Тошкентда “Ўзбекистон ёш дипломатлари клуби” очилди

    Долзарб 28 ноябр 2022 2736

    Клуб аъзолигига 50 нафар талаба-ёшлар қабул қилинган бўлиб, улар ўқув юртларида таҳсил олаётган 200 дан ортиқ талабгорлар орасидан саралаб олинган.

    Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муассислигида ташкил этилган “Ўзбекистон ёш дипломатлари клуби”нинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

    ТИВ маълумотига кўра, унда ташқи ишлар вазири Владимир Норов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов, Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Бахтиёр Ибрагимов, шунингдек, олий таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда Клуб аъзолигига қабул қилинган 50 нафар талаба-ёшлар қатнашди.

    Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз табрик нутқида Президентимиз томонидан олиб борилаётган билимли ва иқтидорли ёш кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва тарбиялашга қаратилган сиёсатга мувофиқ, ёш дипломат-кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда ўзбек дипломатияси анъаналарининг давомийлигини сақлаш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги муассислигида Нодавлат нотижорат ташкилот сифатида “Ўзбекистон ёш дипломатлари клуби” ташкил этилганлиги ҳақида маълумот бериб ўтди.

    Ушбу Клубнинг устувор вазифалари сифатида халқаро муносабатлар соҳасида таҳсил олаётган талабалар ва ёш дипломатларнинг касбий маҳоратини ҳамда малакасини ошириш, уларнинг ўз салоҳияти ва қобилиятларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш белгиланган.

    Юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети раҳбарлари ва вазирлик ходимлари томонидан биргаликда олиб борилган икки босқичдан иборат синов якунларига кўра, мазкур ўқув юртларида таҳсил олаётган 200 дан ортиқ талабгорлар орасидан 50 нафар ўзини ҳар томонлама бўлажак дипломат сифатида намоён эта олган иқтидорли талабалар Клуб аъзолигига тавсия этилди.

    Тадбир давомида “Ўзбекистон ёш дипломатлар клуби” раиси A.Ғиёсов тузилма фаолияти билан тадбир иштирокчиларини таништириб ўтди. Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида клуб иштирокчилари билан умумий суратга тушиш маросими ташкил этилди.

    Тадбир якунида талаба-ёшлар томонидан уюштирилган кўргазма ҳамда ижодий чиқишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates