Халқаро армия ўйинлари ғолиблари пул мукофоти ҳамда муддатидан олдин ҳарбий унвонлар билан тақдирланди

    Ҳарбий 17 сентябр 2022 1896

    Бугун, 17 сентябрь куни  “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг Амфитеатрида “АрМИ-2022” ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, юртимиз байроғини юқори кўтарган ҳарбий хизматчиларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

    Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, Олий Мажлис депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

    Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 15-27 август кунлари йилнинг энг нуфузли ҳарбий мусобақаларидан бири бўлган “АрМИ–2022” Халқаро армия ўйинларида миллий армиямиз ўғлонлари муносиб иштирок этиб, медаллар шодасини қўлга киритишди. Хусусан, шиддатли ва муросасиз кечган халқаро беллашувларда вакилларимиз 7 та олтин, 10 та кумуш, 5 та бронза медалларига эга бўлишди. Шунингдек, 22 та шахсий ва жамоавий рекорд натижаларни ҳам қайд этиб, 37 та давлат ичида умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.

    Байрамона тадбирда вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳар бир йўналиш бўйича навбати билан саҳнага чиққан ҳарбий жамоаларнинг ҳар бир аъзосини қутлаб, пул мукофотларини топширишди. Яъни, ғолиб ва совриндор бўлган ҳарбий хизматчиларимиз лавозим маошларига мос равишда ўн, олти ва уч баравари миқдорида пул мукофоти ҳамда бир пағона юқори малака тоифалари билан рағбатлантирилди.

    Шунингдек, маросим давомида Халқаро армия ўйинларида юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга муддатидан олдин навбатдаги ҳарбий унвонлар топширилди.

    Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов “Арми–2022” Халқаро армия ўйинларида дунё армияларининг энг кучли жамоалари билан ўзаро кураш олиб борган Ўзбекистон бу йил ҳар қачонгидан юқори натижаларини қайд этганини фахр билан таъкидлаб ўтди.

    Ғалабага интилиш, чидамлилик ўзбек аскарининг тимсолидир. Унинг қони доимо жўш этиб туради. Мен барчаларингизни армия ўйинларидаги ғалаба билан муборакбод этаман. Барчаларингизга куч-қудрат, хизматингизда омад тилайман. Билагингиздаги куч, сизнинг кўзингиздаги ишонч билан ифодаланади. Ҳеч қандай куч ва газанда сизнинг кўзингизга тик қарай олмайди. Мен учун энг қудратли аскар бу ўзбек аскаридир,- деди фахр билан генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов.

    Албатта, халқаро майдондаги бу каби ютуқлар ва орттирилган тажрибалар миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг билим ва салоҳиятини, касбий тайёргарлигини янада ортишига хизмат қилади.

    Тақдирлаш маросими концерт дастурига уланиб кетди.

    Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates