Хусусан, пойтахтнинг асосий ва бош арчаси Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг олд майдонида жойлаштирилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ишчи гуруҳ шаҳарнинг бош арчасини ўрнатиш ишлари жадал олиб борилаётган майдонни кўздан кечирди. Конструкцияни ўрнатиш жараёнини шахсан кузатиб, ишлатилаётган материаллар сифатини баҳолади ва масъул мутахассислар билан ишларни якунлашнинг асосий босқичларини муҳокама қилди.
Бош арча шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини ўзига жалб этиб, шинамлик ва сеҳрли муҳит яратадиган байрам тадбирларининг марказига айланади.
Бош арчанинг баландлиги 35 метр бўлиб, унинг атрофида 4 та 8 метр баландликдаги кичик арчалар мавжуд. Битта улкан арча ва 4 та кичик арча учун 33 минг дона ўйинчоқ илиб чиқилган. Арчалар 14 минг метр чироқлар билан безатилган. Майдонда 300 га яқин қўшимча декоратив элементлар ҳам бор.
Тадбирларни барча аҳоли учун хавфсиз ва қулай тарзда ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди. Хавфсизлик чораларини кучайтириш, шунингдек, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудга эркин киришни таъминлаш режалаштирилмоқда.
Бош арчанинг расмий очилиши 25 декабрга режалаштирилган.