Гибрид шаклдаги ушбу тадбирда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов, Умумхитой халқ вакиллари йиғини Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари, Хитой Шанхай ҳамкорлик ташкилоти яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси раиси Шэнь Юэюэ, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстона муносабатлар қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, БМТнинг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман иштирок этмоқда.
Форум давомида иштирокчилар замонавий дунёда халқ дипломатиясининг долзарблиги, Ўзбекистоннинг ШҲТда ушбу институтни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, шунингдек, ташкилотнинг маданий хилма-хиллиги ва бой сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш масалаларини муҳокама қиладилар.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева форум иштирокчиларига йўллаган қутлов нутқида қуйидагиларни таъкидлади: «Замонавий дунё глобаллашувнинг зиддиятли тенденциялари, барқарор ва инклюзив ривожланиш учун янги хавф ва таҳдидларнинг пайдо бўлиши таъсири остида ўзгармоқда».
Унинг айтишича, халқаро терроризм, радикализм ва экстремизм, ксенофобия ҳамда ирқчилик, халқаро тизимнинг етакчи иштирокчилари ўртасида ишонч инқирозининг кучайиши, шунингдек, иқлим ўзгариши ва пандемиядан кейинги ривожланиш муаммолари ва бошқа кўплаб таҳдидлар глобал ҳаракатларни бирлаштиришни талаб этмоқда.
- Шунинг учун халқ дипломатиясига бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб мавжуд, - деди Парламент юқори палатаси раҳбари. - Мураккаб халқаро вазият шароитида у одамлар ўртасида ўзаро ишонч ва бир-бирини тушунишни мустаҳкамлаш орқали умумий муаммоларни ҳал қилишнинг биргаликдаги усулларини топиш учун самарали восита бўлиб хизмат қилади. Сайёрамизнинг 3,2 миллиарддан ортиқ аҳолисини бирлаштирган ШҲТ мамлакатлари учун маданий-гуманитар ҳамкорлик, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашни давом эттириш, мамлакатларимиз фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга.