Йўналиш бўйича парвозлар ҳафтасига икки марта - жума ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Ўзбекистон ва Германиянинг йирик шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки мамлакат мулоқотини барча соҳаларда янада фаоллаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш имконини бериши таъкидланди. Хусусан, мамлакатларимиз ўртасида мунтазам авиақатновлар очилиши натижасида туризм, маданий-гуманитар алмашинув ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик каби муҳим йўналишларда яқин алоқалар ўрнатилади.
Расмий очилиш маросими доирасида Ўзбекистон бош консули Олимжон Абдуллаев ва Мюнхен аэропорти вице-президенти Ульрих Теис ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Авиакомпания йўловчиларига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, 1993 йилдан буён Тошкентдан Франкфурт-Майн йўналиши бўйича ҳаво қатновлари душанба, пайшанба ва шанба кунлари мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ва сайёҳлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.