Улуғбек Ўзбекистонга илк олтин медални тақдим этди

    Олимпия ўйинлари тарихида таэквондо йўналиши бўйича олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихга кирди.

    Кейинги йилларда мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шарт-шароитлар яратилмоқда. Ёшларда спорт мусобақалари орқали ўз иродаси, кучи ва имкониятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик, жасурлик, Ватанга садоқат туйғуларини камол топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан иқтидорли спортчиларни катта мусобақаларга саралаб олишни тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган ишлар ўз самарасини бераётир.

    Айни кунларда дунё спорт ишқибозлари, мутахассислар эътибори Токио олимпиадасига қаратилган. Кеча ёш спортчи Улуғбек Рашидов миллионлаб юртдошларимизнинг кўнглига қувонч олиб кирди: у Токио олимпиадасида мамлакатимизга олтин медаль тақдим этган илк спортчига айланди. Шу билан бирга, бу медаль таэквондо спорт тури бўйича Ўзбекистоннинг илк олтини ҳамдир. Улуғбек Ватан ва миллат шарафини ҳимоя қилди. Дунё саҳнида Ўзбекистон номи янгради, давлатимиз мадҳияси ватандошлар кўнглини тўлқинлантирди. Миллионлаб юртдошларимиз Улуғбекнинг ғалабасидан фахрланди.

    Улуғбек Рашидов 2002 йили 23 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 6 ёшидан таэквондо билан мунтазам шуғулланади. Болалигидан турли фильм қаҳрамонларига тақлид қилаётганини кузатган дадаси Исомиддин ака ўғлини етаклаб, таэквондо машғулотларига олиб борди. Улуғбек мураббий Павел Хан қўлида тобланди, чиниқди. Шундай кезлар ҳам бўлдики, у футбол билан шуғулланишга астойдил бел боғлади. 1-2 марта футбол машғулотларига ҳам қатнади. Бироқ, барибир таэквондо устунлик қилди. Қолаверса, мураббийнинг қаттиққўллиги ҳамда онаси Оксана опанинг назорати унинг бошқа спорт турини танлашига имкон қолдирмади.

    Улуғбек 2014 йил кадетлар ўртасида мамлакат чемпионатида ғалаба қозониб, ушбу тоифада терма жамоа таркибига қабул қилинди.

    2017 йилдан спортчининг халқаро майдондаги муваффақиятлари бошланди. 2018 йил Тунисда ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида учинчи ўринни эгаллади. Бу унга Аргентинада ўтган ўсмирлар олимпия ўйинларида иштирок этиш имконини тақдим қилди. Кичик олимпиадада кумуш медални қўлга киритди. 2019 йил Иорданияда ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати, кейинчалик Хитой мезбонлик қилган Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинлари ғолибига айланди.

    Улуғбек жорий йил май ойида Иорданияда ўтган лицензион турнир орқали -68 кг. вазн тоифасида Токио олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Муросасиз жанглардан сўнг, ниҳоят, йиллар давомида тинимсиз қилинган меҳнат ва ҳаракат самара берди: Улуғбек олимпиада чемпионига айланди. Олимпия ўйинлари тарихида таэквондо йўналиши бўйича олтин медалга сазовор бўлган илк ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихга кирди.

    Бу билан у Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик байрамига муносиб туҳфа ҳозирлади.

    — Ўғлимнинг мусобақаларини ҳеч қачон кузатмаганман, — дейди Оксана Рашидова. — Ўйин натижасини телефон орқали айтишган. Токио олимпиадасини эса спорт журналистлари билан эфир орқали кузатиб бордим. Бу вазият мен учун жуда ҳаяжонли кечди. Унинг ғалаба қозонганидан хурсандман. Ҳар бир она жигарбандининг ўз Ватани шаъни у туфайли жаранг сочишини, байроғи кўтарилишини, мадҳияси янграшини истайди. Улуғбекни ғалабага ундаган барча-барчага ташаккур!

    Улуғбек айни пайтда Ўзбекистон Миллий университетининг таэквондо ва спорт фаолияти факультети талабаси. Унинг муваффақиятида, албатта, мазкур университет мураббийларининг ҳам ҳиссаси бор.

    — Токио олимпиадасида таэквондо спорт тури бўйича 4 нафар спортчимиз иштирок этмоқда. Уларнинг 2 нафари — Улуғбек Рашидов ҳамда Светлана Осипова университетимиз талабалари, — дейди таэквондо ва спорт фаолияти факультети бош мураббийи, таэквондо бўйича спорт устаси Лазиз Пўлатов. — Улуғбек 1-курсни муваффақиятли тамомлади. У университетга келгунга қадар ном қозониб улгурган эди. Босиқ, мулоҳазали йигит. Ўйлаб иш тутади. Унинг бу сифати спортда муҳим аҳамиятга эга. Юртимизнинг номдор мураббийларидан бири Павел Хан Улуғбекнинг мураббийи сифатида анча-мунча тер тўкди. Баъзан мунтазам бир машғулот билан банд бўлавергач, одам ўша ишдан чарчайди ёки зерикади. Хан Улуғбекнинг кўнглига йўл топа олган, уни жаҳоннинг машҳур таэквондо усталари қаторига киришига ишонтира олган. Мураббийнинг бола психологиясига таъсир ўтказа олиши — катта гап. Хан бунинг уддасидан чиқди. Чемпионат давомида ҳам бу сезилди. Яна бир муҳим жиҳат: олимпия ўйинларида Улуғбек Рашидов Сейду Мофана (Мали), Ли Даэ Хун (Ж.Корея), Мирҳошем Ҳуссайни (Эрон), Нежад Хушич (Босния ва Герцеговина) ва амалдаги жаҳон чемпиони Брэдли Синден (Буюк Британия) каби номдор таэквондо усталари устидан ғалаба қозонди. Улуғбекнинг бугунги кунда таэквондо спортининг шундай юлдузлари устидан ғолиб чиқиши ҳар қанча фахрланишимизга муносиб.

    Финалгача етиб келган ҳамюртимиз рақиби британиялик Бредли Синден билан куч синашиб, 34:29 ҳисобида ғалаба қозонди ва жамоамиз Токиодаги илк медални қўлга киритди. Шундай қилиб, ўзбекистонлик таэквондочи тарихда илк бор Олимпия ўйинларида олтин медалга эга чиқди.

    Ёш спортчининг бу ғалабаси энг улуғ, энг азиз байрамимизга ажойиб совға бўлиш билан бирга, ёшларга катта шижоат бағишлаб, уларни янада улкан зафарлар сари руҳлантириши шубҳасиз. Ҳали нене ёшлар бу спорт тури атрофида бирлашади, Ўзбекистон довруғини оламга ёяди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates