Меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраевлар ҳамроҳлик қилди.
Вазирликда унинг қуйи ташкилотлари иштирокида махсус кўргазма ташкил этилиб, вазир ўринбосари Алишер Тўраев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тақдимотлар ўтказилди.
Вазирлик ҳузуридаги Агросаноатни рақамлаштириш марказида бўлиб ўтган учрашув давомида соҳада йўлга қўйилган дастур ва лойиҳалар билан таништирилди.
Ўз навбатида Туркманистон томони ушбу йўналишда ҳамкорликда ишлашни таклиф этди ҳамда музокаралар якунида англашув Меморандумини имзолашга келишиб олинди. Ушбу Меморандумга асосан ўсимликларни клониал, вируссиз ин витро усулида кўпайтириш бўйича Туркманистон мутахассислари малакасини ошириш каби масалалар кўзда тутиляпти.
Аннагелди Язмирадов Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Тошкент давлат аграр университети ва Халқаро қишлоқ хўжалиги университети фаолияти билан ҳам танишди.
Тошкент давлат аграр университетига ташриф давомида Уруғчиликни ривожлантириш маркази, академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти қошида ташкил этилган ин витро лабораторияси фаолияти ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетининг факультетлари ва унда мавжуд кафедралар ҳамда таянч докторантура босқичида таҳсил олаётган талабаларнинг бир қатор илмий ишлари намойиш этилди.
Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида таҳсил олаётган талабалар билан мулоқот қилинди. Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан биргаликда тўлақонли фойдаланишга келишиб олинди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.