баннер
16 мар 2025
05:48

    Тошкент шаҳри ҳудуди кенгаймоқда

    Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилмоқда.

    Пойтахтимиз аҳолиси сонининг йил сайин ошиб бориши унда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этмоқда.

    Биргина мисол, жорий йилнинг 1 июль ҳолати маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2737,2 минг кишини ташкил этиб, шу йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсган. Аҳолининг зичлиги эса 1 километр квадрат майдонга 7 564 кишини ташкил этмоқда.

    Шу жиҳатдан, юртимизда 2018 йилдан Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш бўйича лойиҳани кўриб чиқиш бошланган эди. Мазкур лойиҳа жорий йилнинг 27 август куни Олий Мажлис Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида тасдиқланди ва шу кунларда ҳудуд ерларини қабул қилиб олиш жараёнларига киришилди. Унга кўра, Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилмоқда.

    Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар ер майдони Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар, Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар ер майдони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига киритиляпти.

    — Тошкент шаҳрига ўтказилаётган майдонларнинг бир қисми қишлоқ хўжалиги ерлари бўлиб, ҳозир уларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов. — Олдимизда турган масалалардан бири шуки, ушбу майдонларнинг пойтахт тасарруфига кўчирилиши келажакда озиқ-овқат захираси камайишига олиб келмаслиги лозим. Лойиҳа қабул қилингунга қадар ўтказилган муҳокамаларда ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Бу борада халқимиз турмуш фаровонлигига дахл қилмайдиган лойиҳалар, чораларни кўриш белгиланган. Яъни, ҳудудлар чегараларидаги ўзгаришлар уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигига таъсир қилмаган ҳолда, аксинча, янги лойиҳалар асосида янада ривожланишига йўл очади. Бунинг учун мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилган.

    Рўйхатга олиш ишлари қандай ҳал этилади?

    Ҳудудларда бошланган хатлов ишларига тегишли ташкилотлар вакиллари ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳри бошқармалари тизимидан 80 нафар ходим бириктирилган. Айни пайтда мутасаддилар жойларга чиқиб, хатлов ўтказмоқда.

    Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтаётган ҳудудларда 42 та МФЙ мавжуд бўлиб, бугунги кунда уларда 95 872 киши истиқомат қилади. Шунингдек, 2025 ўринли 15 та мактабгача таълим ташкилоти, 8756 ўринга эга 16 та умумтаълим мактаби ва 6 та оилавий поликлиника мавжуд. 1 421 та кичик тадбиркорлик субъекти саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида фаолият юритяпти.

    Хатлов жараёнлари тизимли тарзда, аниқ маълумотлар асосида ўтказиляпти. Аммо жараёнда фуқароларни бошқа масала — уларга тегишли кадастр ҳужжатлари ва рўйхатга олишнинг қандай ҳал этилиши билан боғлиқ ишлар қизиқтираётгани табиий. Ахир яшаш манзилининг ўзгариши озмунча вақт ва харажат талаб этадиган жараён эмас.

    — Ҳудудларни ўзгартириш, хусусан, Тошкент шаҳри таркибига ўтказилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган (суғориладиган) ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш масалаларининг бари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳри бошқармаси бошлиғи Жасурбек Каримов. — Ҳукуматнинг тегишли қарори билан Тошкент вилояти ва шаҳрининг бир-бирига ўтказилаётган ҳудудларида яшовчи аҳоли хатловдан ўтказиш орқали янги манзил бўйича қайта рўйхатга олинади. Вилоят ва шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг кўчмас мулклари кадастр ҳужжатларига ўзгартиришлар қилинади. Уларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, давлат рақамларини ўзгартириш ва гувоҳнома бериш каби масалалар ҳал этилади. Қонунчиликка кўра, аҳолига тегишли жойда ўзгартириш кузатилсагина кадастр хужжатлари тўлов асосида расмийлаштириб берилади. Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри ҳудудига ўтаётган бино ва иншоотлар фуқаро мурожаат қилганида ҳудуди ўзгаришсиз бўлса, текин расмийлаштирилади.

    Шунингдек, Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига ўтказилаётган тегишли ҳудудларидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари тегишлича Тошкент шаҳри халқ депутатлари ҳисобланиши белгиланмоқда. Мазкур ҳудудларнинг муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш масалалари ҳам ҳукуматнинг алоҳида қарори билан ҳал этилиши кўзда тутилган. Демак, ҳудудларни ўзгартириш билан боғлиқ бу каби ўзгариш ва янгиланишлар аҳоли турмуш шароитини ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, шаҳар экспорт салоҳиятини ошириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмаси объектларини янада яхшилашга хизмат қилади.

    Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги топшириғига мувофиқ, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтаётган ҳудудларнинг хатлов ишлари жорий йил 31 декабрига қадар якунига етказилиши белгиланган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech