Тошкентда ўқитиш методикаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

    Тошкент шаҳрида “Замонавий мактабда ўқитиш методикаси: долзарб муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусидаги III Россия–Ўзбекистон илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир икки давлат таълим вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилиб, замонавий таълимдаги илғор ёндашувларни амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланди.

    Тадбир А.И. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ўтказилди. Конференция Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Таълим вазирлиги ўртасидаги 2025–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида ташкил этилиб, икки давлат ўртасидаги узоқ муддатли таълимий ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилди.

    Конференция гибрид шаклда — офлайн ва онлайн тарзда ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Россиядан 300 дан ортиқ олим, профессор-ўқитувчилар, магистрантлар ҳамда педагогика йўналиши талабалари иштирок этди. Тадбир давомида “Россиялик ўқитувчи хорижда” дастури ҳамда Класс! лойиҳаси доирасида давра суҳбатлари ташкил этилиб, кўп миллатли муҳитда рус тилини ўқитиш, мигрант болалар тилга мослашуви ва методик тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

    Конференцияда Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотлар, ўқитувчилар малакасини ошириш, замонавий методикаларни жорий этиш ҳамда таълим муҳитини модернизация қилиш масалалари муҳокама қилинди. А.И. Герцен номидаги РДПУ филиалининг Тошкентда очилиши бу борада муҳим қадамлардан бири бўлиб, у Абдулла Авлоний номидаги малака ошириш институти билан ҳамкорликда янги авлод педагогларини тайёрлашни йўлга қўймоқда.

    Конференцияда 2020 йилдан буён амалга оширилаётган Класс! (“Зўр!”) лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ташаббус Россия ва Ўзбекистон ўқитувчилари, методистлари ҳамда олимларини бирлаштириб, рус тилида умумтаълим фанларини ўқитиш сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

    Лойиҳа доирасида Ўзбекистон мактабларида 150 дан ортиқ россиялик мутахассислар фаолият юритган. 2030 йилгача эса 1000 та мактаб ва 30 мингдан ортиқ педагогни қамраб олиш режалаштирилган. Класс! лойиҳаси қисқа фурсатда ўқитувчилар учун илҳом бағишловчи илмий-маърифий майдонга айланди”, — деди РДПУ Тошкент филиали ижрочи директори Улуғбек Тошкенбоев.

    Тошкентдаги ушбу конференция Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотларнинг халқаро миқёсда қандай қўллаб-қувватланаётганини яққол кўрсатди. Бугун замонавий мактаб концепцияси ўқитувчилар тайёрлаш, илғор методларни жорий этиш ва халқаро тажриба алмашувини бир йўналишда бирлаштирмоқда.

    Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган “инсон капиталини ривожлантириш орқали тараққиётга эришиш” тамойили таълим соҳасидаги барча янгиланишларнинг марказида турибди. Шу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар ўқитувчининг мақомини юксалтириш, таълим сифатини ошириш ва замонавий методикаларни татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

    Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан “Класс!” лойиҳаси, ана шу мақсадлар сари қўйилган муҳим қадам бўлиб, ўқитувчиларнинг касбий ўсишини рағбатлантириш ҳамда янги авлод педагогларини тайёрлашга туртки бермоқда.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates