Ойнинг 26-санаси эса миллий эстрадамиз бунёдкори Ботир Зокиров ҳамда ХХ аср ўзбек адабиётининг беназир шоири Муҳаммад Юсуф оламга келган кун.
Шоир Муҳаммад Юсуф каби мен ҳам Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтида ўқиганман. 1990 йил институтни тамомлаб, шу ернинг ўзида ўқитувчи бўлиб қолдим. Олий таълимда ўқитувчи бўлиб ишлаш одамга ғурур ва фахр туйғусини бағишларди ва шу билан биргаликда катта масъулият эди ҳам. 1991 йилнинг баҳорида менга рус-ўзбек филологияси ва таржимонлар факультетининг бир гуруҳ талабалари мурожаат қилди ва истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф билан учрашув ташкил қилишни сўрашди.
Шоир билан бизнинг институтда таҳсил олган устозимиз Қуддус Аъзамовга мурожаат қилдим. Мен у кишидан шоир билан давра суҳбати ўтказиб беришни илтимос қилдим. Қуддус ака бажонидил рози бўлди ва учрашувни маърузалар залида ташкил қилиб берди.
Факультет талабалари учрашувга қизғин тайёргарлик кўришди. Учрашув жуда юқори савияда ўтди. Талабалар шоирнинг ўша вақтдаги машҳур шеърларидан намуналар ўқиб беришди. Айниқса, биринчи курс талабаси адибнинг “Самарқанд” шеърини маромига етказиб ўқиб берганда бутун зал йиғлади десам муболаға бўлмайди. Шеър тугагач анча вақтгача қарсаклар янграб турди.
Институт талабалари ва шахсан мени бир савол қийнарди: “Нима учун шоирнинг таржимаи ҳолида ТошДУнинг (ҳозирги Миллий университетнинг) ўзбек филологиясини тамомлаган дейилган, у Рус тили ва адабиёти институтини тугатган-ку”. Тўртинчи курс талабаси Алишер шу саволни берди.
Шоир: “Бу маълумотларни қаердан олишган мен билмайман, лекин мен шу институтни тамомлаганман! Шу ерда ўқийман деб Наманган педагогика институтига кирган жойимдан ташлаб келганман. Ва мен мазкур институтда ўқигандан фахрланаман”, деди. Шоирнинг шу гаплардан кейин зал жунбушга келди. Сабаби ўша вақтда ўзбек шоири фақат ўзбек филологиясидан чиқиши керак деган тушунча бор эди.
Кейинчалик шоир билан учрашиш насиб этмади. 2014 йил апрель ойида шоирнинг 60 йиллик юбилейини ИИВ Академиясида ўтказиш менга топширилди. Тадбирга тайёргарлик жиддий бўлди: пишиқ ва пухта сценарий ёздик. Қачон ва қаерда бўлишини ўша вақтда устозим Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан белгилаб олдик. Ёзувчи биз билан 1995 йилдан кафедрамиз катта ўқитувчиси бўлиб ишларди. У киши Муҳаммад Юсуфга устозлик қилиб, хатто тахаллусини ҳам шундай бўлишига сабабчи бўлган эканлар.
“Ўлим ҳақ, Аллоҳнинг иродасига бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ. Лекин марҳум шогирдларни юбилейини нишонлаш ундан-да оғир.”, деганди Тоҳир ака. Тадбирга астойдил тайёргарлик кўрдик. Қатнашадиган меҳмонлар рўйхатини туздик. Ёзувчилар уюшмасидан Сирожиддин Саййид шогирдлари Ғайрат Мажид, шоирнинг рафиқаси Назира ас-Салом ва хофизлардан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Маҳмуджон Азимов, Ғиёс Бойтоев ва Тошпўлат Маткаримовлар чақирилди. Ўша вақтда Сирожиддин ака уюшма раисининг биринчи ўринбосари эди.
Тадбирга Сирожиддин ака ва мен бошловчилик қилдик. Юбилей юқори савияда ўтди. Хофизлар навбати билан шоирнинг энг сара қўшиқларини ижро этиб беришди. Маҳмуджон ака “Самарқанд”ни куйлаган бўлсалар, Ғиёс ака “Тегирмоннинг чархпалаги”, Тошпўлат ака ўша машҳур “Оқ тулпор”га жон киргазди. Курсантлар тайёрлаган шеърий композиция ҳам ҳаммага манзур бўлди.
2021 йилда мен Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида ишлар эдим, Адиблар хиёбонида шоирнинг ҳайкали пойида бир тадбир ўтказмоқчи бўлдик. Кафедра бошлиғи Хуршид Маматқулов ташаббусимни қўллаб қувватлади. Мен зудлик билан ташкилий масалаларни хал қилишга киришиб кетдим. Ёзувчилар уюшмасидан Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, моҳир сухандон Муслимбек Йўлдошев, хонанда Тошпўлат Маткаримовни таклиф қилдик. Тадбирга, бундан ташқари, ҳарбий олий ўқув юртларидан курсантларни таклиф этдик. Ҳарбийларда аслида бирон ерга бормоқчи бўлса, албатта, рухсат олиш, таклиф этаётган томон расмий хат билан чиқиши керак. Мен олий таълим муассасаларнинг вакилларига ҳеч қандай хат бўлмайди, шоирни ҳурмат қилувчилар йўлини топсин дедим. Ўша куни ҳайкалнинг пойида саккизта ҳарбий таълим муассасаларидан гуруҳлар ташриф буюрди.
Иштирокчиларни кўрган шоир Иқбол Мирзо шунча одамни қандай чақирганим билан қизиқди. Мен уларни шоирнинг Ватанга, халқига ва она тилига бўлган муҳаббати етаклаб келганини айтдим.
Тадбирда шоирнинг Ватанга муҳаббати билан йўғрилган шеърлари янгради. Шоиро Иқбол Мирзо адибнинг кўпчиликка номаълум бўлган қирраларини очиб берди. ИИВ Академияси курсантлари Севара Назархон ижро этган “Ватаним” қўшиғини куйлашди.
Биз бўлажак офицерларни она Ватанга, жонажон халқига ҳамда Президентига муҳаббатни Ватанни иддаоларсиз севган Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари орқали сингдиришимиз керак. Шунда Янги Ўзбекистоннинг пойдевори ва бинолари мустаҳкам бўлади.
Тўлқин Сайдалиев,
филология фанлари номзоди,
доцент, истеъфодаги подполковник