Халқаро яшил ҳафталиги Ўзбекистон агробизнеси учун янги имкониятлар эшигини очади

    Агросектор 20 январ 2023 1039

    2023 йил 19-21 январь кунлари Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги делегация вакиллари «Халқаро яшил ҳафталик (IGW)» ўтказилаётган Берлин шаҳрида (Германия) расмий ташриф билан бўлиб турибди.

    Ҳафталик доирасида қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва халқаро озиқ-овқат кўргазмаси ташкил этилади. Унда республикамиз «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» стендини тақдим этади.

    240 квадрат метр майдонга жойлаштирилган Ўзбекистон стендида Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимиз вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 60 дан ортиқ тадбиркорларнинг миллий маҳсулотлари намойиш этиляпти. Жумладан: 227 турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари – янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, қайта ишланган сут ва гўшт маҳсулотлари, ёғ ва ёғ маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари, ун ва ун маҳсулотлари, маргарин маҳсулотлари ва бошқалар ўрин олган. Бундан ташқари, ўзбекистонлик ошпазлар ҳар куни миллий таомларни (шўрва, сомса, нон ва бошқалар) тайёрлаб, кўргазма меҳмонларини сийлайди.

    Ўзбекистон тадбиркорлари «Яшил ҳафталик»да бошқа давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятида иштирок этиб, турли маҳсулотларни импорт ва экспорт қилиш бўйича шартнома ва битимлар тузишга тайёр. Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун қўшимча имкониятларни кенгайтиришни режалаштирган. Ўзбекистон билан Германия ўртасида савдо-бозор муносабатларини янада мустаҳкамлашга, шунингдек, мамлакатимизда етиштирилаётган зотли қорамол, гўшт ва гўшт-сут маҳсулотларини импорт қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга катта қизиқиш билдирилди. Германия томони мамлакатимизнинг балиқчилик тармоғига ҳам қизиқиш билдиряпти.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг «Яшил ҳафталик»да иштирок этишидан кўзланган мақсад — қатор музокаралар олиб бориш, шунингдек, умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномаларини тузишдан иборат, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

    Маълумот учун: Халқаро яшил ҳафталик (IGW) — бу озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва боғдорчилик бўйича халқаро савдо ярмаркаси ҳисобланади.

    Бу ерда дунёнинг турли бурчакларидан озиқ-овқат ва ичимликлар ишлаб чиқарувчилари ташриф буюриб, кўргазма майдонида ўз маҳсулотларини намойиш этади.

    Сўнгги йилларда улар фермерларга замонавий хизматларни (масалан, қишлоқ жойларда харид қилиш ва дам олиш), шунингдек, қайта тикланадиган энергия ва ресурслар ҳақида маълумотларни таклиф этяпти. Кўргазмада Германия ва бошқа мамлакатлардан қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, боғдорчилик ва балиқчиликнинг барча йўналишларидан вакил ва мутахассислар ҳам иштирок этяпти.

    Кўргазманинг тематик бўлимлари қуйидагилардан иборат: ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари; қишлоқ жойлари учун кўнгилочар дам олиш; фермер хўжалиги тадбирлари; органик маҳсулотлар; қайта тикланадиган ресурслар; халқаро озиқ-овқат маҳсулотлари; fast food таомлари; келажакдаги озиқ-овқат тенденциялари; вино; агросаноат; гуллар; чорвачилик.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates