Тошкентда биринчи ўзбек учувчиси ҳақидаги ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди

    «Riviera» кинотеатрида биринчи ўзбек учувчиси Абдусамат Тайметов ҳақидаги ҳужжатли фильмнинг ёпиқ намойиши бўлиб ўтди.

    «Uzbekistan Airports» компанияси ташаббуси билан суратга олинган 22 дақиқалик «Тайметов. Ғалаба парвози» фильми болалигидан осмонни орзу қилган, оғир дамларга қарамай, нафақат учувчи, балки миллий авиация афсонасига айланган содда бола ҳақида ҳикоя қилади.

    Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб яратилган ҳужжатли фильм Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳарбий ва фуқаро авиацияси учувчиси, синовчи-учувчи, Ўзбекистон авиация мактаби асосчиси ва Тошкент аэропортининг биринчи директори, уруш қаҳрамони, 1945 йил 9 май куни Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши тўғрисидаги актни Москвага олиб келган Абдусамат Тайметов ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, мазкур фильм иккинчи жаҳон уруши йилларида асосий жанговар самолётга айланган ва Тошкентдаги авиация заводида ишлаб чиқарилган Ли-2 тарихини кўрсатади.

    «Ушбу фильмни яратиш ғояси Тошкент аэропортига оид архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида туғилди. Абдусамат Тайметов унинг биринчи директори, шунингдек, биринчи ўзбек учувчиси – уруш қаҳрамони ва авиация афсонаси эди. Биз ана шундай инсоннинг ҳикоясини абадийлаштириш ва келажак авлодлар учун ушбу фильм шаклида хотира қолдиришни ўзимизнинг бурчимиз деб билдик», — дея изоҳ берди «Uzbekistan Airports» АЖ ахборот-медия маркази раҳбари.

    Фильм режиссёри Элдор Йўлдошев, продюсер Саидрасул Имамов, сценарий муаллифи Муяссар Мақсудова, композитор Игор Пинхасов. Фильмда ушбу лойиҳа учун махсус рақамлаштирилган ва қайта тикланган махсус кино ва фотографик материаллардан фойдаланилади.

    «Ушбу фильмнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушини тугатишга қўшган улкан ҳиссасини кўрсатишдир. Агар ерда душманга қарши асосий қурол Т-34 танки ва «Катюша» реактив артиллерияси қурилмаси бўлган бўлса, осмонда асосий стратегик қуроллардан бири Тошкентда ишлаб чиқарилган «Ли-2» самолёти бўлган. Ушбу самолётни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқарилишига ватандошларимиз, ўзбек мутахассислари — республика раҳбари Усмон Юсуповдан тортиб самолёт фюзеляжи парчинчиси Муаззам Алиевагача ўз ҳиссаларини қўшишганига факт ва далилларни топдик. Давлат сирларини ошкор этмаслик тўғрисидаги келишув туфайли бу фактлар архивда чанг тўплаб ётган ва шунга мос равишда тан олинмай қолган», — дейди фильм режиссёри Элдор Йўлдошев.

    2025 йил 19 май куни Москванинг «Художественный» кинотеатрида «Маданиятлар мулоқоти» халқаро медиафоруми доирасида «Тайметов. Ғалаба парвози» фильмининг премьераси бўлиб ўтади.

    No date selected
    июн, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates