Учта янги роман китобхонлар нигоҳида

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма аъзоси, ёзувчи Наби Жалолиддиннинг “Урушнинг давоми”, “Умар Хайём” ва “Жаллод аёл” номли китоблари тақдимоти ўтказилди.

    Адабий кечани уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид олиб борди.

    Ёзувчилар, шоирлар, адабиёт ихлосмандлари, адибнинг яқинлари иштирок этган тақдимотда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, профессорлар Баҳодир Карим, Улуғбек Ҳамдам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Зуҳриддин Исомиддинов, Қўчқор Норқобил сўзга чиқиб, ёзувчининг ижодий қирралари, янги романларининг мазмун-моҳиятига тўхталди.

    – Бугунги кунда Наби Жалолиддин сермаҳсул ёзувчилардан биридир, – дея таъкидланди тақдимотда. – Унинг ҳар бир янги асарида ноодатий мавзулар кузатилади. «Жаллод аёл» номи билан нашр этилган романи ҳам ана шу китобларининг давомидир. Асарни ўқир экансиз, унда ҳайратга тушишингиз, қарама-қарши ҳислар туғёнини туйишингиз мумкин. Асар ҳазрати инсон ҳар қандай шароит ва ҳолатларда ҳам инсон бўлиб қолишга мажбур экани, бунинг уддасидан минг бир машаққат билан бўлсада, албатта, чиқиши лозимлигини ўргатади. Унда 36 йил ўлим жазосини ижро қилувчи вазифасида ишлаган аёл ҳикояси баён қилинади. Мазкур роман 2021 йилда «Янги аср авлоди» нашриётида 2000 нусхада чоп этилган. Унга Феруза Эгамова муҳаррирлик қилган.

    Муаллифнинг «Урушнинг давоми» романи 2021 йилда Ғафур Ғулом нашриётида 3000 нусхада чоп этилган. Китоб қисса, ҳикоялар ва романни ўзида жамлаган. Унда Афғон урушининг аянчли ҳамда изтиробли манзаралари тасвирланади. Ёзувчининг урушда иштирок этиши икки ҳисса фожиадир. Урушда қатнашишдан кўра у ҳақида ёзиш оғирроқ. Шунинг учун ҳам роман ўзига хос услуб ва шаклда ёзилган. Асарнинг мазмун-моҳияти эса ҳеч бир китобхонни бефарқ қолдирмайди.

    Ёзувчи Наби Жалолиддинни «Умар Хайём» романининг янгилиги эса – Хайём ила Ғаззолийни дўстлаштиради, дея таъкидланди. Шоирнинг шеърларини янгича талқин қилади. Чунки ўз тасаввуридаги Умар Хайёмини романда тасвирлайди. Уни қандай қабул қилишни эса китобхонлар ихтиёрига қолдиради.

    – Тақдимот Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан ўтказилганидан хурсандман, ташкилотчиларга ташаккур, – дейди ёзувчи Наби Жалолиддин. –Умар Хайём ҳақида дунё миқёсида кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилган. Уларда муаллифлар шоирни турлича талқин қилишган ва кўпчилиги уни даҳрий, осий инсон сифатида тасвирлашган.

    Ушбу асар 2021 йилда «Янги аср авлоди» нашриётида 1000 нусхада чоп этилиб, унга Ирода Рустамова муҳаррирлик қилган.

    Тақдимотда муаллиф йиғилганларга янги асарларидан улашди.

    Зулайҳо Аҳмаджонова,
    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates