиш учун Халқаро Тошкент арбитраж маркази ташкил этилди ҳамда "инвестиция кредити", "инвестиция субсидияси" ва "инвестицион виза" каби янги механизмлар жорий қилинди.

    Мамлакатда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналар сони 2017 йил бошида 3 тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 22 тага етди. Улардан 12 таси саноат, 6 таси фармацевтика, 2 таси туризм, 2 таси қишлоқ хўжалигига ихтисослашган.

    Қонунчиликдаги ўзгаришлар ва яратилган имкониятлар мамлакатдаги инвестиция муҳитига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Ўзбекистон 2019 йилда илк бора Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) нинг "Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тартибга солиш чекловлари индекси"га киритилди ва ушбу индексга кўра, 2020 йилда жаҳонда 43-ўринни, Осиё минтақасида 7-ўринни қайд этди.

    2017-2022 йилларда Ўзбекистон халқаро Иқтисодий эркинлик индекси умумий рейтингида ўз ўрнини 31 поғонага яхшилаб, 148-ўриндан 117-ўринга кўтарилди.

    Мамлакатимизга киритилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2017 йилда 2,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йил якунида ушбу кўрсаткич 1,5 баробар ортиб, 3,3 миллиард АҚШ долларига етди.