«Велотрек» мажмуаси орқали Жиззахда ҳам халқаро миқёсидаги мусобақалар ўтказиш имконияти пайдо бўлди

    Мамлакатимизда 18 декабр 2021 1736

    Аввал хабар берганимиздек, Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан вилоятда 2021 йилда амалга оширилган ишлар бўйича Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

    ОАВ вакиллари Жиззах шаҳридаги Олмазор маҳалласи ҳудудида қурилаётган 16 қаватли уйлар қурилиши билан яқиндан танишди.

    Айтиб ўтиш жоизки, Жиззах шаҳрида 2017-2020 йиллар давомида хусусий сектор иштирокида жами 858 та хонадонли 15 та 4 ва 7 қаватли уй-жойларни қуриш ишлари амалга оширилган.

    Мана шу йилда қурилаётган 1120 та хонадонли 32 та кўп қаватли уй-жойларнинг катта қисми ҳам хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Бунда 860 та хонадонлар эгалари учун субсидия ажратиш орқали оилаларнинг уй-жой муаммосини ҳал этишга кўмаклашиш – бу энди одамларнинг йиллар давомида елкасидан босиб келган оғир юкидан халос этиш дегани. Жиззах шаҳрининг «Олмазор» маҳалласи кейинги уч йилда жуда гавжумлашиб кетди. Боиси, бу ерда кўп қаватли уйлар сони йил сайин ортмоқда. Аввалбошда 15 та 7 қаватли уйлар фойдаланишга топширилган бўлса, эндиликда ҳар бири 80 та хонадонли 6 та 16 қаватли ва 4 та 9 қаватли уйлар қурилиши босқичма босқич давом эттирилмоқда.

    16 қаватли уйлар қурилиши, тан олиш керак, Жиззах вилояти ҳаёти учун илгари кузатилмаган ҳолат. Бунгача энг баланд турар жой 9 қаватли бўлган. 16 қаватли уйлар нима учун зарур деган савол юзага чиққанда ҳам бунга бирдан бир тўғри жавоб урбанизация жараёнида марказ шаҳарлар аҳолиси сонининг кўпайиши, турган гапки, турар жой қурилишига мўлжалланган ер учун эҳтиёжнинг ошиши билан изоҳланса ўринли бўлади.

    Сифат масаласи эса, ҳар доим ҳам биринчи ўринда туради. Ҳар бир қаватда 5 та хонадон мавжуд, уларнинг 4 таси 3 хонали, 1 таси 1 хонали. Ҳар бир хонадон учун 2 та очиқ ҳавоза, балкон қурилган. Табиий газ таъминоти ердан то 9-қаватгача кўтарилган. Ундан тепа қаватлар учун эса таъминот тармоғи тепадан тушиб келади. Бу турмуш эҳтиёжи юқори бўлган мазкур коммунал хизмат – табиий газ таъминоти бир меъёрда тақсимот қилинишини кўрсатади. Иккита лифт хизмат кўрсатадиган 16 қаватли осмонўпар бинонинг қовурғаларини 14 метр чуқурликкача етиб борган мустаҳкам қозиқлар ушлаб туради. Деворлар эса металл каркасларга қўйилган мустаҳкам бетон қоришмадан иборат. Хонадонларда иссиқлик бир меъёрда, ёзу қишда бир хил мўътадил об ҳаво сақланиб турилишини таъминлаш мақсадида, ташқи деворларга базальт толасидан тўқилган қурилиш матоси қопланган.

    Жиззах шаҳридаги «Велотрек» BMX майдони

    Жиззах шаҳрида жойлашган Ўрта Осиёда ягона ҳисобланган спортнинг велотурига ихтисослашган BMX майдони «Сангзоркўл»нинг 4 гектарли жойни ўз ичига олади.

    Умумий қиймати 500 минг АҚШ доллари бўлган ушбу мажмуа 2021 йилда фойдаланишга топширилди. Лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан 3,2 гектар майдонда 2500 томошабинга мўлжалланган «Велотрек» мажмуаси велоспортнинг 4 йўналиши бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжаллаб бунёд этилган.

    Мажмуа Сочи шаҳридаги «Велотрек» мажмуаси лойиҳаси асосида қурилган бўлиб, қурилиш Украина, Бельгия ва Франциядан келган мутахассислар кўмаги билан амалга оширилган. Жаҳон андозаларига тўла-тўкис жавоб берадиган спорт мажмуасида «Велотрек»нинг ВМХ йўналиши бўйича нафақат республика, балки халқаро миқёсидаги мусобақалар ўтказиш имконияти пайдо бўлди.

    Шароф Рашидов туманидаги «Голд Фиш агро» балиқчилик кластери

    Жиззах вилоятида 220 дан ортиқ балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларда йил якуни билан жами 23 минг тонна балиқ етиштириш мўлжалланмоқда.

    Бу йил уларнинг сафига «Голд Фиш агро» масъулияти чекланган жамияти ҳам қўшилди. Қиймати 30 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган.

    Кластер майдони 43 гектар бўлиб, шундан 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача сазан боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланмоқда.

    Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлатгичлар ҳам бор.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates