Қайд этилишича, 18 январь ҳолатига кўра, спиртли ичимликдан заҳарланиш сабабли вафот этган фуқароларимизнинг умумий сони 17 нафарга етди.
Бош консулхона томонидан қалбаки спиртли маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида вафот этган ватандошларимизнинг жасадларини Ўзбекистонга юбориш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда ҳамда оила аъзоларига керакли ёрдам кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, Истанбул ҳудудидаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиб даволанаётган фуқароларимиз сони 5 нафарга етди. Консулхона ходимлари ушбу ватандошларимизнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яқинлари ва шифохона маъмурияти билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Бош консулхона дипломатлари мазкур ҳолат юзасидан Истанбул ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси, суд-тиббий экспертиза маркази ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам заҳарланиш аломатлари сезилганда 112 қисқа рақами орқали тез тиббий ёрдам чақиртирилиши ҳамда шифохонанинг "қизил ҳудуди" ("кıрмıзı алан") орқали қабул қилиниши лозим. Бу хизмат бепул эканлигини эслатиб ўтамиз, — дейилади хабарда.