Виждон тарозиси

    Ўқитувчи орияти хусусида баъзи мулоҳазалар.

    Ўқитувчилик — шарафли касб. Унинг шарафи шундаки, жамиятни ҳаракатлантириб турувчи барча соҳа ривожида муаллимларнинг заҳматли меҳнати ётади. Бундай кўламли эътироф шу пайтга қадар бошқа бирор касбга насиб қилмаган. Бундан кейин ҳам насиб қилиши даргумон. Чунки дунёда фақат битта касб бор — ўқитувчилик. Қолган барча касблар унинг ҳосиласидир.

    Муаллимлик — нозик касб. Нозиклиги шундаки, бу касб эгаларига одамлар доимо намуна тимсоли сифатида қарайди. Устоз ҳатто уйқуси билан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Онг остида ўқитувчи эканини эслатиб турувчи товуш уни доим рисоладагидек юришга мажбур қилади. Ҳар бир иш ёки хатти-ҳаракатга нисбатан “мен ўқитувчиман” деган муносабат билан ёндашиши талаб қилинади. Барчада учраши мумкин бўлган иллатлар муаллимдан кутилмайди.

    Педагоглик — машаққатли касб. Машаққати шундаки, бошқа касб эгаларининг иши ишхонасида қолади. Уйига қайтгач, оиласи даврасида мириқиб ҳордиқ чиқаради. Ўқитувчиларни эса касби доим ортидан “қувлаб юради”. Улар уйларига қайтгач, ишининг иккинчи қисми бошланади. Эртанги дарсга тайёргарлик кўриш учун янги адабиётларни варақлайди. Машғулотни янгича методлар асосида самарали ташкил қилиш режасини тузади. Ўқувчиларнинг дафтари ёки ёзма ишларини текширади. Ҳеч бўлмаса, конспект ёзади.

    Уларнинг хаёли доим ўзлаштириши паст ўқувчилар савиясини кўтариш ёки қобилиятли ўқувчилар иқтидорини тўғри йўналтириш билан банд. Шундан бўлса керак, муаллим яшайдиган хонадоннинг чироғи тонггача ўчмайди. Унинг деразасидан тушиб турган хирагина нур гўё оламни зимистондан, одамларни жаҳолатдан, дунёни эса ҳалокатдан сақлаб турибди.

    Ўқиганларингиз ўқитувчилик касбига юқоридан туриб қараганда кўринадиган чиройли манзара. Буни назарияга ўхшатаман. Аммо назариянинг амалиётга татбиқи жараёнида чиройли манзара ортида нохуш ҳолатлар ҳам учраб туради. Бугун шу зарур. Нафақат ўқитувчилар, балки барча учун ушбу тушунчанинг қадр-қиммати доим баланд бўлиб келган. Муаллимликка юқоридаги ёндашув билан қараганимизда, бу тушунчанинг аҳамияти яна бир неча карра ортади.

    Ориятини сақлай олмаган педагог мисқоллаб топган ҳурматини ботмонлаб йўқотади. Умуман, инсонлар учун ҳурмат ва обрў топишда ўсиш тезлиги арифметик прогрессиядан бир неча карра суст. Уни йўқотишда эса пасайиш тезлиги геометрик прогрессиядан бир неча карра шиддатли кечади.

    Ориятсиз ўқитувчилар орамизда кам дейиш ҳам, кўп дейиш ҳам нотўғри. Ҳар ҳолда шу иккаласининг ўртасида, десак ҳақиқатга яқин бўлади. Бундай ўқитувчиларни кўрган ёш ўқувчиларнинг дастлаб ўқитувчилик касби борасидаги шаклланган тушунчалари чалкашиб кетади. Чунки аксарият оилаларда ўқитувчига нисбатан ҳурмат руҳида тарбия берилади. Шунинг учун ўқувчилар бундай ўқитувчиларни бошида тушуна олмайди. Ўқувчиларнинг бундай ўқитувчиларни тушуниши эса ўша ўқитувчининг ҳурмати ва обрўси чилпарчин бўлиши билан якун топади. Ҳурматини йўқотган ўқитувчининг дарс машғулотида яловбардорлик ва ташаббус энди ўқувчилар қўлига ўтиб кетади. Улар ҳурматини йўқотган ўқитувчининг дарсига ҳам, унинг дарс мавзуси борасидаги фикрларига ҳам ҳурмат билан муносабатда бўла олмайди. Бунинг оқибати эса “икки карра икки”дек аён.

    Ўқитувчининг орияти аслида нима ва у қаерда бўй кўрсатади?

    Бу туйғу даставвал ўқитувчининг ўзига, қолаверса, касбига, дарсига ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилганда, билимига нисбатан шубҳа билан қаралганда юзага чиқади. Шу ўринда бир мулоҳаза: кейинги пайтларда “интерфаол методлар”га ружу қўйиб, ўқувчининг дарс машғулотидаги фаоллигига керагидан ортиқ берилиб кетдик, назаримда. Дарс машғулотида ўқувчининг фаоллиги яхши, аммо бундан ўқитувчининг ҳурмати, дарс машғулотининг сифати зиён кўрмаслиги керак. Кейинги пайтларда “Анъанавий таълимда дарс машғулоти ўқитувчининг фаоллиги ва етакчилигида ўтгани сабабли машғулотнинг самарадорлиги етарли даражада таъминланмаган”, деган мазмундаги фикрлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Билмадим-у, аммо бу фикр, назаримизда, бир оз шубҳали. Фикримизча, дарс машғулотида ўқитувчининг фаоллиги ва ташаббускорлиги юқори бўлиши ўта лозимдир. Ўзини ҳурмат қилган ва билимли ўқитувчи машғулот пайтида фаолликни ҳам, ташаббусни ҳам ўқувчига бериб қўймайди. Бундай ўқитувчилар аудиториядаги дарс машғулотига, фанга ёки ўқитувчига нисбатан зиғирча бўлсаям ҳурматсизликни, орият нуқтаи назаридан келиб чиқиб, эътиборсиз қолдирмайди. Унга нисбатан чоралар кўради. Бу эса ўқувчиларга кўпинча ёқмайди, албатта. Аммо ўқитувчининг айни хатти-ҳаракатини ўқувчининг “ташқи мени” тан олмаса-да (чунки унинг ҳам орияти бор), “ички мени” тан олади, маъқуллайди. Бундай ўқитувчиларга нисбатан ҳурмат ўқувчининг онг остида шаклланади.

    Орият аслида барча инсонларга хос фазилат. Аммо баъзиларда ташқи сабабларга кўра бу туйғу йўқола боради ёки бош кўтаришга ожиз бўлиб қолади.

    Орият Аттестация комиссияси билимсиз деб топган ўқитувчига нисбатан ҳатто ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин. Бу икки қусур, халқ тили билан айтганда, ўқитувчининг тилини қисиқ қилиб қўяди, натижада унинг орияти ожизлашиб бораверади. Бундай қусурларга эга ўқитувчилар ўқувчиларга ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлади, чунки ўқувчиларни тартибга чақириши ёки уларга танбеҳ бериши билан боғлиқ ўқувчи учун ёқимсиз ишлар ўқитувчидаги қусур ва камчиликлар улар томонидан ошкора айтиб юборилишига сабаб бўлиши мумкин. Билимсиз ва тамагир ўқитувчилар ўқувчиларнинг ўзига, қолаверса, касбига, дарсига ва фикрларига нисбатан ҳурматсизлик қилаётганини, билимига нисбатан шубҳа билан қараётганини гўёки “кўрмайдиган” бўлиб қолади. Ошкора ҳурматсизлик уларнинг ориятини қийнаса-да, бунга қарши улар ҳам ошкора муносабат билдиришга журъат қилолмайди. Бора-бора ўқувчининг ҳурматсизлигига кўникиб қолган ўқитувчини энди орият безовта қилмай қўяди. Бу эса ундаги “ўқитувчилик орияти” туйғуси ўлганини билдиради. Методикасида ёки муомаласида камчилиги бор ўқитувчини тушуниш мумкиндир, аммо билимсиз ўқитувчини тушуниб ҳам, кечириб ҳам бўлмайди. Дарс машғулотида фаоллик ва ташаббус учун ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида кўзга кўринмайдиган пинҳона кураш мавжуд. Буни мен табиий тушунаман.

    Бу курашда муқаррар ғалаба аслида ўқитувчи тарафда бўлади. Аммо билимсизлик уни ўқувчиларга “туҳфа” қилиб юборади. Дарс машғулотининг самарали бўлиши учун фаоллик ва ташаббус доим ўқитувчи тарафида бўлиши шарт. Чунки таълим берувчидаги билим ва билим олишнинг усул ва йўллари унинг фаоллиги билан таълим олувчига ўтади. Бу чойнакдаги чойнинг пиёлага қуйилиши кабидир. Пиёлага чойнакнинг ҳаракати билан чой қуйилади ва бу жараёнда иккаласини ҳам фаоллаштириш ёки пиёланинг фаоллигини ошириш кутилган самарани бермайди. Биз бу билан дарс машғулотида ўқувчи фаол бўлмаслиги керак, демоқчи эмасмиз, аммо ўқувчининг фаоллиги мақсад сари қаратилган, лозим даражада бўлиши ва ўқитувчининг фаоллигига халал бермаслиги керак. Ўқувчилар фаоллигининг чегарадан чиқиши дарс машғулотининг шовқинли ўтишига, ўқитувчининг машғулот мақсадидан чекинишига сабабчи бўлади. Зеро, дарс машғулотининг вақти чегараланган бўлиб, унинг ҳар бир дақиқаси мақсадли ва оқилона сарфланиши лозим.

    Ўқитувчи учун орият масаласининг жўн ҳодиса эмаслиги аслида мана шуларда кўринади. Бу дунё мувозанат асосига қурилган. Ўз устида ишлаш ва нафснинг жиловланиши иродани енгишни, меҳнат ва машаққатни талаб қилади, оқибатда ҳурмат ва эътироф билан сийланади. Билимсизлик ва нафсга берилиш эса иродани қийнамайди, меҳнат ва машаққатни талаб қилмайди, аммо у ҳурматнинг йўқолиши ҳамда ориятсизлик билан жазоланади. Мавзу борасида бизнинг фикрларимиз шу жойда поёнига етди. Бу ёғига нафснинг жиловланиши, меҳнат ортидан топилган ҳурмат ва эътироф билан кам меҳнат қилиб, нафсга эрк бериш оқибатида топилган “роҳат-фароғат”нинг вазнини ўлчайдиган виждон тарозиси гапирсин...

    Умид ХЎЖАМҚУЛОВ,

    педагогика фанлари доктори

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates