Молия вазирлиги хабарига кўра, вазирлик Ахборот технологиялари марказининг “UzASBO” дастурий мажмуаси ва Ягона умумреспублика процессинг марказининг “UZCARD” ахборот тизими ўртасида ўтган ойдан бошлаб икки томонлама маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.
Шунга асосан, Ахборот технологиялари маркази томонидан “UzASBO” дастурий мажмуасида ойлик иш ҳақи қисмига қўшимча ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартириш орқали “UzASBO” дастурий мажмуасида ходимнинг пластик картасининг банк ҳисоб рақами “UZCARD” ахборот тизимидан автомат шаклланадиган бўлди.
Шу кунга қадар дастурга бюджет ташкилоти ҳисобчилари томонидан ходим пластик картасининг банк ҳисоб рақами маълумотлари тижорат банкидан берилган маълумот асосида тўлдирилган. Бунинг натижасида ҳисобчилар томонидан ходимнинг пластик карта маълумотларини тузатиш ёки ўзгартириш киритилиши мумкин бўлган. Ҳозирда давлат бюджети маблағларини тўғри сарфлаш ва аниқ йўналтириш мақсадида пластик карта маълумотларини “UzASBO” дастурий мажмуасида инсон омили ёрдамида ўзгартириш киритиш имконияти чекланди.
Бугунги кунда Ахборот технологиялари маркази билан Миллий банклараро процессинг маркази ўртасида технологик йўриқнома ишлаб чиқилмоқда. Шу ойдан бошлаб “UzASBO” дастурий мажмуаси ва Миллий банклараро процессинг марказининг “HUMO” ахборот тизими ўртасида икки томонлама маълумот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.









