Халқ дипломатияси форумида Сенат аъзолари ҳам иштирок этди

    Жорий йил 11 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг фаол қўллаб-қувватлаши билан ўтказилган ШҲТ халқ дипломатиясининг Тошкент форумида мамлакат парламенти юқори палатаси аъзолари ўз маърузалари билан иштирок этди. Қуйида сенаторларнинг форум доирасида билдирган фикрлари эътиборингизга ҳавола этилади.

    Равшан Алимов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси:

    Замонавий воқеликда халқ дипломатияси миллий манфаатларни илгари суриш ва халқаро муносабатларни мустаҳкамлашнинг ижобий омили сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

    Жамоат бирлашмаларининг фаолияти, халқаро ноҳукумат ташкилотларининг мамлакатлар ва халқларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари, шубҳасиз, миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда уларнинг янада яқинлашишига хизмат қиляпти.

    Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси марказининг ролини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишни назарда тутади.

    Нисбатан қисқа вақт ичида Марказ ШҲТнинг айрим мамлакатларидаги жамоат ва шунга ўхшаш ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди ва ривожлантиряпти. «Тараққиёт стратегияси» маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, ШҲТнинг Яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати иштирокида қўшма тадбирлар ўтказиляпти.

    Халқ дипломатиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида парламент дипломатиясининг ролини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Мамлакатлар ўртасидаги парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳар бир халқ манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

    ****************

    Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев:

    Халқ дипломатияси имкониятларидан фойдаланишда фақат ёшлар қамрови билангина чекланиб қолмасдан фаол маданий тадбирлар, туризм кунлари, спорт мусобақалари ва турли фестиваллар доирасида ҳам давлатлараро кўп томонлама муносабатларни жадал ривожлантириш мақсадга мувофиқ.

    Бу борада Ўзбекистонда ташкил қилинаётган Шарқ тароналари халқаро мусиқа фестивали, Мақом санъати анжумани, халқаро Бахшичилик ҳамда Ҳунармандчилик фестиваллари, Зираворлар ва каштачилик фестивали, «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали, халқаро театр фестиваллари жараёнида кечадиган самимий мулоқотлар нафақат мамлакатимиз нуфузини оширишга хизмат қилади, балки халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

    Бутун дунёда глобаллашув ва интеграция жараёнлари кучайиб бораётган бир шароитда халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг муҳим бўғинига айланмоқда.

    Жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолияти, қардош шаҳарлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий-сиёсий акциялар, халқаро ноҳукумат ташкилотларининг ҳамкорликни кучайтириш бўйича ташаббуслари давлатлар ва халқларнинг янада яқинлашишига, барча даражаларда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига кўмаклашади.

    Халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш шубҳасиз, ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқлари яқинлашишига, ўзаро ишонч ва яқин қўшничилик руҳи мустаҳкамланишига кўмаклашади.

    ****************

    Сенатор Гулнора Маруфова:

    2000 йилда қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси биринчи марта хотин-қизларнинг тинчлик ва хавфсизлик жараёнларида иштирок этишининг муҳимлигини тан олди ва бу борада хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларга асос солди.

    Хотин-қизларнинг ролига асосланган тинчлик ва хавфсизлик кун тартиби долзарб мавзу бўлиб қоляпти ва жаҳон ҳамжамиятининг қўшимча эътиборини талаб қиляпти.

    БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-резолюциясига мувофиқ Ўзбекистон Миллий Ҳаракат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Ушбу ҳужжат замонавий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимизнинг «Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик» глобал кун тартибига, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш бўйича кун тартибига, Глобал мақсадларга эришиш бўйича ҳаракатлар ўн йиллигига ва БМТ раҳнамолигида ишлаб чиқилган бошқа меъёрий доираларга содиқлигини тасдиқлайди.

    Етакчи аёлларнинг ролини ошириш тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар жараёнлардаги фаол иштироки жаҳон мамлакатларида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, барқарор тараққиётга хизмат қилади.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates