Тошкент вилоятида камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибаси қўлланилмоқда

    Вилоятда камбағаллик даражаси 14,6 фоиздан 11,1 фоизга туширилиб, 17 мингга яқин оила камбағалликдан чиқарилди.

    Тиббиётда аниқ ташхис қўймасдан туриб касалликни даволаш вазиятни янада оғирлаштиради. Жамиятдаги аксарият муаммолар ҳам шундай. Масалан, камбағаллик даражасини олайлик, мамлакатимизда бу борадаги рақамлар узоқ йиллар давомида сир сақлаб келинган. Аммо бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмади, аксинча, каттариб борди. Шунинг учун бундан бир неча йил олдин юртимизда илк бор камбағаллик даражаси эълон қилинганида, кўпчилик учун кутилмаган воқелик бўлди.

    Аввал ҳайрат билан қабул қилинган кўрсаткич ва айтилган рақамлар, кейинроқ танқидий таҳлил этила бошлади. Бироқ рақамларни очиқлашдан мақсад шунчаки хабардор қилиш эмас, балки камбағалликка қарши қатъий курашишдан иборат эди. Шундай бўлди ҳам. Юртимизнинг ҳар бир бурчагида фаоллик билан бошланган ҳаракат, аниқ чора-тадбирлар натижасида 2022 йил якунларига кўра камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайгани қайд этилди.

    Камбағалликни қисқартириш тез ва осон кечадиган жараён эмаслигини кўплар яхши тушунади. Бу ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, иқтисодий ривожланиш, турмуш фаровонлигини ошириш каби бир қанча йўналишларни қамраб оладиган комлекс жараёндир. Агар ҳаракатлар самарадор бўлмаса, ажратилаётган катта маблағлар ҳам ўзини оқламаслиги мумкин. Шу боис, ҳар бир ҳудуд масъуллари зиммасига аниқ вазифалар юклатилиб, тизимли ишлар амалга ошириляпти.

    Биргина Тошкент вилояти мисолида оладиган бўлсак, айни кез ҳудудда 116,7 минг нафар ишсиз, 142 минг нафар мамлакатимиздан ташқарига ёки чет давлатларга ишлашга кетганлар, 10,9 минг нафар олий таълим, 16,5 минг нафар касб-ҳунар таълими ва 28,6 минг нафар мактаб битирувчилари мавжуд. Шулардан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўн ойи давомида 481 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминланди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87 минг 278 нафарга кўп. Жумладан, доимий иш жойларига 153 мингдан ортиқ, мавсумий ва вақтинчалик ишларда 262 мингдан зиёд ҳамда легаллаштириш ва бўш иш ўринлари ҳисобига 65 минг аҳоли бандлиги таъминланган. Бунинг ортидан вилоятда камбағаллик даражаси 14,6 фоиздан 11,1 фоизга туширилиб, 17 мингга яқин оила камбағалликдан чиқарилди.

    Усуллар ҳам, тажриба ҳам ўхшаш

    Камбағаллик глобал муаммо бўлиб, унга қарши кураш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Охирги йилларда биз камбағаллик даражаси ҳақида кўп гапиряпмиз, аммо уни белгиловчи аниқ механизмлар тўғрисида ҳар доим ҳам тасаввурга эга эмасмиз. Гап шундаки, камбағаллик тушунчасига ягона таъриф мавжуд эмас. Уни аниқлашда ҳам асосан аҳолининг даромад даражасига эътибор қаратилади. Бироқ хориж тажрибаси ва олиб борилган тадқиқотларимиз камбағаллик даражасини фақат даромад билан боғлаш ва нафақалар ажратилишида “тайинланиш” ҳамда “рад этилиш” хатоликларига йўл қўйилиши мумкинлигини кўрсатди.

    Яъни, юртимизда камбағалликка қарши курашиш баробарида, бу борадаги хориж тажрибаси ҳам фаол ўрганиляпти. Маҳаллий шароитимизга энг яқин, мос келадиган давлатларнинг тажрибалари танланиб, амалиётга қўллаш ишлари ҳам бошланган. Ана шундай давлатлардан бири Хитой Халқ Республикаси. Ушбу мамлакатнинг камбағалликни қисқартириш бўйича самарали тажрибаси юртимизда асосий намуна сифатида танлаб олинган. Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан ҳар бир вилоятда Хитой тажрибаси асосида аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши белгиланган. Бунда, камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади.

    Хўш, биз эътироф этаётган Хитой тажрибаси қандай афзалликларга эга? Бир миллиарддан ортиқ аҳолига эга ушбу мамлакат ўз фуқароларининг фаровон турмушини таъминлаш, камбағаллик кўрсаткичлари ортмаслиги учун қандай чораларни қўллайди?

    Ана шу тажрибани ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти делегацияси жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Хитойнинг Гуанчжоу, Нанькан, Янцзи, Цзинганшань ва Наньчан шаҳарларида бўлди. Мамлакат ҳудудларидаги йирик корхоналар, саноат зоналари, тадбиркорлик марказлари, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар, бандликка кўмаклашиш марказлари фаолияти билан танишиб, мавжуд тажрибани ўрганиб қайтдик. Бу тажрибаларнинг кўпи юртимизда қўлланиляпти, эндиликда, уларни янада аниқ механизмга солиш лозим. Хусусан, Тошкент вилояти ҳудудларида ҳам уларни фаол қўллаш кутилган натижаларни беради.

    Масалан, Хитойда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқароларга давлат томонидан банк кредити ва бошқа кўмаклар беришда уларнинг тадбиркорлик салоҳияти ва амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳаси истиқболига эътибор қаратилади. Буни ўрганиш учун алоҳида мутахассислар ишлайди, моддий ресурслар кўр-кўрона берилмайди. Юртимизда ҳам тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга давлат дастурлари асосида қатор имтиёзли кредитлар ажратилади. Эндиликда, уларни талабгорнинг қобилияти, салоҳиятидан келиб чиқиб ажратиш орқали имтиёзли кредитларнинг мақсадсиз сарфланиши ҳамда муаммоли кредитлар ортишининг олдини олиш мумкин. Аниқ лойиҳа таклифига эга тадбиркорлар қўллаб-қувватланиши натижасида ишсиз фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли бандлиги таьминланишига ҳам эришилади.

    Ҳозир мамлакатимизда тадбиркорлар учун барча эшиклар очиқ. Қўллаб-қувватлашнинг қатор усуллари кенг қўлланиляпти. Имтиёзли кредит, субсидиялар ажратиш, фаолият эркинлигини қонуний таъминлаш кабилар шулар жумласидан. Тошкент вилоятида ҳам ташаббуслар кўлами кенг. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар аҳолини тадбиркорликка жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш учун 2 минг 153 нафар фуқарога 10 миллиард 284 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида шу йил январь—октябрь ойларида 27 минг 969 нафар фуқарога 688,5 миллиард сўм, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 152,7 миллиард сўм кўп кредит маблағлари ажратилди.

    Хитойда ўз фаолиятини бошлаш истагида бўлган ишбилармонларни давлат томонидан ўқитиш ҳам йўлга қўйилган. Бунда ўқитишнинг асосий йўналишлари сифатида экология ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларга харидор топиш, фаолият юритаётган соҳани мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб янада ривожлантириш соҳалари белгиланган. Жумладан, тадбиркор ўз фаолияти давомида ҳудуддаги экологик тизимга зарар етказмаслик, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик бўйича маҳсус ўқув курсларида тегишли кўникмаларга ўқитилади. Яъни, ишбилармон фақатгина ўз манфаати эмас, балки жамият манфаатларига ҳам эътибор қаратиши талаб этилади. Экологик муаммолар эса ҳозирги кунда сайёрамизни ташвишга солаётган энг долзарб масалалардан бири ва уни асраш ҳар биримизнинг бурчимиз, аслида.

    Ўқув курслари давомида хитойлик тадбиркорлар бевосита соҳага оид билимларни ҳам олади. Хусусан, уларга ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш учун харидор топиш, бозор иқтисодиётида рақобатни енгиб ўтишда давлат томонидан амалий ёрдам кўрсатилади, ўз навбатида, тадбиркор мавжуд иш ўринларига камбағал, ижтимоий ҳимояга мухтож ва ишсиз фуқароларни қабул қилади. Яъни, сиздан угина, биздан бугина тамойили асосида иш юртилиб, бундан учала томон ҳам бирдек манфаат кўради.

    Мамлакатимиз шароитида бу тажрибани кенг қўллаш имконияти мавжуд. Ҳудудларимизда тадбиркорликка ўқитиш курслари бепул йўлга қўйилиб, аҳоли орасида оммалаштирилаётгани боиси шунда. Билим, йўл-йўриғ, давлатдан имтиёзли ёрдамлар олиб ўз бизнесини йўлга қўйган битта тадбиркор ўз ҳудудидаги ўнлаб одамларни иш билан таъминлаётгани бунинг амалий натижаларидан бири. Қолаверса, кичик ва ўрта бизнеснинг қўллаб-қувватланиши натижасида тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар сони ортмоқда.

    Одамларга балиқ эмас, қармоқ берилади

    Хитойда “дангаса хеч қачон бой бўлмайди”, деган олтин қоида бор. Шу боис, мамлакатда аҳолини камбағалликдан чиқариш учун барча ташкилотлар масъул ҳисоблансада, боқимандаликка йўл қўйилмайди. Одамларга моддий ёрдамлар ажратишдан кўра, бандлигини таъминлаш, бўш иш ўринлари яратишга катта эътибор қаратилади.

    Тўғри, камбағаллик айб эмас, аммо уни юзага келтирган омилларга қарши курашмаслик катта хато. Ана шу омилларнинг бири, афсуски, дангасалик, боқимандалик билан боғлиқ. Ваҳоланки, ҳар қайси меҳнат ҳам машаққатли ва, албатта, ҳалол, тер тўкиб топилган нон уйга барака бўлиб киради. Муҳими, инсон ишсиз, даромадсиз қолмасин, тўрт мучаси соғ бўла туриб, бошқаларга боқиманда бўлмасин. Бугун мамлакатимизда ана шу мақсад ўлароқ халқ фаровонлиги, аҳоли бандлиги, фуқароларнинг муносиб яшаш шароитига эга бўлишини таъминлаш асосий вазифалардан бирига айлангани боиси шунда. Бунинг учун яқин йилларда яратилган ва жаҳонда муқобили топилмайдиган “Маҳаллабай ишлаш” тизими энг муҳим нуқтага айланиб улгурди. Аҳолининг яшаш шароити ва мавжуд муаммолари шу тизимнинг ўзида ўрганилиб, зарур ечимлар бериляпти. Жумладан, вилоятимизда жорий йил ҳоким ёрдамчилари кўмагида 660,5 миллиард сўмлик 2 минг 527 та лойиҳани амалга ошириш орқали 10 минг 356 та иш ўрни ташкил этилди.

    Камбағал, ишсиз фуқароларга субсидиялар ёки моддий ёрдам маблағлари ажратиш ўрнига, ушбу фуқарони ўз қизиқишига асосан касб-хунар ёки тадбиркорликка ўқитиш, ишга жойлаштириш асосий мақсадга айланган. Биргина аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш учун ҳар йили давлат томонидан 200 миллиард сўм ажратиляпти. Умуман, ишсиз, муҳтож аҳолини доимий даромад манбаига эга бўлиши учун барча йўналишларда аниқ механизмлар ишламоқда.

    Маҳаллалардаги камбағал оилаларнинг аниқ рўйхатини шакллантириб, уларга тегишли ёрдам кўрсатиш борасида ҳам юртимизда ўзига хос тажриба яратилди. Бу рўйхат шунчаки тузилмайди. Унга кирган ҳар бир камбағал оила давлатнинг доимий эътиборида бўлиб, оила аъзоларининг ҳар бирига ўқитиш ва иш билан таъминлашдан тортиб барча зарур йўналишда алоҳида манзилли ёрдам кўрсатилади, камбағаллиикдан чиқариш чоралари кўрилади. Бугунги кунда айни шу йўналишда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан “Online-mahalla” платформасида аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар ҳам тузилмоқда. Эндиликда, ушбу дастурларнинг тез, аниқ ва сифатли ишлаб чиқилиши, манзилли йўналтирилишини жадаллаштиришимиз лозим.

    Хитой тажрибасида туризмни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш ҳам йўлга қўйилиб, кенг оммалаштирилганига гувоҳ бўлдик. Чунки туризм бизнинг давримизга келиб, энг сердаромад соҳалардан бири бўлиши баробарида, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган катта тизимга айланган. Ҳудудларда сайёҳлик комплексларини ташкил этиш оммалашиб боряпти. Одамлар дам олиш учун маблағини аямайдиган бугунги даврда сайёҳларга хизмат кўрсатиш даражаси бошқа соҳалар билан тенг ўсиб бормоқда.

    Бу оддий аҳоли учун ҳам даромад топишнинг қўшимча манбаидир. Хитойда ҳам гўзал манзарали, ўзига хос иқлимга эга чекка жойлар, сайёҳлар кўп борадиган манзилларда истиқомат қиладиган аҳоли туризмдан яхшигина фойда топади. Айримлари ўз хонадонларини ижарага берса, бошқалари сайёҳларни меҳмон сифатида қабул қилиб, хизматлар кўрсатишни йўлга қўйган. Ана шундай тажрибалар асосида бир неча йил олдин юртимизда ҳам меҳмон уйлари ташкил этиш бошланган эди. Бу борада қонуний асослар ҳам яратилди. Қарабсизки, ҳозир ҳудудларимизда иш бошлаган меҳмон уйларидан оддий одамлар даромад топиб, бошқалар бандлигини ҳам таъминлаяпти.

    Бу тажрибани Тошкент вилояти ҳудудларида янада кенг оммалаштириш имкониятлари бор. Айниқса, сайёҳлар оқими ортиб бораётган гўзал манзарали Ангрен шаҳри, Оҳангарон, Паркент, ва Бўстонлиқ туманларидаги чекка қишлоқларда туризмни ривожлантириш бўйича катта ишлар амалга ошириляпти. Тадбиркорларга ҳам кенг имкониятлар берилмоқда. Мақсад эса кўпроқ дам олиш масканлари, сайёҳлик комплексларини ишга тушириш ортидан бўш иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишини оширишдан иборат. Бу борада ҳудудларни драйвер соҳалар асосида ихтисослаштириш тизими ҳам қўшимча имкониятлар яратмоқда. Масалан, Бўстонлиқ тумани туризмга ихтисослашган. Шу боис, ҳудудни ривожлантиришда кўпроқ ушбу йўналишга эътибор қаратиляпти. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда ортиқча юкламалар камайтирилиб, асосан хизматлар соҳаси ривожлантирилмоқда.

    Умуман, юртимизда камбағалликни қисқартириш борасида Хитой тажрибаси асос қилиб олингани ўз самарасини беряпти. Ўтган қисқа даврда амалга оширилган ишлар ва эришилаётган натижалар бунинг яққол исботи. Натижалар қоғозлардаги рақамлардагина эмас, халқнинг турмуш даражаси ортиб, одамлар ишли бўлаётгани, камбағал оилалар сони қисқарганида ҳам яққол кўринаётгани янада қувонарли.

    Зиёдбек ЙЎЛДОШЕВ,

    Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 06.12.23 й, 254-сонида чоп этилган)

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates