Инсоният ҳамиша энергиянинг энг самарали манбаларини излаб топишга ҳаракат қилади. Айниқса, бугунги кунда энергетика соҳасини такомиллаштириш, хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этиб, юртимизда устувор йўналишлардан бирига айланди. Шунингдек, илмий тадқиқот ва инновацияларни ривожлантириш ҳамда амалий натижадорликка ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги ЎзФА Содиқ Азимов номидаги “Физика-қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтида бўлиб ўтган “Янги материаллар ва гелиотехнологиялар” мавзусидаги халқаро илмий конференцияда энергетика соҳасига доир долзарб масалалар хусусида сўз борди.
Икки кун давом этган ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги фармойиши ижроси доирасида ташкил этилди конференцияда Ядро физикаси, Ион-плазма ва лазер технологиялари ҳамда Физика-техника институтлари, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Илғор технологиялар маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг олимлари, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
— Ушбу конференция давомида ўзимизга керакли бўлган ҳам амалий, ҳам назарий билимларимизни оз бўлсада мустаҳкамлашга муваффақ бўлдик, — дейди Бухоро Муҳандислик институти доценти Зуҳриддин Тоиров.— Конференцияда иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишни кўпайтириш, рақобатли энергетика бозорини рағбатлантириш борасида ҳам муҳим маълумотларга эга бўлдик. Айниқса, олимларнинг янги материаллар, гелиотехнологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларини яратиш, такомиллаштириш ҳамда улардан фойдаланиш борасидаги фикрлари онгимизда янги ғояларнинг пайдо бўлишига ва истиқболли режаларнинг туғилишига сабаб бўлди.
Конференцияда AҚШ, Германия, Франция, Жанубий Корея, Россия, Беларус мамлакатларидан ташриф буюрган олимларнинг кўп функционал материалларни яратиш, улардан маҳсулот ишлаб чиқаришнинг илғор технологиялари, шунингдек, гелиотехнологиялар ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан амалий фойдаланиш борасидаги илмий маърузалари тингланди.
Ўзбекистонда биринчи марта ташкил этилаётган “Яшил технологиялар водийси” илмий-технологик консорциумининг тақдимоти ҳам айнан мазкур халқаро илмий конференция доирасида ўтказилди. Ушбу лойиҳа Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва “Ўзкимёсаноат” AЖ ташаббуси билан ташкил этилди.
— Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, — дейди Физика қуёш илмий ишлаб чиқариш бирлашмасини Материалшунослик институти директори Одилхўжа Парпиев. — Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти. Шуларни инобатга олган ҳолда сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг саноат тармоқларига “яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур халқаро илмий конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад эса водород энергетикаси технологиялари, карбон толаларини олиш усуллари, ўта ўтказувчан материаллар соҳасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш, синаш, тажриба синовларини ўтказиш бўйича ҳамкорликдаги мега-лойиҳаларни амалга оширишдир
Халқаро конференцияда, шунингдек, материалшунослик ва гелиотехнологияларни ривожлантиришдаги жаҳон тенденциялари, олиб борилаётган илмий тадқиқотлар даражаси, сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар ва уларнинг натижаларидан амалиётда кенг фойдаланишни таҳлил этиш, қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш масалалари хусусида мулоҳазали, мушоҳадали қизғин фикрлар билдирилиб, соҳага доир ечимини кутаётган масалалар хусусида сўз борди.
Шу билан бирга, янги материаллар ва гелиотехнологияларни яратиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, янги материаллар ва гелиотехнологиялардан фойдаланиш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш, мазкур соҳада кадрлар тайёрлаш каби ўта долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Бугунги кунда юртимизда қайта тикланувчи энергия ресурсларини тадқиқ этиш ва жорий қилиш ишларини янада юқори даражага кўтариш борасида истиқболли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур халқаро конференция ҳам соҳадаги мавжуд муаммоларга ўз вақтида ташкилий-ҳуқуқий, илмий-техник, инновацион ечимлар топишда муҳим аҳамият касб этади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири