Маълумотга асосан Давлат экология қўмитаси, Экологик партияси фаоллари, Тошкент шаҳар экология бошқармаси, Яккасарой туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўрганиш ўтказилди.
Ўрганишлар давомида “Vinera Tower” МЧЖ томонидан қурилиш қилиш мақсадида ҳудуддаги 2 туп қимматбаҳо ва 4 туп кам қимматли бўлган – жами 6 туп дарахт тегишли рухсатномасиз, қонунчиликка зид равишда бошқа жойга кўчириб ўтказилгани оқибатида дарахтлар нобуд қилингани, шунингдек, қурилиш учун котлован қазилиши натижасида 4 туп дарахтнинг илдизига шикаст етказилгани аниқланди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 27 сентябрь куни Яккасарой тумани экология бўлими ходимлари томонидан мазкур ҳудудда хатлов ўтказилиб, 22 туп кўп йиллик дарахтлар мавжудлиги аниқланган. Ушбу дарахтларни кесмаслик бўйича қурилиш ташкилотига мажбурий кўрсатма берилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўсимлик дунёсига 218 миллион 370 минг сўм миқдорида зарар етказилган.