«Харажат – тадқиқот – маҳсулот» асосий мезон

    Фарғона политехника институтининг инновацион фаолиятини “харажат – тадқиқот – маҳсулот” тамойили асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.

    Президентимиз раислигида шу йил 5 февралда ижтимоий соҳалардаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда илм-фан ва инновацияларга охирги етти йилда 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилгани, лекин илм-фанда “харажат – тадқиқот – маҳсулот” формуласи ишламаётгани алоҳида қайд этилди.

    Фарғона политехника институтини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясининг асосий йўналишларидан бири сифатида инновацион фаолиятни “харажат – тадқиқот – маҳсулот” тамойили асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.

    Институтда илмий ва инновацион экотизимни яратиш орқали илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга эришиш асосий вазифамизга айланган. Тадқиқотчи ва талабаларнинг илмий тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишланмалари натижаларини ишлаб чиқаришга трансфер қилиш ва тижоратлаштиришга йўналтиришнинг энг самарали механизмларидан бири олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот марказлари ташкил этиш орқали спин-офф корхоналарини бириктириш ҳисобланади. Юқоридаги фикрларга таяниб институтда долзарб ва устувор йўналишлардаги илмий тадқиқотларга инвестициялар киритиш, маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича инновацион инфратузилма ишлаб чиқилди.

    Президентимиз раҳбарлигида 2021 йил 16 июнь куни олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселекторда институт ва университетларнинг ҳар бир мутахассислик кафедралари ҳузурида илмий тадқиқот марказларини ташкил этиш, уларнинг ўзига даромад топиш учун зарур шароитлар яратиб бериш вазифаси юклатилди.

    Бугун институтимизда илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган 19 та марказ фаолият кўрсатмоқда. Тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қурилиш материаллари аккредитацияси, медиа ҳамда АКТ инкубация марказлари, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси шулар жумласидан. Яна бир эътиборли жиҳати, фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида хорижий тажрибани қўллаган ҳолда 14 та спин-офф корхонаси очилди.

    Марказлар халқаро ва миллий меҳнат бозорларига рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлашга йўналтирилган. Шунингдек, Япониянинг Willtec компанияси билан биргаликда халқаро миқёсда қурилиш соҳасида мақсадли кадрлар тайёрлаш учун “Япон тили ва япон технологиялари” маркази ҳам ташкил этилган.

    Долзарб муаммоларга илмий ечим

    Сейсмик хавфсизликни таъминлашнинг янги усулларини жорий қилиш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш, кучли зилзилаларни прогноз қилиш ва уларга тайёргарлик кўришнинг замонавий тизимини амалиётга татбиқ этиш бутун дунёдаги энг долзарб масалалардан бири.

    Бу борада институтнинг қурилиш факультети профессор-ўқитувчилари томонидан тизимли ишлар қилинмоқда. Қурилиш соҳасида янгича ғояга эга бўлган билимли ва малакали, инновацион тараққиёт талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган замонавий мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2022 йил бошида “FERPI HITECH ENGINEER” унитар корхонаси, қурилиш синов лабораторияси, геолаборатория ҳамда Геотопографик лойиҳалаш илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш учун институтнинг инновацион жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 844 миллион сўм йўналтирилди. Дунёдаги долзарб муаммоларга илмий ечим топишнинг экотизими ҳам айнан шу унитар корхона орқали амалга оширилмоқда.

    Мазкур корхонада 51 та иш ўрни яратилган. Бугун бу ерда 25 профессор-ўқитувчи, 10 докторант, 4 магистр ва 12 талаба фаолият юритмоқда. Шунингдек, 35 дан ортиқ талаба ҳамда магистр ва докторант тадқиқот ишлари билан банд. Қурилиш синов лабораториясида эса талабалар ўнлаб йўналишларда илмий тадқиқотлар билан машғул. Бино ва иншоотлар конструкциялари зилзилабардошлигини баҳолаш ўқув-илмий лабораторияси учун жами 33 номдаги лаборатория жиҳозлари рўйхати тузилди. Мазкур жиҳозлар асосида 50 дан ортиқ лаборатория иши шакллантирилиб, ўқув дастурларига киритишга келишиб олинди. Ушбу лабораториянинг харид қилиниши бино ва иншоотлар зилзилабардошлигини баҳолаш бўйича синов натижалари самарадорлигини оширади ҳамда сейсмик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлайди.

    Кичик ГЭСнинг катта ишлари

    Истиқболли субъектлардан яна бири “FerPI GidroProj” марказидир. Ушбу муассаса 2021 йили Андижон вилоятининг Марҳамат туманидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона каналида микроГЭС қуришни лойиҳалаштирди. Умумий қиймати 1 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширишни “FARPI-INNO” спин-офф корхонаси ўз зиммасига олди. Ҳозир қуввати 50 кВтгача бўлган экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарувчи микроГЭСнинг илк намунаси Ўзбекистонда биринчи бўлиб Марҳамат туманининг “Роҳат” МФЙ ҳудудида қурилиб ишга туширилди.

    Бугун у маҳалладаги 240 хонадонни электр энергияси билан таъминламоқда. Айни дамда дастлабки ишлаб чиқарилган 30 миллион сўмлик электр энергияси Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотилди. Марказ томонидан “Аҳолини арзон ва муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида Жанубий Фарғона каналининг Қува тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида чархпалак типидаги микроГЭС-200кВт–ҚУВА–1” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, пойдевор қўйиш якунланди. Бу орқали йилига 43200 кВт/соат электр токи ишлаб чиқарилади. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 369 миллион сўм.

    Олтиариқ туманида Малайзия инвестицияси ҳисобига қуввати 150 кВт бўлган микроГЭСни лойиҳалаш тугатилиб, қурилиш бошланмоқда.

    Сўх дарёсининг Ўзбекистон туманидан оқиб ўтувчи қисмида гидроагрегат типидаги микроГЭСлар каскади қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳар бири 200 кВт қувватга эга 6 та микроГЭСни ўз ичига олган, қиймати 6,2 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа туфайли йилига 345600 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Сўх дарёсининг Сўх тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида ҳам 8 та микроГЭСни бирлаштирган каскад тизими яратиш таклиф этилмоқда.

    Ҳозир марказнинг Европа Иттифоқи томонидан эълон қилинган “Sustainable, secure and competitive energy supply (HORIZON-CL5-2022-D3-03)” халқаро грант лойиҳасида “Марказий Осиёда кичик гидроэнергетика тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” мавзусидаги лойиҳада иштирок этиш учун топширган аризаси маъқулланган. Умумий қиймати 4,5 миллион еврога тенг лойиҳа минтақа мамлакатларидаги мавжуд ГЭСларда (намуна тариқасида биттадан танлаб олинади) автоматик бошқарув тизимини жорий этишга қаратилган. Фарғона политехника институти унинг минтақа бўйича координатори этиб белгиланган.

    Хорижий корхоналар билан ҳамкорлик

    Қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш, “яшил” энергетикани ривожлантириш мақсадида Шимолий Хитой технология университети билан қўшма марказ ташкил этиш режалаштирилган. Марказда энергетика факультетида таҳсил олувчи талабаларимиз халқаро стандартлар асосида билим ва кўникмаларга эга бўлиш билан бир қаторда хориж тажрибаларини ҳам ўрганади. Икки томонлама самарали музокаралар натижасида таълим муассасамиз профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари томонидан тақдим этиладиган лойиҳаларга Шимолий Хитой технология университети томонидан йилига умумий қиймати бир миллион юангача бўлган миқдорда инвестиция ажратилиши белгиланди. Бу эса институт олимларининг халқаро миқёсдаги лойиҳаларда иштирок этишини таъминлаб беради.

    Таълим муассасамиз Беларусь миллий техника университети ва унинг ҳузуридаги Политехник илмий-технологик парки билан ҳамкорликда остеосинтез, суяк ва тизза бўғимлари учун юқори технологик имплантлар ва эндопротезлар яратиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк очишни режалаштирмоқда.

    Амалиёт, тадқиқот ва даромад

    Институт илмий тадқиқот, ўқув ишлаб чиқариш комплексини ташкил этиш ва унинг моддий-техник базасини бойитиш, замонавий ўқув лаборатория хоналарини барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш ишларини амалга оширди. 2021/2022 ўқув йилида механика-машинасозлик факультети ҳузурида илмий тадқиқот, ўқув ишлаб чиқариш комплекси ташкил этилди. Комплексда компьютер симуляцияси, интеллектуал асбобларга асосланган автоматлаштиришни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология муаммоларини, шунингдек, таълим, фан ва ишлаб чиқаришда реинжинирингни ривожлантириш, газлантиришга асосланган инновацион қуйиш технологиясини жорий қилиш ва металл маҳсулотлар ишлаб чиқариш марказлари иш бошлади.

    Ҳозирги кунда комплекс таркибидаги марказларда 40 дан зиёд докторант ва мустақил тадқиқотчи, 20 дан зиёд магистр илмий изланишлар қилиб, 1 нафар техника фанлари доктори, 3 нафар техника фанлари бўйича фалсафа доктори илмий диссертация ишлари мувафаққиятли бажарилди.

    Бакалавриат таълим йўналишининг 240 талабаси ишлаб чиқариш ҳамда малакавий амалиётлар ўтамоқда. Тадқиқотчиларнинг илмий ишлари самараси ўлароқ Интеллектуал мулк агентлигидан 20 дан ортиқ дастурий таъминот гувоҳномаси олинди.

    Фарғона политехника институти таъсисчилигида ташкил этилган “FERPI MECH-TECHNO” унитар корхонаси томонидан ҳудудлардаги йирик саноат корхоналарининг ишлаб чиқаришдаги муаммоларини аниқлаш, деталларни ишлаб чиқаришда газлантиришга асосланган инновацион қуйиш технологиясини жорий қилиш ҳамда металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида амалий ишлар қилиняпти. Корхонада технологик жиҳатдан мураккаб бўлган 28 турдаги машинасозлик деталларини ишлаб чиқариш имкониятлари яратилди.

    Мураккаб юзали деталларга ишлов бериш ва нотехнологик деталлар тайёрлашда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари, ҳудудларда металл импортини камайтиришга йўналтирилган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тадбиркорлик субъектларига лойиҳалашдаги муаммоларни ечишга ёрдамлашиш каби йўналишларда изчил ишлар бажарилмоқда.

    Илм-фан амалиёт билан уйғунлашсагина кутилган самарани бера бошлайди. Илғор халқаро тажрибалардан нафақат хабардор бўлиб бориш, балки уларни пухта ўрганиш ҳам муҳим эҳтиёж ҳисобланади. Бунинг учун эса катта платформа керак. Фарғона политехника институти айни шу масъулиятли вазифани муваффақиятли уддаламоқда.

    Ўктам САЛОМОВ,
    техника фанлари доктори,
    профессор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates