ОКМК ва Европа компаниялари ўртасида қиймати 1450,2 миллион евродан зиёд ҳужжатлар тўплами имзоланди

    Ёшлик-1 конининг композит ва шиша толали маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Fiberpipe” компанияси билан ишлаб чиқариш қуввати барпо этилади.

    Тараққиёт стратегиясида мавжуд захира ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда 2026 йилга бориб аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6, саноат маҳсулоти ҳажмини 1,4 баробар ошириш вазифаси қўйилган. Бунга эса, аввало, драйвер соҳаларда, “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали эришиш мумкин. Мисол учун, мис саноати кластерини ташкил этиш билан мис ва ундан бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 3 карра кўпайтириш режалаштирилган.

    Ўзбекистоннинг ушбу соҳадан олган даромади айни пайтда 2,8 миллиард долларни ташкил этади. 2026 йилга бориб мис ишлаб чиқариш 400 минг тоннагача оширилиб, турдош тармоқларни ҳисобга олган ҳолда 8 миллиард долларга етказилади. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, 2030 йилга бориб дунё миқёсида транспорт воситалари, маиший техника ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқаришнинг ўсиши туфайли мисга талаб 40 фоиз ошади. Бу мамлакатимиз мис саноатининг истиқболи янада порлоқ эканини кўрсатади.

    Президентимиз ташаббуси билан Олмалиқ кон металлургия комбинатида Ёшлик-1 конини ўзлаштириш ишлари жадал олиб бориляпти. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳаларнинг умумий қиймати 15 миллиард долларга тенг. 3, кейинчалик 4 ва 5-мис бойитиш фабрикаларини, шунингдек, янги металлургия мажмуасини барпо этиш унинг узвий давоми ҳисобланади.

    Мазкур мегалойиҳаларни амалга оширишда металлургия ва нодир металларни қайта ишлаш соҳасида дунёда нуфузга эга компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, уларнинг инвестиция ва технологияларини жалб этиш муҳим ўрин тутади. Бу жиҳатдан германиялик ҳамкорлар билан турли йўналишларда алоқаларимиз кенгайиб бораётганини мисол сифатида келтириш мумкин.

    Хусусан, “Ёшлик-1» конини ўзлаштириш” инвестиция лойиҳаси доирасида марказий таъмирлаш механика заводига Германиядан Gleason P2000 ва Gleason P8000 тишли фрезер ускуналари олиб келиниб ўрнатилди. Рух заводида 6-сульфат кислотаси цехини қуриш бўйича “Metso:Outotec” компанияси билан ишлар бошлаб юборилди.

    “Falk-Porsche-Technik GmbH” компанияси билан ҳамкорликда Чирчиқ шаҳрида “Deutsche IT-AGMK” қўшма корхонаси ташкил этилди. Унда мис кукуни, мис ва мис қотишмасидан катанка, кимёвий чидамли баклар, рухланган симлар ва геокомпозит полимер қувур каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ушбу мақсадларда 32 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда қиймати 3 миллион долларлик дастлабки лойиҳа ишга туширилди ва 25 та янги иш ўрни яратилди.

    Қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси комбинатнинг нафақат ишлаб чиқариш қувватларини бир неча баробар оширади, балки мис саноати кластери, кимё, машинасозлик, электротехника ҳамда автомобилсозлик тармоқларини ривожланишига бевосита хизмат қилади. Хусусан, фабрика ишга тушганда зарур бўладиган 24 турдаги кимёвий реагент ва бошқа материалларни ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга туртки беради.

    Президентимизнинг Германияга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес форумда саноат кооперациясини ривожлантириш ва технологик шерикликни кенгайтириш бўйича 9 миллиард евролик савдо, молия ва инвестиция битимлари имзоланди. Улар орасида металлургия, тоғ-кон, электротехника саноати ва бошқа йўналишлардаги йирик лойиҳалар муҳим аҳамият касб этади.

    Ушбу форумда Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти ҳамда Европанинг йирик компаниялари вакиллари ўртасида қатор музокаралар ўтказилди. Хусусан, ОКМК ва жаҳоннинг йирик “KfW IPEX” банки ўртасида 1,4 миллиард еврога тенг келишувга эришилди. Мазкур келишувга биноан, Марказий Осиёда янги бўлган мис эритиш заводи қурилиши молиялаштирилади. Ҳозир базавий лойиҳани ишлаб чиқиш ишлари якунланмоқда. Шунингдек, банк томонидан ўз маблағлари ҳисобига дуал таълимни молиялаштириш истаги билдирилди.

    Дунёдаги йирик металлургия компанияларидан бири ҳисобланган “Aurubis AG” ва ОКМК ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув имзоланганди. Энди ушбу компания ходимларни тайёрлаш бўйича тренинг маркази намунаси асосида комбинат мутахассисларини аттестациядан ўтказиш ва малакасини ошириш тренинг маркази ташкил этилади.

    Янги мис эритиш заводи учун “Falk-Porsche-Technik GmbH” компанияси билан электролиз ванналар, кислотага чидамли сиғимлар ҳамда юқори технологияли жиҳозларни ишлаб чиқариш бўйича имзоланган келишувга асосан, 24 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади. Бундан ташқари, 50 минг тонна мис маҳсулотлари ишлаб чиқариш ташкил этилади. Унинг доирасида 450 миллион доллардан ортиқ экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилади ва Европа бозорларида сотилади.

    Юқори вольтли электр двигателлари ва генераторлар ишлаб чиқарадиган “Menzel” компанияси билан қўшма корхона, электр двигателлар ишлаб чиқариш бўйича трансфер заводи ва сервис маркази ташкил этишга келишилди. Янги ишлаб чиқариш қувватларининг дастлабки қиймати 15 миллион еврога баҳоланмоқда. Шунингдек, Ёшлик-1 конининг композит ва шиша толали маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Fiberpipe” компанияси билан ишлаб чиқариш қуввати барпо этилади. ABM компанияси иштирокида ташкил этилган қўшма корхонада йилига 15 миллион евро миқдорида дастгоҳлар ишлаб чиқарилади.

    “GP Günter Papenburg AG” компанияси билан комбинатнинг мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Европа мамлакатлари таълим муассасаларида ўқитиш бўйича келишув эса истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади. Унинг узвий давоми сифатида Фрейберг техника университети кончилик академияси билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

    Умуман олганда, мамлакатимизда инвесторларга яратилган шароитлар натижасида ушбу ташриф давомида ОКМК ва Европа компаниялари ўртасида қиймати 1450,2 миллион евродан зиёд ҳужжатлар тўплами имзоланди.

    – Хорижий инвестор Ўзбекистон деганда, биринчи навбатда, барқарорлик, ишончлилик ва келажак учун хотиржамликни кўз олдига келтириши лозим, – деди Президентимиз Германияга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда. – Германиялик ҳар бир тадбиркор мамлакатимизда ўзини эркин ва дадил ҳис этиши учун барча шароитларни яратишга тайёрмиз. Германиянинг илғор ишланмалари ва инновацион технологияларини Ўзбекистоннинг ресурслари ва инсон салоҳияти билан бирлаштирсак, катта натижаларга эриша оламиз.

    Ҳақиқатан шундай. Айни пайтда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва имзоланган шартномалар Олмалиқ кон-металлургия комбинати Германия бизнеси учун мамлакатимизда самарали ва ишончли маконлардан бири эканини амалда исботлаб турибди.

    Абдулла Ҳурсанов,

    “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ

    бошқаруви раиси, сенатор

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates