Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан UNWTO бош котибиятига 2020 йилги Европа Комиссияси 65-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича юборилган таклифи доирасида шунга оид қарор қабул қилинган.
2020 йил 24-25 июнь куни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган мазкур тадбирда 40 дан ортиқ мамлакатнинг туризм ва соҳага оид вазирлик ҳамда идораларидан 300 дан ортиқ делегация вакиллари ташриф буюриши, тадбир доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликда конференция ўтказилиши режалаштирилган эди.
COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият сабабли ушбу тадбирни онлайн режимда ўтказишга қарор қилинди. Асосий мавзу пандемиянинг туризмга таъсири ва унинг оқибатларидан тикланиш масаласига қаратилади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан очиб берилади.
Шундан сўнг UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили, минтақавий комиссия раиси – Греция Туризм вазири Гарри Теохарис, Европа департаменти директори Алиссандра Прианте сўзга чиқади. Онлайн тадбирдан “COVID-19 га жавоб сиёсати” мавзусида вазирлараро муҳокамалар ҳамда UNWTO ва Халқаро молия корпорациясининг “яшил” молиялаштириш инструменти мавзусидаги маърузалари ўрин олади.
Сессияда шунингдек, навбатдаги 66-йиғилишни тўлиқ форматда ўтказиш масаласи муҳокама қилинади, мезбон сифатида Ўзбекистон номзоди қайта таклиф этилиши кутилмоқда. Маълумот учун: UNWTO Бош Ассамблеянинг ёрдамчи органлари сифатида 1975 йилда 6 та минтақавий комиссия ташкил этилган.
Комиссиялар одатда йилига бир марта йиғилади, унга аъзо давлатлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Бош Ассамблея мажлислари оралиғида минтақа мамлакатларининг таклиф ва муаммоларини котибиятга етказишга хизмат қилади. Ҳар бир комиссия Бош Ассамблея сессиялари оралиғида – икки йил муддатга аъзо давлатлари орасидан ўзининг раис ва унинг ўринбосарларини сайлайди. Европа минтақавий комиссиясига Европа ҳамда Марказий Осиёдан 42 давлат аъзо ҳисобланади.
Ҳозирда Европа минтақавий комиссисига (CEU – Commission for Europe of UNWTO) Греция раислик қилмоқда. Молдова, Польша ва Сербия раис ўринбосарлари ҳисобланади. Сессиялар тарихи. Европа Комиссиясининг 63-йиғилиши 2018 йил 11-13 июнь кунлари Чехиянинг Прага шаҳрида бўлиб ўтган. 64-йиғилиши 2019 йил 27-30 май кунлари Хорватиянинг Загреб шаҳрида ўтказилган. Унда Европа минтақаси аъзолари учун энг устувор масалалар муҳокама қилинган. UNWTO’нинг кейинги Бош ассамблеясида (Санкт-Петербург, Россия Федерацияси, 9-13 сентябрь, 2019 йил) тасдиқланадиган Ташкилотнинг 2020-2021 йилларга мўлжалланган иш дастурига қандай қўшилиш масалалари кўриб чиқилди.