Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ойлик доирасида пойтахт ИИББ, ДХХ, прокуратура, Миллий гвардия ҳамда Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимларининг ҳамкорликдаги тадбирларда, туманда яшовчи Ш.Н.нинг хонадони кўздан кечирилди.
Текширувда хонадон эгасининг таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган 3 туп, 2 қоп, 2 та целлофан пакет, 1 гугурт қутиси, 1 та қоғоз ўрами, шунингдек ертўлада 12 та 3 литрлик банкада, 6 та ўрамда яшил рангли, ўткир ҳидли ўтсимон моддаларни сақлаб келганлиги маълум бўлди. Тўпланган ҳужжатлар Тергов бўлимига тақдим этилган.
Шунингдек, ойлик доирасида Чилонзор тумани ИИО ФМБ тезкор қидирув хизмати ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбир давомида яна бир жиноятга чек қўйилди.
Туманда жойлашган спорт залининг масъул хизматчиси, 1987 йилда туғилган Ш.нинг ёнидан 2 дона полиэтилен пакетга солинган ўткир ҳидли, оқ кукунсимон модда топилди. Машғулотлар залининг дам олиш хонаси кўздан кечирилганда эса 1 дона мумиёсимон модда солинган полиэтилен пакет, электрон тарози, ўткир тиғли пичоқ ва ички қисмида жигарранг доғлари бўлган елим идиш ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эътиборидан четда қолмади.
Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар туман ИИО ФМБ Тергов бўлимига тақдим этилган.
Ҳозирда иккала ҳолат юзасидан Тергов бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.