Узумчилик плантациялари — ҳам меҳнат, ҳам даромад

    44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этилади.

    Боғдорчилик, хусусан, узумчилик азалдан халқимиз бандлигини, фаровон яшашини таъминлаб келган соҳа. Айни вақтда республикамизда қадимий тармоқнинг янги истиқболлари очилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раисигида 2021 йил 7 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши узумчиликни ривожлантиришга бағишланган эди. Унда давлатимиз раҳбари юртимизда азалдан узумчилик анъанаси бўлгани, уни ривожлантириш учун катта имкониятлар борлигини таъкидлади. Қорақалпоғистон ва вилоятлардаги 44 та туманда янги экспортбоп узум плантациялари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Юртимиз узум навларининг миллий брендини яратиб, хорижда тарғиб этиш ва экспортни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.

    Пискент туманида ҳам мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш йўлида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, фермер хўжаликлари томонидан 850 гектар узум боғлари ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилган. Шунингдек, ҳудудларнинг иқлим шароити, аҳолисининг тажрибасидан фойдаланиб, маҳаллаларда узумчилик ривожлантирилмоқда.

    Туман ҳокими ва ёрдамчиларининг маҳаллабай ўрганишлари асосида бўш майдонлар, тупроқ ва сув борасидаги имкониятлар таҳлил этилган эди. Ушбу имкониятдардан келиб чиқиб, Ғайрат маҳалласида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 20 гектар майдон кооперация асосида интенсив узум боғлари ва орасида 5 гектар иссиқхона ташкил этиш учун танлаб олинди. Бунда иш билан банд бўлмаган 120 нафар талабгор фуқароларга участкалар ажратиш, жами 240 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Соҳа мутахассисларининг тавсияси асосида узумзорларга бозорбоп Ризамат ота, Суғдиёна, Хусайни навлари жойлаштирилади. Интенсив боғ ва токзорларни барпо этиш ҳаражатлари учун тижорат банклари орқали белгиланган тартибда имтиёзли кредитлар ажратилади.

    — Пискент туманида миришкор инсонлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Ток ораларига қулупнай ёки тўқсонбости экинлари экиб, ердан йилига 3-4 мартагача даромад олаётган боғбонлар тажрибасини оммалаштириш зарур, - дейди туман ҳокимининг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари А.Абдуллаев. — 20 сотих майдонга узум боғ ҳамда боғ ичида иссиқхона ташкил этилганда, 1 ва 2-йилда 60 млн.сўм, 3-йилда 110 млн. сўм даромад олиш имконияти бўлади. Бу бир оиланинг 2-3 нафар аъзосини иш билан таъминлаш билан бирга, яхшигина даромад кўриб, тўкин яшашига ҳам замин яратади.

    Дарҳақиқат, халқимизда “Ишонган боғинг, суянган тоғинг бўлсин” деган ибора бежиз айтилмаган. Меҳнат қилган, ташаббус кўрсатган одам эса тўкин ҳаётга эришади.

    Манзура Рустамова,

    журналист