“Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани имплементация қилишга кўмаклашиш”

    Халқаро ҳамкорлик 14 декабр 2023 694

    Жорий йил 14-декабрда Тошкент шаҳрида худди шу мавзуга бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Халқаро миграция ташкилотининг мамлакатимиздаги миссияси ҳисобланади.

    Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли давлат муассасалари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди. Тадбирда, шунингдек, Халқаро миграция ташкилотининг Бош қароргоҳи (Женева, Швейцария), Минтақавий офиси (Вена, Австрия), Миграция маълумотларини таҳлил қилиш глобал маркази, ушбу халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ваколатхоналари ходимлари ҳамда экспертлари иштирок этди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси, мазкур халқаро ташкилотнинг Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги миссиялари раҳбари Зейнал Гаджиев давра суҳбати иштирокчиларини қутлар экан, бугунги кунда миграция ва мигрантлар барча давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида сезиларли мавқега эгалигига эътиборни қаратди.

    Шу сабабли халқаро ҳамжамият 2018-йилда Марокаш шаҳрида “Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартнома”ни маъқуллади. Ўз навбатида, Ўзбекистонда мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўналишида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик ва механизмларни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга ошириб келиняпти.

    Мамлакатда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мунтазам такомиллаштириб келиняпти.

    Халқаро давра суҳбатида минтақавий ва миллий экспертлар ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини атрофлича таҳлил қилдилар. Жумладан, Глобал шартноманинг БМТ асосий ҳужжатлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқлиги алоҳида қайд этилди.

    Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган муҳокамаларда Женевада жойлашган Халқаро ҳуқуқ институти (Швейцария) аъзоси, Лондондаги “Кинг Коллеж” университети (Буюк Британия) ҳамда Таллин университети (Эстония) фахрий профессори Рейн Мюллерсон, Халқаро миграция ташкилотининг Венадаги минтақавий офиси ходими Лоран Симон Ван Аш, Халқаро миграция ташкилотининг Миграция тўғрисидаги глобал шартнома бўйича эксперт-маслаҳатчиси Элмира Хисамутдинова, БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари, Россия Халқлар дўстлиги университети “Халқаро ҳуқуқ” кафедраси мудири, Москва давлат халқаро муносабатлар институти профессори Аслан Абашидзе ва бошқа экспертларнинг маърузалари тингланди.

    Давра суҳбати доирасида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграциянинг миллий тизимини ривожлантириш бўйича Озарбайжоннинг амалий тажрибаси ўрганилди.

    Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида миграция масалалари бўйича мулоқот ва тажриба алмашинувига кўмаклашиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди

    Ушбу минтақавий дастурни бажаришда Халқаро миграция ташкилоти Марказий Осиё давлатларининг тегишли вазирлик ва идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилмоқда. Дастурнинг асосий йўналиши –Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномада белгиланган мақсадларига эришиш учун минтақа мамлакатлари салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан иборат.

    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

    Миллий марказининг матбуот хизмати.