Улуғ алломанинг қабри изланмоқда

    Бу ҳақда Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 149 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий-амалий конференцияда маълум қилинди. 

    Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ЎзРФА ҳамкорлигида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 149 йиллиги муносабати билан “Маҳмудхўжа Беҳбудий публицистикаси ва жадид матбуотида ижтимоий-сиёсий масалаларнинг ёритилиши” мавзусида халқаро миқёсда илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

    Унда Туркий тилли давлатлар журналистлар уюшмаси, Туркия телерадио ташкилоти, Измир Котиб Чалабий Университети, Чаноққалъа Ўн Саккизинчи Март университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи-мутахассислари қатнашди.

    – Тафаккури уйғоқ, ҳур фикрли, илму-маърифатга интилган миллатнинг бугуни порлоқ, келажаги буюкдир. Ушбу фикрларнинг ғоявий талқини ХХ аср бошларида Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатининг ёрқин сиймоси, таниқли драматург, публицист, дин ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли ва қимматли асарларида ўз ифодасини топган, – деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа. – Улуғ аллома Туркистон халқининг ҳар бир аъзосини ўқимишли, миллий қадриятлар жонкуяри, ўзлигини англаган, жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларидан баҳраманд, улар истифодасига қодир, миллий тараққиётга монелик қилувчи иллатлардан халос бўлган ва уларга қарши курашувчи шахслардан иборат бир жамият, яъни юксак маданиятли ва маънавиятли жамиятни орзу қилган. “Оҳ! Биз қандай кейин қолганмиз. Халқи олам усули жадид ва илми замоний ила осмонларга учар, биз ҳануз бир-биримизни такфир (кофирга чиқариш) ва талъин (лаънатлаш) ила вақт ўткарурмиз”, дейди у.

    Жадидчилик ҳаракати намояндалари, хусусан, улуғ аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий халқ тақдири, фаровон ҳаёти ҳамда юрт тараққиёти учун мураккаб тарихий даврда жаҳолатга қарши маърифат, янгича дунёқараш билан курашди. Шу боис, мамлакатимизда маърифатпарвар аждодларимизнинг жасоратли ҳаёт йўлларига назар ташлаш, улар қолдирган бой маънавий меросни ўрганишга, таваллуд саналарини нишонлашга алоҳида эътибор қаратилиб, аллома ҳаёти ва ижодига оид ҳужжатли филмлар, асарлар яратиш, замонавий спектаклларни саҳналаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

    – Жадидчилик одамлар кўзини очиш, Туркистонни уйғотиш учун бошланган ҳаракат эди, – дейди Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов. – Шу боис ушбу ҳаракат раҳнамолари ва аъзолари мустабид тузум томонидан йўқ қилинди. Айни пайтда музейимиз илмий ходимлари Махмудхўжа Беҳбудийнинг набираси билан ҳамкорликда изланишлар олиб боришмоқда. Чунки шу пайтгача бу улуғ жадид намояндасининг асосий қотили ва қабри ҳақидаги маълумотлар аниқланмаган.

    Мазкур илмий анжуман Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети “Медиа назарияси ва амалиёти” кафедраси ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётганлиги эътиборга моликдир. Бундан кўзланган мақсад юртимизда масс-медиа соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини сифати ва самарадорлигини ошириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, ўз навбатида, миллий матбуотнинг етакчи сиймоси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг нодир манбааларини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида ўрнатилган илмий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

    Конференция сўнгида миллий ғурур, ифтихор туйғусини қалбларда уйғотган, халқни эрк ва озодлик, маърифат ва тараққиётга бошлаган театрчи, ношир, журналист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўллари ва ижодий фаолиятини ёритган олимлар ва ёш тадқиқотчиларга эсдалик совғалари топширилди.

    Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates